Дастлабки маълумотларга кўра, воқеа жорий йилнинг 11 ноябрь куни содир бўлган. Марказнинг хўжалик бекаси М.А. эрталаб соат 07:20 да ишга келиб, йўлак деворларида оёқ изларини кўрган. Шундан сўнг ушбу ҳолатга сабабчи бўлган болалар деворларни тозалаш ишларига жалб қилинган.
Маълум қилинишича, Республика болалар тиббий реабилитация маркази жорий йил март ойидан ўз фаолиятини бошлаган. Муассаса 18 ёшгача бўлган беморларга асаб тизими, ортопедия, нафас йўллари ҳамда ошқозон-ичак касалликлари бўйича реабилитация хизматларини кўрсатишга ихтисослашган.
Марказнинг ички тартибига мувофиқ, бемор болалар учун ҳар куни эрталаб ювинтириш, тана ҳароратини ўлчаш ва бошқа зарур тиббий муолажалар ўтказилади.
Болалар омбудсмани маълумотига кўра, мазкур ҳолат назоратга олинган. Омбудсманнинг Тошкент вилоятидаги минтақавий вакили жойига чиққан ҳолда болаларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари бузилган-бузилмаганини ўрганмоқда.
Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тузилган ишчи гуруҳ воқеанинг барча тафсилотлари ва бунга йўл қўйган масъул ходимларнинг хатти-ҳаракатларини текширмоқда.
Вазирлик маълум қилишича, ўрганиш натижаларига кўра, ушбу ҳолатга йўл қўйган ходимларга нисбатан белгиланган тартибда тегишли чоралар кўрилади.
Болалар омбудсмани ҳам ҳолат юзасидан кузатувни давом эттириши ва қўшимча маълумот тақдим этиши билдирилган.