Бугун 35 йиллик зафарли довон устида туриб, давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, ҳаётбахш ҳақиқатни ҳар қачонгидан ҳам теран ҳис этамиз: “Мустақиллик — бу ўз тақдирини ўз қўлига олишга қодир, ўз тупроғи, ўз келажагига ўзи эгалик қила оладиган халқларгагина насиб этадиган улкан саодатдир”.

Аммо бу кунларга осонликча етиб келмадик. 1991 йил 31 августда мамлакатимиз нуфуси 20,6 миллион киши эди. Бугун халқимиз 38,2 миллионга етди. Аҳолининг ўртача умр кўриш давомийлиги 67,2 ёшдан 75,5 ёшга кўтарилди. Ҳозирги фаровон, озод ва эркин ҳаётнинг қадрига етмоқ, келажакни собит қадамлар билан барпо этмоқ учун яқин ўтмишга холис назар ташламоқ, бугунги кўз илғамас ўзгаришлар кўламини қалбдан ўтказмоқ зарур.

Кечаги синовлар ва армонлар

Кечаги кунини унутган миллатнинг эртаси бўлмайди. Бундан чорак аср муқаддам тўқиб чиқарилган сунъий ­чекловлар, ­сарсонгарчиликлар, миллионлаб юртдош­ларимизнинг елкасида оғир юк бўлган ­муаммолар бугун худди тушда кечгандек олисда қолди. Бироқ хотира дафтаримизни варақласак, кечагина чеккан заҳматларимиз кўз ўнгимизда жонланади.

Пойтахтда яшаб ижод қилиш, таълим олиш ёки ҳалол меҳнат қилиш учун йиллаб остонама-остона сарсон бўлиб, “доимий рўйхат”га қўйдириш имконини қидирган, ўз юртида бегонадек яшашга мажбур бўлган ватандошларимизнинг ҳолатини унутиб бўлмайди. Қўлида олий маълумотли дипломи бўлатуриб, айнан шу сунъий маъмурий тўсиқ сабабли ўз соҳасида ишлай олмаган, қанчадан-қанча орзулари сўнган ёш мутахассисларнинг армони кўнгилларни ҳануз ўртайди.

Одамлар қўлидаги пластик картада турган маошини 15-20 фоиз устама эвазига нақдлаштириш илинжида сарсон кезган, пенсия ва ойлик маошини ойлаб кутган замонлар ҳам кечагина эди. Бозорларда нақд пул тақчиллигидан қийналган, дорихоналарда чорасиз қолган юртдошларимизнинг дил оғриқлари хотирамиздан ҳали ўчгани йўқ.

Шукрки, электр энергияси, табиий газ ёки сув тўловини амалга ошириш учун тонгдан кечгача турнақатор навбатларда турилган, оддийгина маълумотнома олиш учун ўнлаб идоралар эшигида асаблар тўзиган кунлар ҳам ортда қолди.

Ҳар йили 1 август арафасида атиги 9 фоизлик тор қамров сабабли юз минглаб иқтидорли ёшларнинг университет остонасидан кўз ёш тўкиб қайтиши, тест синовларидаги адолатсизлик, яширин гуруҳлар кўмагига тая­ниш, таниш-билишчилик, порахўрлик каби иллатлар миллионлаб оилаларнинг юрак оғриғига айланган эди.

Кечагина ота-боболаримиз умр бўйи йиғиб-терганини қўлига олиб, муқаддас ҳаж зиёратини адо этиш илинжида маҳал­лама-маҳалла, идорама-идора йиллаб сарсон бўлган эди. Бир оиладан икки кишининг бирга боришига чекловлар қўйилган, йилига атиги 5-6 минг кишилик квота билан чекланган даврлар тарих саҳифаларида қолди.

Бугун давлат сиёсати марказига инсон қадри, эътиқоди ва виждон эркинлиги қўйилди. Ҳаж квотаси 15 мингтага етказилиб, инсон омили иштирокидан холи очиқ “E-navbat” тизими жорий этилди.

Умра ­сафарига чекловлар олиб ташланиб, йилига 350 мингдан зиёд ватандошимиз нафақат пойтахтдан, балки вилоятларнинг марказий шаҳарларидан тўғридан тўғри Жидда ва Мадинага парвоз қилмоқда.

Инсон қадри — олий қадрият

Ортга назар солар эканмиз, 2017 йилдан эътиборан юртимизда бошланган туб ислоҳотлар халқимизнинг хоҳиш-иродаси билан “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак” деган улуғ ғояни ҳаётий тамойилга айлантирди. Янги таҳрирдаги Конституциямизда “Инсон — жамият — давлат” устуворлиги мустаҳкамланиб, Ўзбекистон ижтимоий давлат сифатида ўз тараққиётининг янги саҳифасини очди. Бу тарихий бурилишнинг амалий ифодаси эса бугун ҳар бир юртдошимизнинг кундалик турмушида, хонадонида бўй кўрсатмоқда.

Йиллар давомида инсон қадрини чеклаб келган маъмурий тўсиқлар олиб ташланди. Доимий рўйхатга олиш тизими эркинлаштирилиб, фуқароларнинг ўз юрти ва дунё бўйлаб тўсиқсиз ҳаракатланиши таъминланди. Қўшни давлатлар билан чегаралар очилди. Валюта бозори эркинлаштирилди. Нақд пул тақчиллиги муаммоси тўлиқ бартараф этилди. Банк тизимидаги очиқлик натижасида миллий тўловларнинг катта қисми рақамлаштирилди. Юзлаб давлат хизматидан ягона электрон портал орқали уйдан чиқмай фойдаланиш имконияти яратилди.

Солиқ соҳасидаги ислоҳотлар, тадбиркорликка кенг йўл очилиши ва хорижий сармоядорлар учун яратилган қулай инвес­тиция муҳити туфайли мамлакатимизда иқтисодий эркинлик даражаси салкам 80 фоиз яхшиланди. Йиллар давомида миллатимиз шаънига соя солиб келган мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига бутунлай барҳам берилиши эса инсон қадрини юксалтириш йўлидаги энг муҳим, тарихий ғалабалардан бўлди.

Айниқса, таълим соҳасидаги янгила­нишлар навқирон авлод камолотида ҳал қилувчи омилга айланди. Илгари 29 фоизга тушиб кетган мактабгача таълим қамрови бугун 80 фоизга етказилди. Минглаб замонавий хусусий боғчалар иш бошлади. Олий таълимга қамров бир неча баробар кенгайиб, юртимизда фаолият юритаётган университетлар, жумладан, нуфузли халқаро олийгоҳлар филиаллари сони кўпайди. Илм-фан фидойиларининг нуфузли халқаро базаларда эълон қилинаётган мақолалари кўлами 100 баробар ошгани эса юртимизнинг интеллектуал салоҳияти тобора юксалиб бораётганидан далолат беради.                                              

Маърифат ва интеллектуал юксалиш — Учинчи Ренессанс пойдевори

Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Дунёда турмоқ учун дунёвий фан ва илм лозимдур. Замона илми ва фанидан бебаҳра миллат бошқаларга поймол бўлур” деган ҳикмати бугун миллий сиёсатимизнинг асосий маёғига айланган.

Президент таълим муассасалари, ихтисослаштирилган фан ва ижод мактаблари янги авлод интеллектуал элитасини камолга етказмоқда. АT парк резидентлари саъй-ҳаракати билан рақамли хизматлар экспорти қиймати 1,2 миллиард долларга яқинлашди. 150 мингдан зиёд янги иш ўрни очилди.

Давлатимиз раҳбари қайд этганидек, “Агар жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир. Биз янги Ўзбекистонни барпо этишга қарор қилган эканмиз, иккита мустаҳкам устунга таянамиз. Биринчиси — бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиёт. Иккинчиси — аждодларимизнинг бой мероси ва миллий қад­риятларга асосланган кучли маънавиятдир”.

Шундай экан, ҳар қандай буюк давлатнинг ўз руҳи бўлади. Бу руҳ, энг аввало, халқнинг ўзини ўзи англаши, тарихий хотираси ҳамда миллий қадриятларида яшайди. Мустақиллик йилларида асос солинган ­Республика Маънавият ва маърифат маркази фаолияти замон талаблари асосида такомиллашиб, бугун янги сифат босқичига кўтарилди.

Бу борадаги энг муҳим амалий қадамлардан бири сифатида марказ ҳузуридаги Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар инс­титути фаолияти йўлга қўйилди. Ушбу илмий даргоҳ жамиятдаги маънавий-маърифий жараёнларни чуқур социологик ва фалсафий тадқиқотлар асосида ўрганиб, мафкуравий тарғиботнинг илмий-методологик негизини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда барча вилоятда кўтаринки руҳда ўтказилган “Мустақиллик тўйи” фестивали юз минглаб ватандошларимизни ягона эзгу мақсад атрофида жипслаштирди. “Маърифат” тарғиботчилари жамияти аъзолари, таниқли олимлар ва ижодкор зиёлилар чекка-чекка ҳудудларда ҳам аҳоли билан самимий, юзма-юз мулоқотлар қилди. 

Дунё билан юзма-юз

Марказий Осиёда қарор топган яхши қўшничилик ва ўзаро ишонч муҳити Ўзбекистон номини халқаро майдонда тинчликпарварлик ҳамда ҳамкорлик марказига айлантирди. Тўқсондан ортиқ давлат учун визасиз режимнинг жорий этилиши юртимизга келаётган сайёҳлар оқимини кескин ошириб, миллий туризм соҳасини иқтисодиётнинг энг даромадли тармоқларидан бирига айлантирди.

Минтақавий ва глобал аҳамиятга эга улкан темир йўл ҳамда транспорт-логистика йўлаклари лойиҳаси мамлакатимизнинг транзит салоҳиятини янги босқичга олиб чиқмоқда. Туркиялик таниқли олим Камал Явуз Атаман “Мен таниган Ўзбекистон” китобида эътироф этганидек, бугунги янги Ўзбекистон бой тарихий илдизларидан куч-қувват олиб, замонавий тараққиёт билан уйғунлашган ҳолда жаҳон цивилиза­цияси марказларидан бири сифатида қайта қад ростламоқда.

Нигора ҲУСАНОВА,

Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти катта илмий ходими, фалсафа фанлари бўйича фалсафа доктори