Давлат хавфсизлик хизмати Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят ИИББ ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида Чирчиқ шаҳрида фаолият юритган уюшган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди.
Аниқланишича, гуруҳга 2004 йилда туғилган, муқаддам ўғрилик жинояти учун судланган, таэквондо билан шуғулланган ва «Ўғри» лақаби билан танилган шахс раҳбарлик қилган.
Тезкор тадбирда гуруҳ раҳбари ва унинг «Бўри», «Саман», «Абу», «Тош» ҳамда «Баклан» лақаблари билан танилган беш нафар шериги қўлга олинди. Уларнинг айримлари ҳам муқаддам турли жиноятлар учун судланган.
Қўлга олиш жараёнида гуруҳ раҳбарининг ёнидан 1,8 грамм гашиш гиёҳвандлик воситаси аниқланди.
Эътиборлиси, гумонланувчиларнинг мобиль телефонлари текширилганда, фуқароларни калтаклаш ва уларни ўзбошимчалик билан жазолаш — «самосуд» ҳолатлари акс этган видеолар ҳам топилди. Ушбу материаллар процессуал тартибда расмийлаштирилди.
Ҳолат юзасидан гуруҳ аъзоларига нисбатан Жиноят кодексининг 112 ва 277-моддалари, гуруҳ раҳбарига эса қўшимча равишда 276-моддаси билан жиноят иши қўзғатилди. Барча гумонланувчилар қамоққа олинди.
Мазкур тезкор тадбир республика бўйлаб ўтказилаётган «Хавфсиз ва соғлом юрт» кенг қамровли профилактик тадбирларининг учинчи босқичи доирасида амалга оширилди.