Бу жараён муҳандис-техник кадрларга бўлган эҳтиёжни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқмоқда. Айниқса, тоғ-кон металлургия саноатида кенг кўламли инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилаётгани мазкур эҳтиёжнинг ортиб боришига замин бўлаяпти.
2026 йил 16 март куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олмалиқ шаҳрига ташрифи доирасида саноат соҳасидаги ислоҳотларнинг амалий натижалари намоён бўлди. Жумладан, Олмалиқ кон-металлургия комбинатида 3-мис бойитиш фабрикасининг ишга туширилиши мамлакат саноат салоҳиятини янада юксалтиришга хизмат қилувчи муҳим стратегик лойиҳа сифатида баҳоланмоқда.
Бундай йирик саноат объектларининг ишга туширилиши иқтисодий ўсишни таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли фаровонлигини оширишда муҳим омил ҳисобланади. Замонавий мажмуа ишга туширилиши натижасида мис концентрати ишлаб чиқариш ҳажми кунлик 2 400 тоннадан 5 000 тоннага етказилади, 6 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилади. Энг муҳими, ишлаб чиқариш жараёнларига АҚШ, Германия, Россия, Хитой ва Финляндиянинг илғор технологиялари жорий қилиниб, улар тўлиқ рақамлаштирилиб, сунъий интеллект асосида бошқариладиган тизимга уланмоқда.
“Ёшлик-1” ва “Қалмоққир” конларидаги йирик хом ашё захираларидан самарали фойдаланиш, илғор технологияларни жорий этиш ҳамда ишлаб чиқариш жараёнларини рақамлаштириш соҳада юқори малакали муҳандис кадрларга бўлган талабни янада кучайтирмоқда. Бу эса таълим тизимини ишлаб чиқариш билан узвий боғлаш заруратини келтириб чиқаради. Шу нуқтаи назардан, дуал таълим тизими — назарий билимлар ва амалий кўникмалар интеграциясига асосланган замонавий таълим модели ҳисобланади.
Унда таълим жараёни таълим муассасалари ва ишлаб чиқариш корхоналари ўртасидаги ҳамкорлик орқали ташкил этилиб, талабаларнинг касбий компетенцияларини шакллантиришга қаратилган. Мазкур ёндашувнинг асосий хусусияти талабаларнинг ўқиш жараёнида бир вақтнинг ўзида ҳам назарий тайёргарлик, ҳам амалий тажриба орттиришидир. Бу эса уларнинг билимларини мустаҳкамлаш, касбий фаолиятга тайёргарлик даражасини ошириш ва меҳнат бозори талабларига мослашувини таъминлайди.
Олмалиқ давлат техника институтида таълим жараёни дуал таълим тамойиллари асосида ташкил этилган бўлиб, ўқув юкламасининг 40 фоизи назарий, 60 фоизи эса амалий машғулотларга ажратилган. Бу эса талабаларга бевосита ишлаб чиқариш муҳитида билим ва кўникмаларни мустаҳкамлаш имконини яратади. Айни пайтда 200 га яқин талаба дуал таълим дастурлари доирасида саноат корхоналарида амалий тайёргарликдан ўтмоқда.
Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг Мис эритиш заводи, Қалмоққир кон бошқармаси, 2-Мис бойитиш фабрикаси, Марказий таъмирлаш механика заводи, Саноат сув таъминоти бошқармаси, Энергия таъмирлаш цехи, Марказий аналитик лабораторияси корхоналарида металлургия, кончилик иши, кончилик электр механикаси, машинасозлик технологияси, машинасозлик ишлаб чиқаришни жиҳозлаш ва автоматлаштириш, технологик машиналар ва жиҳозлар, электр техникаси, электр механикаси ва электр технологиялари ҳамда электр энергетикаси, кимёвий технология каби йўналишларда дуал таълим дастурлари асосида амалий машғулотлар олиб борилаяпти.
2025 йил 8 сентябрдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Олмалиқ давлат техника институтини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-279-сонли Қарорининг 5-бандида Институт мутахассислик кафедралари филиалларининг фаолиятини “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖ корхоналарида самарали ташкил этиш вазифаси белгилаб қўйилган. Институтнинг ишлаб чиқариш билан интеграцияси институционал даражада мустаҳкамланган.
Йирик саноат корхоналарида кафедра филиалларининг ташкил этилгани таълим жараёнини бевосита ишлаб чиқариш ҳудудида амалга ошириш имконини бермоқда. Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг Қалмоққир кон бошқармаси, Мис эритиш заводи, 2-Мис бойитиш фабрикаси, Муҳандислик мактаби, Марказий таъмирлаш механика заводи, Электр тармоқлари бошқармаси каби корхоналарида ҳамда “Ангрен кўмир” акциядорлик жамияти, “Ангрен шаҳар электр тармоқлари” акциядорлик жамияти, “Маҳмуд технолог” масъулияти чекланган жамияти, “Manokip заводи” масъулияти чекланган жамияти ҳамда Оҳангарон ГЭС каби йирик ишлаб чиқариш корхоналарида институт мутахассислик кафедраларининг 17 та филиаллари ташкил этилган.
Бу эса талабаларнинг реал технологик жараёнларда иштирок этиши, назарий билимларни амалий мустаҳкамлаши, ишлаб чиқариш интизоми, жамоада ишлаш ва касбий масъулият каби муҳим компетенцияларни шакллантиришига хизмат қилмоқда. Шу билан бирга, корхона мутахассисларининг таълим жараёнига фаол жалб этилиши ҳамда ўқув дастурларининг ишлаб чиқариш эҳтиёжларига мувофиқ равишда мунтазам такомиллаштирилиши таълим сифатини оширишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Натижада битирувчиларнинг меҳнат бозоридаги рақобатбардошлиги сезиларли даражада ортиб бормоқда.
Дуал таълим тизими замонавий саноат тараққиёти талабларига тўлиқ жавоб берадиган, амалий кўникмаларга эга ва рақобатбардош муҳандис кадрлар тайёрлашнинг самарали механизми ҳисобланади. Бу тизимни янада ривожлантириш, таълим ва ишлаб чиқариш ўртасидаги интеграцияни чуқурлаштириш орқали мамлакат индустриал салоҳиятини мустаҳкамлашга эришамиз.
Ўткир Халикулов,
Олмалиқ давлат техника институти ректори,
техника фанлари доктори