Президентимиз ижро интизомини янада мустаҳкамлаш, бу борада қатъий тартиб ўрнатиш, темир интизом, жойлардаги ҳокимлар ва ҳокимликлар масъул ходимлари дунёқарашини ўзгартиришни асосий вазифа сифатида белгилаб берди. Давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 7 апрелдаги “Сирдарё вилоятини 2026 йилда комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида ҳам алоҳида топшириқлар белгиланган.

Масъулият ва сифат

Мазкур топшириқларни ўз вақтида ва сифатли бажариш мақсадида Сирдарё вилояти ҳокимлигида ижро интизомини янада мустаҳкамлашга қаратилган тизим яратилган.

Вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликлари, республика ташкилотларининг ҳудудий бошқармаларида ижро интизомига риоя этилиши, шунингдек, Президент, Президент Администрацияси раҳбари ва Вазирлар Маҳкамаси ҳужжатлари билан ҳокимликка юклатилган топшириқлар ижроси мунтазам назорат қилинади. Бу ишлар Президентимизнинг 2021 йил 10 февралдаги “Қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ва 2025 йил 25 июлдаги “Давлат органлари ва ташкилотларда ижро интизомини янада мустаҳкамлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари ҳамда 2021 йил 31 майдаги “Ijro.gov.uz” ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизими самарали фаолият кўрсатишини таъминлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ амалга оширилмоқда.

Топшириқлар ижроси ҳафтанинг ҳар душанба кунлари ҳоким ҳузурида, жума кунлари ҳокимнинг ижро интизомига масъул биринчи ўринбосари ҳузурида, чоршанба ва шанба кунлари эса Бош вазир маслаҳатчиси ҳузурида танқидий ва таҳлилий муҳокама қилинади. Топшириқларнинг ўз муддатида, тўлиқ ва сифатли бажарилишини таъминлаш юзасидан барча зарур чоралар кўрилмоқда.

Ҳар ойда календарь-режа ҳамда “йўл харитаси” ишлаб чиқилиб, ижро учун барча даражадаги ҳокимлар ва масъул ходимларга етказиш тизими йўлга қўйилган.

Жорий йилнинг ноябрь ойигача “Ijro.gov.uz” электрон тизими орқали жами 1798 та қонунчилик ҳужжати — 4 та қонун, давлатимиз раҳбарининг 339 та фармони,

946 та қарори, 41 та фармойиши ва 468 та баёни бўйича 16 минг 493 та топшириқ келиб тушди. Шундан 15 минг 139 та топшириқнинг ижроси тўлиқ таъминланди.

Асосий мақсад — халқнинг розилиги

Вилоятда ҳар бир қарорнинг амалий натижасига алоҳида эътибор қаратилади. Бунда асосий мезон аҳоли розилиги ва ислоҳотларнинг ҳаётдаги самарасидир.

Раҳбарлардан талаб этилаётган энг муҳим жиҳат — шахсий масъулият ва ташаббускорлик. Бугунги кунда вақтни бой беришга ёки вазифаларни орқага суришга ҳеч қандай асос йўқ. Зеро, Президентимизнинг “Ислоҳотлар натижаси, аввало, энг қуйи бўғинда сезилиши керак. Содда қилиб айтганда, агар туман ёки шаҳар даражасида ўзгариш бўлмаса, ҳар қанча уринмайлик, ислоҳотларимиз кутилган натижани ­бермайди”, деган фикри ҳар бир раҳбар учун дастуруламал бўлиши лозим. Чунки халқ давлат сиёсатининг самарасини айнан ўз маҳалласида, ўз туманида ва ўз ҳаётида ҳис қилиши керак.

Маҳалла ва уй-жой

Айниқса, “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги маҳалла” мақоми берилган ҳудудларда тегишли дастур доирасидаги кенг қамровли бунёдкорлик ишлари маҳаллаларнинг ташқи қиёфаси ва инфратузилмасини тубдан ўзгартиришга хизмат қилмоқда.

Вилоятда аҳолининг уй-жойга талабини қондириш, уларни замонавий турар жойлар билан таъминлаш ва янги шаҳарсозлик муҳитини шакллантириш борасида сўнгги йилларда кенг кўламли ишлар қилинмоқда. Бу ислоҳотлар марказида, аввало, инсон қадри, оилалар фаровонлиги ва халқнинг эртанги кунга ишончи турибди.

Жорий йилда 6813 хонадонли 123 та кўп қаватли уй қуриш режалаштирилган. Шундан “Янги Ўзбекистон” ­массивларида 2023 хонадонли 22 та, шаҳар ва туманларда 4790 хонадонли 101 та кўп қаватли уйнинг қурилиши жадал суръатларда олиб борилмоқда. Бугунги кунда дастур доирасида 1117 хонадонли 24 та кўп қаватли уй фойдаланишга топширилди.

Саноат, инвестиция ва иқтисодий ўсиш

 

Вилоятда умумий майдони 196,54 гектар бўлган 19 та кичик саноат зонаси ҳамда битта эркин иқтисодий зона фаолият юритмоқда. Шунингдек, майдони 15,77 гектарни ташкил этувчи 10 та ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонаси ташкил қилинган. Бу ҳудудларда инвесторлар учун қулай шароитлар яратилгани ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.

Ушбу зоналарда 100 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда. Лойиҳаларга жами 2,4 триллион сўмдан зиёд инвестиция жалб этилгани ҳудуд иқтисодиётига ишончнинг ёрқин ифодасидир.

Инвестиция муҳитини янада яхшилаш, саноатни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш бўйича қилинаётган ишлар ўз натижасини бермоқда. Жорий йилнинг январь-ноябрь ҳолатига кўра, белгиланган экспорт прогнози 387,4 миллион долларни ташкил этиб, йил бошидан буён 344,5 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди.

Вилоят иқтисодиёти ҳам жадал суръатларда ўсмоқда. Агар 2025 йилнинг учинчи чораги якуни билан ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 24,6 триллион сўм бўлган бўлса, бугунги кунда 32,8 триллион сўмга етди. Бу иқтисодий салоҳиятимиз 1,3 баробар ошганини англатади.

Жорий йилда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмини 42,1 триллион сўмга етказиш, 25,6 минг аҳолини доимий иш билан таъминлаш ва

113 минг аҳоли даромадини оширишни режалаштирганмиз. 2025 йилнинг 9 ойида 32,1 минг киши доимий иш билан таъминланган ва 54 минг кишининг даромади оширилган. Ҳудудий инвестиция дастури доирасида 442 та янги лойиҳани амалга ошириш орқали қарийб 10,3 минг янги иш ўрни яратилади.

Қишлоқ хўжалиги

Вилоятимиз мева-сабзавотчилик соҳасида республикада етакчи ҳудудлардан бири. Шу боис, маҳсулотни қайта ишлаш, сақлаш, ­қадоқлаш ва ташқи бозорга чиқариш занжирини янада такомиллаштириш долзарб вазифа бўлиб қолмоқда.

Сирдарё вилоятида қишлоқ хўжалигини модернизациялаш, ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар бажарилмоқда. Бу соҳадаги ислоҳотлар нафақат маҳсулот ҳажмини ошириш, балки аҳоли бандлиги ва даромадларини кўпайтиришга ҳам хизмат қилмоқда.

2026 йилнинг 9 ойи якунларига кўра, қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги маҳсулотлари ҳамда хизматларининг умумий қиймати 19,1 триллион сўмдан ошди. 2027 йилда бу кўрсаткични 21,4 триллион сўмга етказиш режалаштирилган.

Пахтачилик ва ғаллачиликда ҳам юқори натижалар қайд этилмоқда. Ўтган мавсумда 450 минг тоннадан ортиқ пахта хомашёси, 708,1 минг тоннадан зиёд дон етиштирилиб, белгиланган режа тўлиқ бажарилди. Бу йил эса қабул пунктларига 229 минг тоннадан ортиқ дон етказиб бериб, белгиланган режа 107 фоиз этиб уддаланди.

Таълим ва спорт

Халқнинг келажаги мактабдан бошланади. Чунки фарзандларимизга билим ва тарбия беришнинг энг узоқ давом этадиган, керак бўлса, ҳал қилувчи босқичи мактаб таълимидир.

Шундан келиб чиққан ҳолда вилоятимизда мактабгача таълим тизими ҳам изчил ривожлантирилмоқда. Бугунги кунда вилоятда 1172 та давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилоти фаолият кўрсатмоқда. Уларда 73 минг 198 бола тарбияланмоқда. Таълим соҳасидаги энг катта ютуқлардан бири ўқувчиларимизнинг республика ва халқаро олимпиадалардаги юқори натижаларидир.

Жорий йилда 492 минг 782 киши (51 фоиз) ­оммавий спорт ҳаракатига жалб этилгани соғлом турмуш тарзини қарор топтириш борасидаги ишлар самарасини намоён этмоқда.

Йил бошидан буён ўтказилган республика мусобақаларида ­спортчиларимиз 1636 та (367 та олтин, 473 та кумуш,

796 та бронза) медални қўлга киритди. Шунингдек, жаҳон ва Осиё чемпионатлари ҳамда халқаро мусобақаларда 317 та (89 та олтин, 98 та кумуш, 130 та бронза) медалга сазовор бўлди.

Соғлиқни сақлаш

Соғлиқни сақлаш соҳасида ҳам тарихий ўзгаришлар кечмоқда. Айни даврда вилоятда 121 та бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаси — 45 та оилавий поликлиника, 65 та оилавий шифокорлик пункти ва 11 та кўп тармоқли марказий поликлиника фаолият юритмоқда. Шунингдек, битта диагностика маркази, 3 та шаҳар ва битта туман соғлиқни сақлаш бўлими, 7 та туман тиббиёт бирлашмаси ҳамда 23 та даволаш муассасаси аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатмоқда.

Давлат ва хусусий сектор ҳамкорлиги туфайли тиббий хизматлар қамрови ва сифати сезиларли даражада ошди. Кардиология йўналишида бўйин ва оёқ томирларини, буйрак ва юрак қон томирларини стентлаш, травматологияда оёқ эндопротезлаш ва тизза бўғини артроскопияси, нейрохирургияда бел умуртқаси суяги пластикаси ва бел чуррасини эндоскопик усулда олиб ташлаш амалиётлари ўтказилмоқда. Офтальмологияда фундус-камера орқали ретинопатияни эрта аниқлаш, кўз тўрпардасида лазер амалиётлари, қандли диабет билан оғриган беморларда кўз коагуляцияси йўлга қўйилган. Онкология соҳасида барча турдаги операциялар лапароскопия ёрдамида бажарилмоқда.

Бугунги ўзгаришлар асоси

Давлатимиз раҳбари раислигида 2026 йил 13 март куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида ижро интизоми масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди. Ижро интизомини кучайтиришда қатъий талаб тамойилига амал қилиниши, Президентимизнинг фармон ва қарорлари, шунингдек, жойларда берилаётган топшириқлар ижроси устидан назорат тизими тубдан қайта кўриб чиқилиши таъкидланди.

Ижро интизомининг бош мезони оддий фуқаронинг давлат идорасидан ва қабул қилинган қонунлардан розилигидир. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, интизом бор жойда барака бўлади, натижа бўлади. Ижро интизоми — бу шунчаки хизмат вазифаси эмас, балки халқ ва Президент олдидаги фарзандлик ва виждон ишидир.

Президентимиз ҳузурида 2026 йил 24 апрель куни ўтказилган йиғилишда йилнинг дастлабки уч ойидаги иқтисодий кўрсаткичлар сарҳисоб қилиниб, глобал геосиёсий ва иқтисодий тебранишлар шароитида Ўзбекистон иқтисодиётининг барқарор ўсишини таъминлаш чоралари белгилаб берилди.

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик соҳасида Сайхунобод, Уйчи ва Зарбдор тажрибалари асосида хонадонбай ишлаш, аҳолининг томорқадан даромад олишини йўлга қўйиш ҳамда ўзини ўзи банд қилган фуқароларни расмий секторга ўтказиш бўйича биринчи чоракдаги камчиликлар кўрсатиб ўтилди. Йил якунигача бажарилиши шарт бўлган мақсадли кўрсаткичлар белгилаб олинди.

Ижро интизоми янги Ўзбекистондаги кенг қамровли ислоҳотлар талаби, бугунги ўзгаришлар асосидир. Шу боис, вилоятимизда ҳар бир соҳага оид топшириқлар ижросини таъминлашда барча даражадаги раҳбар ва мутахассисларнинг билим ва кўникмаларини доимий равишда ошириб бориш, тартиб-интизомга қатъий риоя этган ҳолда шахсий масъулиятни кучайтириш устувор вазифа ҳисобланади.

Дониёр ҚОДИРОВ,

Сирдарё вилояти ҳокими

вазифасини бажарувчи