Фарғона вилоятининг Бувайда туманида Давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси ҳамда Ички ишлар органлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда «МарғилонБувайда» йўналишида ҳаракатланаётган «Cobalt» русумли автомашина тўхтатилди.

Транспорт воситаси холислар иштирокида кўздан кечирилганда, унда йўловчи сифатида кетаётган Қўштепа туманида яшовчи шахснинг ёнидан 1 килограмм 187 грамм «гашиш» гиёҳвандлик воситаси топилиб, ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинди.

Яна бир тезкор тадбир Хоразм вилоятида ўтказилди. Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар ва Божхона органлари ҳамкорлигида Урганч шаҳрида амалга оширилган тадбир давомида 1995 йилда туғилган, муқаддам судланган шахснинг ёнидан ҳамда вақтинча яшаб турган хонадондан жами 620 грамм «гашиш» ва 297 грамм «мефедрон» гиёҳвандлик воситалари мусодара қилинди.

Терговга қадар аниқланишича, мазкур наркотик моддалар Россия Федерациясидан контрабанда йўли билан олиб кирилган.

Ҳар икки ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.