Бу ҳақда "Ўзбекистон 24"да лавҳа берилди.

Қайд этилишича, Персеидлар Свифт–Таттл кометасидан қолган чанг ва майда заррачалар Ер атмосферасига юқори тезликда кириб, қизиб ёниши натижасида пайдо бўладиган ёруғ метеор изларидир. Ер ҳар йили мазкур комета қолдирган заррачалар оқими орқали ўтгани учун август ойида Персеидлар кузатилади. Свифт–Таттл кометаси Қуёшга охирги марта 1992 йилда энг яқинлашган.

Ушбу астрономик ҳодисани кузатиш учун телескоп шарт эмас. Шаҳар чироқларидан узоқ, осмон очиқ кўринадиган жойда оддий кўз билан ҳам метеорларни кўриш мумкин. Энг яхши кузатув шароити тун ярмидан кейин, айниқса тонгга яқин юзага келади. Қоронғи осмон шароитида соатига тахминан 25 та метеорни кўриш мумкин, айрим қулай шароитларда бу кўрсаткич анча юқори бўлиши мумкин.

Персеидлар метеор оқими 2026 йилда 24 августга қадар фаол бўлади, бироқ унинг энг юқори фаоллик даври 12 августдан 13 августга ўтар кечага тўғри келади.

Бугун яна бир астрономик ҳодиса кузатилади. 12 август куни тўлиқ Қуёш тутилиши ҳам содир бўлади. Бу ҳодиса Ой Қуёш ва Ер орасидан ўтиб, Қуёш дискни тўлиқ қоплаганида юзага келади. Тўлиқ Қуёш тутилиши йўли Гренландия, Исландия ва Испаниянинг айрим ҳудудларидан ўтади.

Шу тариқа, 12 август куни кундузи Қуёш тутилиши, кечаси эса Персеидлар метеор оқимининг энг фаол даври кузатувчилар эътиборида бўлади.