Энергетика вазирлиги "Электромобилларни қувватлантириш инфратузилмасини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги лойиҳани жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилди.

Унга кўра, 2030 йил 1 майдан 31 декабрга қадар электромобилларни зарядлаш шохобчаларида истеъмол қилинган 1 кВт/соат электр энергиясининг 300 сўмдан ошган қисмини Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаш таклиф этилмоқда.

"Агар II гуруҳ истеъмолчилари учун тариф 1000 сўм/кВт·соат даражасида қабул қилинса, субсидия миқдори 700 сўм/кВт·соатни ташкил этади. Шундан келиб чиқиб, Давлат бюджети ҳисобидан қопланадиган харажатлар ҳажми 2026 йилда (тўлиқ йил ҳисобида) 246 млрд сўм, 2030 йилга бориб эса 819 млрд сўм миқдорида прогноз қилинмоқда," - дейилади тушунтириш хатида.

Шу билан бирга, субсидиялаш механизми 2026 йил 1 майдан жорий этилиши кўзда тутилганлигини инобатга олган ҳолда, 2026 йилда бюджетнинг ҳақиқий харажатлари 8 ойга мутаносиб равишда ҳисоблаб чиқилади ва тахминан 164 миллиард сўмни ташкил этади.

Ушбу субсидиялар жисмоний шахсларнинг жами даромадига киритилмайди. Тўловлар солиқ органлари томонидан ҳар ойда Солиқ мобил иловаси орқали фуқароларнинг банк карталарига амалга оширилади.

Жорий йилда электр энергияси қийматининг бир қисмини қоплаш харажатлари иккинчи чорак якунлари бўйича Давлат бюджетининг даромадлар қисмини ошириб бажариш ҳисобидан молиялаштирилади. Кейинги йилларда тегишли маблағлар Давлат бюджети тўғрисидаги қонунларда назарда тутилади.

Ушбу харажатлар ўрта муддатли истиқболда электромобилларни зарядлаш инфратузилмасидан фойдаланишни рағбатлантириш, транспорт соҳасида энергия ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва углеводород ёқилғисига бўлган талабни камайтириш орқали ижобий иқтисодий самара бериши кутилмоқда.

Лойиҳа муҳокамаси 17 майга қадар давом этади.