Асрлар давомида шаклланган Ғиждувон кулолчилик мактаби табиий хомашёларга асосланган ишлаб чиқариш технологияси, ўзига хос нақш ва безак услублари билан ажралиб туради. Ушбу йўналишда 60 га яқин маҳсулот тури ҳамда 300 дан ортиқ барқарор нақш композициялари авлоддан-авлодга ўтиб келмоқда.

Кулолчилик буюмларини тайёрлашда маҳаллий соф тупроқ, рангли гиллар, табиий бўёқлар ва ишқор сиридан фойдаланилади. Шунингдек, «Меҳроби», «Паррагул», «Мадохил», «Лўндагул», «Гули бодом» ва «Лолагул» каби анъанавий нақшлар Ғиждувон кулолчилик мактабининг бетакрорлигини намоён этади.

Маълум қилинишича, уч асрлик тарихга эга Нарзуллаевлар сулоласи вакиллари ушбу анъанани бугунги кунгача давом эттириб келмоқда.

Маҳсулотнинг географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатидан ўтказилиши унинг номини, тарихий анъаналари ва тайёрлаш технологиясини ҳуқуқий ҳимоя қилиш ҳамда миллий ҳунармандчилик брендини халқаро миқёсда тарғиб этиш имкониятларини кенгайтиради.