Унда Соҳибқирон даврига оид кашфиётлар ва илмий ютуқлар харитаси намойиш қилинган. Бунда ирригация-муҳандислик кашфиётлари, меъморчилик, китобат, илм-фан, ислом илмларига оид кашфиётлар алоҳида ўрин тутади.

“Вақт девори”да Амир Темур ва темурийлар даврида яратилган қўлёзмалардан олинган миниатюралар, уларда акс этган тарихий шахслар сиймосини кўриш мумкин. Шунингдек, турли экспонат, нумизматика намуналари, харита, видеоролик, интерактив ўйинлар жойлаштирилган.

Залда Шаҳрисабздаги Оқсарой, Дорус саодат, Туркистондаги Аҳмад Яссавий мақбаралари макети бор. Бронза шамдон нусхаси ҳам бир пайтлар Амир Темур буйруғига асосан табризлик уста томонидан ясалган ва Туркистондаги мақбарага ўрнатилган.

Экспозиция учун Амир Темур ва Франция қироли Карл VI ёзишмалари нусхалари тайёрланган. Маълумки, Испания элчиси Клавихо Амир Темур билан юзма-юз учрашган, эсдаликларида уни адолатли ҳукмдор, илм-маърифат ҳомийси сифатида тасвирлаган. Марказ ва WOSCU мутахассислари ҳамкорлигида ушбу эсдаликнинг совғабоп нусхаси тайёрланган.

Амир Темур секторида 1533 йилда кўчирилган ва айни пайтда АҚШнинг Балтимор университетида сақланаётган “Зафарнома” миниатюралари, “Темур тузуклари” қўлёзмасининг Санкт-Петербург Шарқ қўлёзмалари институтида сақланаётган, XVIII асрга оид факсимиле нусхалари, миниатюралар қўйилган.

“Меърожнома” асари 1434 йили эски ўзбек тилида, аммо уйғур ёзувида ёзилган. Франция Миллий кутубхонасидан ушбу қўлёзма нусхаси олинди. Шоҳрух Мирзо секторидан ушбу асарда келтирилган миниатюра ҳам ўрин олган.

Витринада Қуръони каримнинг темурий шаҳзода Иброҳим султон кўчиртирган, олтин суви билан безатилган нусхасини кўрасиз. Муқаддас китобнинг шаҳзода томонидан кўчирилган бир қанча қўлёзмалари мавжуд. Улардан бири Нью-Йоркдаги Метрополитен музейида сақланади. 2025 йил августда ушбу Қуръони каримнинг бир факсимиле нусхаси Эрондаги Остони Қудс кутубхонасидан олиб келинган.

Мирзо Улуғбек секторида сунъий интеллект асосида яратилган лойиҳа бўйича махсус экрандаги аждодимиз сиймоси билан тўрт тилда савол-жавоб қилиш мумкин. Мирзо Улуғбек залида расадхона макети ва интерактив лойиҳаси, бу ерда ишлатилган ускуналар, ушбу даврга мансуб кулолчилик буюмлари ва қўлёзмалар билан танишиш мумкин.

Хуросон секторида Россиядаги Шарқ қўлёзмалари институтида сақланадиган Ҳусайн Бойқаро девонининг факсимиле нусхаси чоп этилиб, кўргазмага қўйилган. Шунингдек, экспозицияда Алишер Навоий тасвирланган миниатюралар, шоир қўлёзмалари, чоп этилган асарлари намойиш қилинмоқда.

2022 йилда WOSCU томонидан дунёда илк бор Камолиддин Беҳзодга тегишли деб қараладиган 80 дан ортиқ миниатюра тўпланиб, “Монийни хижолатда қолдирган Беҳзод” номли китоб-альбом чоп этилди. Экспозициядан Беҳзоднинг Туркиядан топилган автопортрети, миниатюралари, қўлёзмаларининг факсимиле нусхалари ҳам ўрин олган.

Темурий маликаларга бағишланган залда уларнинг давлат бошқарувидаги мавқеи кўрсатилган. Бибихоним қиёфасини ишлашда Президентимиз тавсиясига кўра маликанинг бош кийими, кийимлари ранги, бўй-басти айнан испан элчиси Клавихо тасвирлагандек бўлишига эътибор берилди. Гавҳаршодбегим, Тегинабегим, Сароймулкхоним монологлари ҳам ташриф буюрувчиларда катта қизиқиш уйғотади.

Музейда Бобур ва бобурийлар меросига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Ўша даврга оид қўлёзмалар, қурол-аслаҳалар, шахсий буюмлар, чодир қисми, кийимлар кўрсатилган. Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг махсус экранда сунъий интеллект орқали жонлантирилган сиймоси ҳам келувчилар билан мулоқотга киришади.

Аксарият тарихчилар темурийлардан сўнг Иккинчи Ренессанс ўз якунига етган деб билади. Аммо изланишлар шайбонийлар, аштархонийлар ва бошқа сулолалар темурийлар даври маданиятини давом эттиришга ҳаракат қилганини кўрсатади. Самарқанд, Бухоро, Тошкент, Хива сингари шаҳарларда яратилган обидалар, тарихий, илмий ва адабий асарларда ҳам темурийлар маданиятига тақлид яққол сезилиб туради.

Экспозицияда ўтган асрнинг 70-йилларида турли минтақалар бўйлаб намойиш қилинган, машҳур итальян коллекционери Игназио Вокга тегишли ўзбек кашталари коллекциясини кўриш мумкин. Айни пайтда бу кашталар Ўзбекистондаги энг қадимий каштачилик намуналаридир. Бу ердан Тошкент, Шаҳрисабз, Нурота, Самарқанд каштачилик мактабининг XVIII-XIX асрларга оид тарихий дурдоналари ўрин олган.

Шунингдек, экспозицияда Махтумқули, Фузулий, Бердақ, Тоқтоғул, Абай, Аҳмад Дониш, Мирзо Жалол, Садриддин Айний, Ажиниёз сингари алломалар меросига ҳам жой ажратилган.

Давлатой МУРОДОВА,

Ўзбекистон Миллий университети талабаси