Бу ҳақда Бош прокуратура маълум қилди.

Қайд этилишича, фаолият кўрсатмаётган 7 720 та тадбиркорлик субъектининг фаолияти тикланиши ва 8 568 та янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилиши ҳисобига 20 мингга яқин иш ўрни яратилди. Бундан ташқари, 3 мингдан ортиқ иш ўрни йўқотилишининг олди олинди.

Тадбиркорларнинг муаммоларини жойида аниқлаш ва ҳал этиш мақсадида 1 703 та сайёр қабул, давра суҳбати ҳамда онлайн тўғридан-тўғри мулоқот ўтказилди. Уларда 12 мингдан ортиқ юридик шахс вакиллари қабул қилиниб, 5 мингдан ортиқ мурожаат ҳал этилди.

Назорат тадбирлари давомида тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашув ва бюрократик тўсқинлик билан боғлиқ 8 мингга яқин ҳолат аниқланиб, бартараф этилди. Натижада 4 560 нафар тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.

Шу билан бирга, соҳадаги тизимли муаммоларни бартараф этиш бўйича 40 га яқин таклиф ишлаб чиқилди.

Таъкидланганидек, тадбиркорликни ривожлантириш, тадбиркорларнинг ишончли ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш ва қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг амалда тўлиқ ва сўзсиз ижросини таъминлаш устувор вазифалардан бири ҳисобланади.