Бухоро асрлар давомида илм-фан, маданият ва ҳунармандчилик маркази бўлиб келган. Бугун аждодларимиздан мерос бунёдкорлик анъаналари замонавий ишлаб чиқариш, тадбиркорлик ва туризм ривожида давом этмоқда.

Давлатимиз раҳбари сўнгги тўққиз йилда вилоятга 9,5 миллиард долларлик хорижий инвестиция жалб қилиниб, 6 мингдан ортиқ янги ишлаб чиқариш қуввати ва 120 мингта доимий иш ўрни яратилганини қайд этди. Бу натижалар одамларнинг бандлиги ва даромади ошиши, маҳаллий корхоналарнинг янги бозорларга чиқишида ўз ифодасини топмоқда.

– Бугунги Бухоро буюк тарихдан янги тараққиёт ва муҳташам лойиҳалар даврига шиддат билан юзланмоқда, – деди Президентимиз.

Нефть-кимё, тўқимачилик, қурилиш материаллари, машинасозлик, энергетика, тоғ-кон саноати, фармацевтика, рақамли технологиялар, логистика, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, уй-жой қурилиши, инфратузилма, хизмат кўрсатиш ва туризм соҳаларида умумий қиймати 7,8 миллиард доллар бўлган 145 та лойиҳадан иборат дастур шакллантирилган. Шундан 654 миллион долларлик 55 та лойиҳа ишга туширилмоқда, қиймати 7,1 миллиард доллар бўлган яна 90 тасининг қурилиши бошланмоқда.

Лойиҳаларда АҚШ, Канада, Германия, Япония, Жанубий Корея, Сингапур, Хитой, Вьетнам, Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия Арабистони, Россия ва Ҳиндистон инвесторлари, Осиё тараққиёт банки, Осиё инфратузилма инвестициялари банки ҳамда маҳаллий тадбиркорлар иштирок этмоқда.

Уларнинг амалга оширилиши натижасида 14 мингдан ортиқ иш ўрни яратилиши, йилига 22 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиши ва 510 миллион долларлик экспорт имконияти пайдо бўлиши кутилмоқда.

– Мақсадимиз битта – импорт ўрнини босадиган ва ташқи бозорларда талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқариш, – деди давлатимиз раҳбари.

Вилоятда энергетика соҳасида ҳам йирик қувватлар барпо этилмоқда. Сўнгги йилларда “яшил” энергетикага 2 миллиард доллар жалб қилиниб, 1 минг мегаватт шамол ва 750 мегаватт қуёш электр станциялари, шунингдек, 63 мегаваттли энергия сақлаш тизимлари ишга туширилди. 601 километр магистрал электр тармоғи тортилди.

Ғиждувонда “ACWA” компанияси билан 300 мегаваттли “Бош-2” шамол электр станцияси, Жондорда “Toyota Corporation” ва Пешкуда “Sinoma” компаниялари иштирокида умумий қуввати 1 минг мегаватт бўлган шамол электр станцияларининг қурилиши давом этмоқда. Хитойлик ҳамкорлар билан Когон туманида маиший чиқиндилардан электр энергияси олишга қаратилган 165 миллион долларлик лойиҳани амалга ошириш, Германиянинг “Leman” компанияси билан эса “Аму-Бухоро” канали насос станцияларининг барқарор ишлашини таъминлаш бўйича 150 миллион долларлик лойиҳани йўлга қўйиш режалаштирилган.

Вилоятнинг пахтачиликдаги тажрибасига таянган ҳолда замонавий тўқимачилик кластерлари ривожлантирилмоқда. Бухоро шаҳрида “Kurt Baver” бренди остида йилига 62 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқарадиган тўқимачилик комплекси барпо этилади. Ромитанда хитойлик инвесторлар иштирокида қиймати 400 миллион доллар бўлган пахта-тўқимачилик кластери ташкил этилмоқда. Ушбу лойиҳалар доирасида 9 минг гектар ерни ўзлаштириш ташаббуси ҳам илгари сурилган. Натижада юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар улушини 65 фоизга етказиш ва қўшимча 100 миллион долларлик экспорт имкониятини яратиш кўзда тутилган.

Туризм Бухоро тараққиётининг яна бир муҳим йўналишидир.

– Қадимий обидалар, маданий мерос ва замонавий инфратузилма уйғунлиги Бухорони сайёҳларнинг севимли масканига айлантиряпти. Бугунги тадбиримиз ўтаётган, янгидан барпо этилаётган Бухоро туризм маркази ана шу эзгу мақсадга хизмат қилади, – деди давлатимиз раҳбари.

Марказда “Боқий Бухоро” маданий-этнографик парки, кўргазмалар зали, замонавий меҳмонхоналар, маданий ва кўнгилочар масканлар барпо этилади. Шунингдек, Бухоро шаҳрида “Indigo”, “Holiday Inn” ва “Hilton” халқаро брендлари остида меҳмонхоналар ташкил этиш режалаштирилган.

– Умуман, Бухорода қиймати 3 миллиард долларлик 19 та йирик лойиҳани бошлаймиз. Агар бу ишларни тизимли ташкил қилсак, биргина Бухоронинг ўзида бемалол 5 миллиард долларлик туризм хизматлари экспортини таъминлаймиз, – деди Президентимиз.

Келгуси беш йилда Бухоро вилояти аҳолисини тўлиқ ичимлик суви билан, йирик шаҳарлар ва туман марказларини эса канализация тармоғи билан таъминлаш мақсад қилинган. Халқаро ҳамкорлар билан умумий қиймати 633 миллион доллар бўлган иккита йирик лойиҳа бошланган. Уларнинг ҳисобига 2 миллион нафар аҳолининг сув таъминоти яхшиланади, 781 минг нафар аҳоли илк бор ичимлик сувига эга бўлади.

Шунингдек, вилоятнинг транзит салоҳиятини уч карра оширишга қаратилган, қиймати 565 миллион доллар бўлган еттита йўл лойиҳаси амалга оширилади.

Президентимиз рамзий тугмани босиб, янги объектларни ишга туширди ва истиқболли лойиҳалар қурилишига старт берди. Хорижлик инвесторлар билан мулоқот бўлиб ўтди.

Шу ернинг ўзида давлатимиз раҳбари Бухоро инфратузилмасини 2027 йилда ўтказилиши режалаштирилган саммитларга пухта тайёрлаш юзасидан мутасаддиларнинг ахборотларини тинглади ва тегишли топшириқлар берди.