Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 6 ноябрдаги 610-сон қарори билан ташқи иқтисодий фаолиятда маҳсулотлар экспорти ва импортини миқдорий чекловлар орқали тартибга солиш тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Ҳужжатга мувофиқ, экспорт ва импорт квоталарини жорий этиш, тақсимлаш, маъмурий бошқариш ҳамда улар бўйича маълумотларни тақдим этиш механизми белгиланди.
Янги тартибга кўра, квоталарни тақсимлашнинг қуйидаги усуллари жорий этилмоқда:
«Аралаш тақсимот» — квотанинг 50 фоизи мурожаатлар келиб тушиш навбатига қараб, қолган 50 фоизи эса аввалги даврдаги экспорт ёки импорт кўрсаткичлари асосида анъанавий экспортёр ва импортёрлар ўртасида тақсимланади.
«Биринчи келган — биринчи олади» — квота божхона юк декларациялари Божхона қўмитасининг Ягона автоматлаштирилган ахборот тизими томонидан қабул қилинган календарь кунлар хронологик кетма-кетлиги асосида ажратилади.
Квоталарни тақсимлашда барча талабгорларнинг тенг ҳуқуқлилиги таъминланади. Бунда мулкчилик шакли ва давлат рўйхатидан ўтган жойидан қатъи назар, тадбиркорлик субъектларига нисбатан камситишга йўл қўйилмайди.
Миқдорий чекловларни жорий этиш бўйича таклифлар кўриб чиқилаётганда Божхона қўмитаси тегишли маҳсулотларнинг экспорт ва импорт ҳажмлари тўғрисидаги батафсил маълумотларни масъул органга тақдим этади.
Шунингдек, миқдорий чекловларни жорий этиш тўғрисида қарор қабул қилинганидан кейин бу ҳақдаги маълумотлар уч иш куни ичида Қўмитанинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.
«Биринчи келган — биринчи олади» тамойили асосида тақсимланадиган квоталар бўйича фойдаланилган ҳажм, жорий резерв, эркин қолдиқ ҳамда божхона юк декларациялари навбатига оид умумлаштирилган маълумотлар Ягона автоматлаштирилган ахборот тизимида реал вақт режимида шакллантирилади.
Бунда тижорат сирини ташкил этувчи маълумотлар ошкор қилинмайди.
Яна бир муҳим жиҳат: миқдорий чекловлар уларни жорий этишга асос бўлган ҳолатлар давом этган муддатдагина амал қилади. Зарур ҳолларда чекловларнинг мақсадга мувофиқлиги ва мутаносиблиги қайта кўриб чиқилади.
Қарор Ўзбекистон Республикаси Жаҳон савдо ташкилотига расман аъзо бўлган санадан бошлаб кучга киради.