— Янги Тошкент фақат янги уй-жой қуриладиган ҳудуд эмас, — деди Президентимиз. — Бу ер замонавий бизнес, таълим, тиббиёт, туризм ва хизмат кўрсатишни ўзига жалб этадиган мустақил иқтисодий марказга айланиши керак. Лекин ҳозиргача ажратилган ерларнинг учдан икки қисми уй-жой лойиҳаларига тўғри келмоқда.

Инвесторларга берилган 28 та лотда фаол қурилиш бошланмаган. Давлатимиз раҳбари буни сармоядорларда маблағ ёки хоҳиш йўқлиги билан изоҳлаш тўғри эмаслигини айтди. Эскича талаблар, чўзиладиган рухсат жараёнлари ва айрим идораларнинг ҳамкор ўрнига назоратчи сифатида иш тутиши лойиҳаларга тўсиқ бўлмоқда.

— Инвестор эса кутмайди. У кўмак ва кафолат сезмаса, маблағини бошқа бозорга йўналтиради, — деди мамлакатимиз етакчиси.

Шу боис, тадбиркорга ер ажратишдан тортиб, лойиҳани ишга туширишгача бўлган жараён қайта кўриб чиқилиши зарурлиги таъкидланди.

Айни пайтда Янги Тошкентда ерга талаб ортиб бормоқда. Бир гектарнинг ўртача қиймати 2024 йилда 10 миллиард сўмга етмаган бўлса, ҳозир 19 миллиард сўмга чиққан.