Жорий йилги
байрамнинг «Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз» деган
бош ғояси бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг туб моҳиятини
ифода этади. Зеро, юрт тараққиёти, халқ фаровонлиги ва давлат қудрати, аввало,
халқнинг бирдамлиги, ўзаро ишончи ва ҳамжиҳатлиги билан таъминланади.
Халқ
депутатлари Беруний тумани Кенгаши депутати сифатида аҳоли билан ўтказилаётган
мулоқотлар, сайёр қабуллар ва депутатлик назорати тадбирлари давомида бир
ҳақиқатга яна бир бор амин бўлмоқдаман: ислоҳотларнинг ҳақиқий баҳоси
одамларнинг ҳаётидаги ижобий ўзгаришлар билан ўлчанади.
Бугун
мамлакатимизда хусусий мулкни ҳимоя қилиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш,
инвестицияларни жалб қилиш, янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш ва аҳоли
бандлигини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Бу эса ҳар бир ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятини юксалтириш, аҳоли даромадларини
ошириш ва турмуш фаровонлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Айниқса,
ёшлар ва хотин-қизларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш,
замонавий касб-ҳунарларни эгаллашлари учун яратилаётган имкониятлар, таълим
тизимидаги янгиланишлар ва маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш борасидаги
ишлар Янги Ўзбекистон тараққиётининг мустаҳкам асосини яратмоқда.
Депутатлик
фаолиятимизда аҳолининг мурожаатлари билан ишлаш, ҳудудлардаги муаммоларни
ўрганиш ва уларнинг ечими юзасидан амалий таклифлар киритишга алоҳида эътибор
қаратмоқдамиз. Чунки халқ ишончи - энг
катта масъулиятдир. Бу ишончга муносиб бўлиш учун ҳар бир депутат халқ
манфаатларини ҳимоя қилиши, ислоҳотларнинг жойларда тўлиқ амалга ошишини
таъминлашга ҳисса қўшиши лозим.
Мустақиллик
йилларида эришилган ютуқлар ҳар бир ватандошимизнинг меҳнати, сабр-тоқати ва
Ватанга садоқати самарасидир. Энди бу ютуқларни янада мустаҳкамлаш,
иқтисодиётимизни янги босқичга олиб чиқиш, тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли
фаровонлигини ошириш ва қонунийлик устуворлигини таъминлаш барчамизнинг умумий
вазифамиздир.
Бугун биз
бир мақсад йўлида бирлашган халқмиз. Ягона Ватанимиз равнақи, ягона халқимиз
фаровонлиги учун биргаликда ҳаракат қилсак, ҳар қандай юксак марраларга
эришамиз. Бу йўлда ҳар бир фуқаронинг фаоллиги, ташаббускорлиги ва Ватан
тақдирига дахлдорлик ҳисси ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Мустақиллигимизнинг
35 йиллиги барчамиз учун янада юксак мақсадлар сари интилиш, Янги Ўзбекистонни
янада обод ва фаровон этишга бўлган қатъиятимизни мустаҳкамлайди. «Ягона Ватан,
ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз» деган эзгу ғоя барчамизни
бирлаштирувчи куч бўлиб хизмат қилаверсин!
Мустақиллигимиз
абадий, юртимиз тинч, халқимиз фаровон бўлсин!
Рахима ЮЛДАШЕВА,
Халқ депутатлари Беруний
тумани Кенгаши депутати.