Фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судининг 2013 йил 29 октябрдаги суд ҳужжатига кўра, А.Ф.дан ундирувчи З.Ф. фойдасига унинг даромадларининг 1/4 қисми миқдорида алимент ундирилиши белгиланган.
Дастлаб алимент маблағлари ундириб келинган. Кейинчалик қарздор томонидан мажбуриятлар лозим даражада бажарилмаётгани аниқланган.
Шундан сўнг давлат ижрочилари қарздорнинг даромад манбалари ва молиявий имкониятларини ўрганиш мақсадида тегишли идораларга сўровлар юборган. Хусусан, солиқ органидан олинган маълумотлар асосида алимент бўйича ҳисоб-китоблар амалга оширилган.
Натижада А.Ф.нинг алимент бўйича жами қарздорлиги 752 044 654,49 сўм экани аниқланган.
Қарздор бир неча бор огоҳлантирилганига қарамай, мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган. Шу сабабли унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 47⁴-моддаси асосида тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган.
Судда иш кўриб чиқилаётган вақтда А.Ф. алимент мажбуриятини бажармасликнинг қонуний оқибатларини англаб, фарзанди таъминоти учун ҳисобланган 752 миллион сўмдан ортиқ қарздорликни тўлиқ тўлаб берган.
Шундан сўнг унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47⁴-моддаси асосида юритилган иш Кодекснинг 271-моддасига асосан тугатилган.
Алимент — оддий қарз эмас, балки фарзанднинг кундалик эҳтиёжлари, таълим-тарбияси ва муносиб ҳаёт кечириши учун зарур маблағдир. Шу боис ота-оналар фарзанди олдидаги қонуний мажбуриятларини ўз вақтида бажариши лозим.