Вилоят ИИБ маълумотига кўра, 1986 йилда туғилган икки нафар аёл Денов тумани ИИБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилган. Улардан бири ўзининг 10 миллион сўм қарзи бўлишига қарамасдан, қарз берувчи ундан 128 миллион сўм талаб қилаётганини билдирган. Иккинчи аризачи эса 50 миллион сўм қарзи учун 140 миллион сўм талаб қилинаётганини маълум қилган.

Мурожаатчиларнинг таъкидлашича, қарз берувчи пулни ундириш мақсадида Денов туманида яшовчи эркакни ёллаган. У эса талаб қилинган маблағ берилмаган тақдирда қарздорларнинг ҳаётига таҳдид қилган.

Мазкур мурожаат асосида жорий йилнинг 15 май куни тезкор тадбир ўтказилган. Тадбир давомида гумонланувчилар олдиндан тил бириктириб, товламачилик йўли билан 20 миллион сўм пулни олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Денов тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 165-моддаси 1-қисми (товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилган. Дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ички ишлар органлари фуқароларни товламачилик ҳолатларига дуч келган тақдирда зудлик билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишга чақирди.