Соҳадаги ишларни танқидий таҳлил қилиб, мавжуд муаммолар ва устувор вазифалар кўриб чиқилди.

Рақамли муҳит шиддат билан ўзгараётган бугунги кунда ахборот хизматларидан тезкорлик, ташаббускорлик ва юқори касбий масъулият талаб этилади. Жамоатчилик учун муҳим ахборотни ўз вақтида, аниқ ва тушунарли етказиш, эҳтимолий инқирозли вазиятларга олдиндан тайёр бўлиш, ОАВ билан конструктив ҳамкорлик қилиш ҳамда ахборот очиқлиги ва хавфсизлиги ўртасида мувозанатни таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Ахборот хизматлари фаолияти бўйича таҳлилий ўрганиш натижалари кўриб чиқилди. Журналистлар ва жамоатчилик билан очиқ мулоқот қилиш асосий вазифа, бу ишнинг сифати эса фаолият самарадорлигининг бош мезони экани таъкидланди. Муҳокама якунида таклифларни умумлаштириб, уларни амалга ошириш бўйича аниқ чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқишга келишиб олинди.

Эртага семинарда сунъий интеллектдан оқилона ва самарали фойдаланиш, рақамли воситалар ёрдамида контент тайёрлаш, ахборотни таҳлил қилиш ва коммуникация жараёнларини такомиллаштиришга бағишланган тақдимотлар бўлиб ўтади. Мақсад – ахборот хизматларининг билим ва тажрибасини бойитиш, жамоатчилик билан очиқ, ишончли ва самарали мулоқотни йўлга қўйишдир.