Бухоро вилояти божхона бошқармасининг Контрабандага қарши курашиш бўлими ҳамда “Олот” чегара-божхона пости ходимлари томонидан Давлат хавфсизлик хизмати ва Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари билан ҳамкорликда ўтказилган навбатдаги тезкор тадбирда йирик миқдордаги гиёҳвандлик воситасининг мамлакатимиз ҳудуди орқали ноқонуний олиб ўтилишига барҳам берилди.
Жорий йилнинг 30 май куни “Олот” чегара-божхона пости орқали Афғонистондан Россия Федерациясига ҳаракатланаётган юк автотранспорт воситаларидан бири божхона назоратидан ўтказилди. Инспекцион кўрик мажмуаси орқали олинган тасвирларни синчковлик билан таҳлил қилган божхона ходимлари юк таркибидаги айрим шубҳали ҳолатларни ўз вақтида илғай олди.
Тиркамадаги 18,6 тонна қадоқланган ўрик қоқиларининг рентген тасвирлари чуқур таҳлил қилинганда, айрим қутилар ичида ноодатий жисмлар мавжудлиги аниқланди. Шундан сўнг юк белгиланган тартибда ва холислар иштирокида батафсил кўздан кечирилди.
Текширув жараёнида 13 та қоғоз қутидаги ўрик қоқилари орасига ташқи кўриниши жиҳатидан айнан ўрик қоқисига ўхшатиб тайёрланган ва маҳсулотларга аралаштириб яширилган гиёҳвандлик моддалари борлиги фош этилди.
Эксперт-криминалистика хулосасига кўра, мазкур моддалар умумий оғирлиги салкам 13 килограмм бўлган “героин” гиёҳвандлик воситаси экани маълум бўлди.
Божхоначилар томонидан тўхтатиб қолинган салкам 13 килограмм героиннинг дунё қора бозорларидаги қиймати 1,5 миллион долларгача баҳоланмоқда. Бу эса минглаб дозадаги гиёҳвандлик воситасининг яширин муомалага кириб бориши ва кўплаб ёшларни заҳарлаб, жиноят оламига етаклашининг олди олинганини англатади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида республикамиз боожхоначилари 363 та ҳолатда 1,7 тоннага яқин гиёҳвандлик воситаларининг божхона чегаралари орқали ноқонуний равишда олиб ўтилиши ва ички ҳудуддаги яширин айланмасига чек қўйишган. Олиб қўйилган наркотик моддалар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 461 килограммга кўпайган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилди.