Болаликдан “ер юзининг сайқали” деб эшитганимиз Самарқандга кўп марта борганман. Шунга қарамай, ҳозир ҳам бирор жойга томошага бориш режаси тузилганда, албатта, Самарқанд бу рўйхатга киради. Менимча, кўпчиликда шундай бўлса керак.
Сабаби, Самарқандда сир кўп, синоат кўп, қанча
кўрсанг, яна шунча сирлигича қоладиган қадамжолар кўп. Қолаверса, янгиланган
қиёфаси – таърифу тавсифларга сиғмаётган Имом Бухорий мажмуаси каби муқаддас манзиллар
ўн, юз марталаб зиёратга арзийди.
Турли сабаблар билан анчадан бери Самарқандга
бормагандим. Лекин рангли-безакли “Самарқандим” журнали чиқаётганидан, унда
қизиқ-қизиқ тарихий маълумотлар, мақолалар чоп этилаётганидан хабардор эдим.
Таниқли журналист, журнал бош муҳаррири Фаррух Ҳамроевнинг ҳиммати билан менга
ҳам бу журнал етиб келди.
“Самарқандим”нинг 2025 йил 4-сони – ҳам
замонавий, ҳам тарихий ҳаётимиз акси.
Ўзбекистон – Япония алоқаларига бағишланган
бош мақолада келтирилишича, бугунги кунда ўзбекистонлик 2,5 мингдан зиёд талаба
Японияда таҳсил оляпти, 400 дан ошиқ талаба JDS стипендиясини қўлга киритган. JDS
ўзбекистонлик мутахассислар учун Япониянинг нуфузли университетларида
магистрлик ва докторантура босқичларида таҳсил олиш имкониятини берувчи грант
дастур ҳисобланади.
Ўтган аср бошида жадид боболаримиз ташаббуси
билан туркистонлик 70 нафар ёш Германияга ўқишга юборилгани ҳақида биламиз.
Фитрат бошлиқ зиёлилар ўша йигит-қизларнинг миллатни уйғотувчи кучга айланишини
орзу қилганди. Бугун ўша орзудаги ёшларнинг 30-40 баробари Японияда – дунёни
ақлу тафаккури билан лол қолдирган мамлакатда ўқияпти! Демак, эртанги кундан
умид қилишга ҳақлимизми? Ҳақлимиз!
Таниқли адиб, журналист Хуршид Дўстмуҳаммадга
академик Восил Қобулов билан суҳбат тайёрлаш топшириғи берилади. Аммо
академикнинг бўш вақти топилавермайди. Шунда Хуршид ака “суҳбат”нинг саволини
ҳам, жавобини ҳам ўзи тайёрлаб, академикнинг олдига боради. “Ёздим... Вақтингиз
бўлмагани учун”, дейди. Домла эса икки қўллаб қоғозларни қўлига қайтариб
тутқазади: “Буни сиз ёзмадингиз, мен кўрмадим. Қайтиб ҳеч қачон бундай иш
қилманг”.
Хуршид Дўстмуҳаммад турли андишалар таъсирида
бу хотирани эсламай ўтса ҳам биров адибдан домангир бўлмасди. Бироқ унда
муаллифнинг журналхонга қадрли самимияти йўқолиб қоларди. Биз Хуршид
Дўстмуҳаммадни ростгўйлиги учун ҳам ҳурмат қиламиз... Демак, зиёлиларимиз
қилвир бўлмагани бизга сабоқми? Сабоқ!
Самарқанддаги табаррук масканлар, хусусан,
Имом Мотуридий мақбарасига бормаган киши бўлмаса керак. Зиёрат чоғи нималар
ўтмаган хаёлдан. Бироқ туркиялик шоир Аҳмет Кўсаўғлининг мана бу кайфияти менга
бошқача таъсир қилди: “Ҳазрат Мотуридийнинг ҳузурида чегаралардан, тиллардан ва
вақтдан ташқарида инсон бўлиш шарафини чуқур ҳис қилдик”.
Чиндан ҳам, энг катта муаммо ана шу асосий
мақомни – инсон бўлиш шарафини унутганликда эмасми? Рангимиз оқдир, қорадир,
миллатимиз, бўйимиз, динимиз турли-тумандир, бироқ энг биринчи галдаги
сифатимиз инсонлик эмасми? Инсонлик шарафи билан сийламаганми эди Яратган
бизни?!
Журналда ислом оламидаги энг мўътабар уч
қабристондан бири – Самарқандда жойлашган Чокардиза, ундан яна бир улуғимиз
Бурҳониддий Марғиноний қабрининг топилиш тарихи, Алишер Навоий ҳаётининг
Самарқанд даври, улуғ Темурнинг улуғвор тахти – кўктош ўтмиши ҳақида ҳам
батафсил ҳикоя қилинганки, ҳаммаси ҳақида ёзаверсам, замонавий тил билан
айтганда, дисклеймер бўлиб қолади.
Тағин бир жиҳатни эслаб ўтай. Журналдаги суратларнинг
ўзи алоҳида гапиришга арзийди. Одатда рангли-безакли журналда суратларга кўп
ўрин берилади. “Самарқандим”да ҳам мамлакат раҳбарияти, давлат ва жамоат
арбоблари, олимлар, адиблар, зиёлиларнинг суратлари кўп. Аҳамиятли жиҳати
шундаки, баъзида битта сурат саҳифа-саҳифа матндан кўпроқ сўзлайди.
“Самарқандим”, “Самарқандим” деяпман-у, сиз
ҳам сезяпсизми ўзи, ўзбек матбуотида бир янгиланиш кезяпти. Бир муддат
“Жаннатмакон” журналида ишлаганман. Журналхонлардан рангли-безакли жиҳати бир
тараф, расмий ва норасмий қолипларга сиғмайроқ бериладиган мазмуни бир тарафлиги
ҳақида кўп эшитганман. Ўша вақтлар бундай журнал кўп эмасди, эҳтимол
“Жаннатмакон”нинг “рақобатчиси” йўқлиги ҳам унинг сифатлари бўртиброқ кўринишига
сабаб бўлгандир.
Албатта, мустақиллик йилларида ўзбек матбуоти
оғир синовларга дуч келди. Сабаб ва оқибат занжиридир балки, бу даврда – “Тафаккур”,
“Шарқ юлдузи”, “Ёшлик”, кейинроқ улар сафига қўшилган “Маънавий ҳаёт” журналларининг,
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Ҳуррият” каби газеталарнинг, ҳарчанд қийин
бўлмасин, мунтазамликни ҳам, сифатни ҳам сақлаб қолгани бобидаги жасоратига
заррача тил теккизмаган ҳолда айтиш мумкинки – ўзбек матбуоти майдони
камбағаллашиб қолгандай таассурот берарди. Бир замонлар жамиятнинг тафаккурини олмосдай
чархлаган, ўрни келганда миллатнинг қалб кўзини очган, юз минглаб ададли “Гулистон”,
“Фан ва турмуш” каби фикр минбарларининг довруғи бамисоли эртакка айланганди.
Шу сабабли ҳам бу майдонда охирги йилларда
“Ватан”, “Самарқандим”, йўналишини буткул кенгайтириб, том маънода тилга тушган
“Тил ва адабиёт таълими” сингари кўркам-кўркам журналлар пайдо бўлгани кишини
қувонтиради. Ҳолбуки, тармоқ нашри бўлган ушбу журнал ўзининг анънавий йўлида
кетаверганида ҳам биров бир нарса демас, дейишга ҳақли ҳам эмасди! Бироқ
таҳририят “камбағаллашиб қолган майдон”ни тўлдиришга ўзини бурчли деб билди...
Тўғри, интернет асри, ҳа, кўпчилик электрон
шаклларда ўқишга иштиёқманд. Тушунаман мен
ҳам бу жиҳатларни. Айни пайтда газета, айниқса, журналда эълон қилинган
мақолалар – радио ва телевидение, веб сайтлар, “Телеграм” ва “Ютуб” каби каналлар,
ижтимоий тармоқ саҳифаларида басма-басига чиқаётган материаллардан фарқли
ўлароқ – кўпроқ умр кўраётгандай. Чунки кўриш, эшитиш, ўқиш қанча осон бўлса,
шунча тез эсдан чиқаркан. Эътибор қилинг, ўзимиз ҳам кунига ижтимоий
тармоқларда қанчалаб постлар ўқиймиз, аммо оқшомда уларнинг қарийб ҳеч бири
хаёлда қолмайди. Ҳолбуки, журналда қизиқарли битта мақола ўқисангиз, у ё анча
вақт хаёлингизда айланади, ёки нимадир ёзиш ва ўқишга туртки беради.
Гапдан гап чиқади деганларидай, “Самарқандим”
қаторида “Шаҳрисабз”, “Бухоро”, “Хива”, “Қўқон”... каби номлар билан аталган, ҳам
умумий ҳаётимиз, ҳам бу машҳур шаҳарлар тарихию бугунига бағишланган журналлар
чиқарилса... қандай зўр иш бўларди! Зотан, санаб ўтилган ва саналмаган
тарихий-маданий манзилларимиз қанчадан қанча мақолаларга манба бўлишга,
ўзлигимизни теранроқ англашимизга ҳисса қўшишга арзийди. Буни исботлаш учун
Шаҳрисабз, Бухоро, Хива, Қўқон ва бошқа жойлардаги журналистларнинг,
муҳаррирларнинг жонбозлиги керак.
Хуллас, анчадан бери
Самарқандга оёғим етмаганди, аммо бугун қошимга “Самарқандим” келди...
Отабек
САФАРОВ,
журналист