Бу ҳақда Миграция агентлиги ахборот хизмати маълум қилди.

Маълум қилинишича, Хорватия томони томонидан ўтказилган текширувларда виза олиш учун тақдим этилган меҳнат шартномаларининг ҳақиқий эмаслиги аниқланган. Оқибатда барча аризалар рад этилган.

Бундай ҳолатлар жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин. Ваколатли органлар алоҳида қарор қабул қилган тақдирда, фуқароларга нафақат Хорватияга, балки Шенген ҳудудига ҳам бир неча йил давомида кириш тақиқланиши эҳтимоли бор.

Огоҳлантиришда таъкидланишича, бундай фирибгарлик ҳолатлари кўпинча Telegram, Instagram ва WhatsApp орқали юбориладиган таклифлардан бошланади.

Фуқароларга хорижда тайёр иш ўрни таклиф қилиниб, жозибали ваъдалар берилади. Айрим ҳолларда эса касб ва хорижий тилни билиш талаб этилмаслиги, ишга жойлашиш осонлиги айтилмоқда.

Шунингдек, консалтинг компанияси орқали хорижга ишга кетмоқчи бўлган фуқароларга ҳам шартнома шартларини диққат билан ўрганиш тавсия этилмоқда.

Жумладан, компания билан тузиладиган шартномада айнан қандай хизматлар кўрсатилиши белгиланган бўлиши керак. Агар ҳужжатда фақат виза расмийлаштиришга кўмаклашиш назарда тутилган бўлса, бу компания иш топиб бериш мажбуриятини олганини англатмайди. Ишга жойлаштириш бўйича оғзаки ваъдалар эса шартномада акс этмаган бўлса, уларни исботлаш қийин.

Хорижий давлатда қонуний ишлаш учун тегишли рухсатнома ва ишчи виза талаб этилади. Визанинг ҳар қандай тури ҳам меҳнат фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини бермайди.

Иш жойи, маош миқдори ва меҳнат шароитлари иш берувчи билан тузилган шартномада аниқ кўрсатилиши лозим.

Шунингдек, консалтинг компаниялари хорижда ишга жойлаштириш фаолиятини ташкил этиш ҳуқуқига эга эмас. Бу билан хорижга ишга жўнатишни ташкил этиш бўйича махсус лицензияга эга хусусий бандлик агентликлари шуғулланади.

Хусусий бандлик агентликларига ҳам номзодларнинг ҳужжатларини виза учун топширишдан олдин иш берувчи билан унинг расмий алоқа каналлари орқали боғланиш ва шартноманинг ҳақиқийлигини тасдиқлаш тавсия этилмоқда.

Хорижий иш берувчининг шартномаси ҳақиқий ёки сохта эканини аниқлаш учун ҳам имконият мавжуд.

Миграция агентлиги ва ISMPD ҳамкорлигида ташкил этилган Миграция ресурс маркази фуқароларнинг меҳнат шартномаларини текшириб бериш ҳамда хавфсиз ва қонуний меҳнат миграцияси бўйича йўл-йўриқ кўрсатиш хизматини таклиф этмоқда.

Шу боис фуқароларга хорижга ишга кетиш учун бирор ташкилотга пул тўлашдан олдин ҳужжатларнинг ҳақиқийлигига ишонч ҳосил қилиш, экранда кўрсатилган телефон рақамлари орқали боғланиб, шартномани бепул текширтириш тавсия этилмоқда.

Хорижда ишлаш муҳим қарор. Уни қабул қилишдан олдин иш берувчининг кимлиги, иш жойи ва меҳнат шартларини аниқ билиш, энг аввало, ўз ҳуқуқларингизни ҳимоя қилишга хизмат қилади.