Замоннинг талаби шундай

Президентимизнинг 2026 йил 10 апрелдаги “Олий таълим, фан ва инновациялар тизимини такомиллаштиришнинг қўшимча чора-­тадбирлари тўғрисида”ги фармони олий таълим, фан ва инновация­лар тизимини ривожлантиришда мутлақо янги саҳифани очиб берди.

Моҳиятига кўра, фармон мамлакатимизнинг интеллектуал салоҳиятини шакл­лантиришга қаратилган стратегик “йўл харитаси”. Уни синчиклаб ўрганар эканмиз, фақат алоҳида чора-тадбирлар эмас, балки яхлит тизимли ёндашув, аниқ мақсад ва чуқур ўйланган истиқбол мужассам эканини кўрамиз. Ҳужжатда ифодаланган ғоя оддий эмас, билимга, илмга ва инновацияга таянган тараққиёт фалсафасидир. Бугун дунёда рақобат кучайиб бораётган бир пайт­да билим ва интеллект асосий устунлик омилига айланмоқда. Шундай шароитда мазкур фармон орқали илгари сурилаётган ёндашув мамлакатимизни айнан илм-фан ва инновациялар орқали глобал тараққиёт пойгасида муносиб ўрин эгаллашга олиб чиқадиган қатъий сиёсий ироданинг ифодаси. Яна бир жиҳати, бу ҳужжат фақат иштирокни эмас, масъулиятни ҳам талаб қилади.

“5Т” — тараққиётнинг янги формуласи

Ҳозирги глобаллашув ва кескин рақобат шароитида оддий ёндашувлар билан натижага эришиб бўлмайди. Замонавий тараққиёт мураккаб, тизимли ва чуқур ўйланган ёндашувни талаб қилади. Шу маънода, фармонда илгари сурилган “5Т” тамойили янги даврнинг аниқ амалий формуласи сифатида намоён бўлади. Бу тамойил моҳиятига эътибор берсак, у олий таълим тизимига мутлақо янгича мазмун юклайди. Энди ўқитиш жараёни фақат аудитория билан чегараланмайди, тарбия эса фақат маънавий тушунча доирасида қолмайди. Тадқиқотлар қоғозларда эмас, реал натижаларда акс этиши, илмий ишланмалар эса иқтисодий қийматга айланиши зарур. Шу боис, бугун олий таълим муассасаларига нисбатан талаб ҳам кескин ўзгариб бормоқда. Улар энди билим берувчи маскан эмас, балки янги ғоялар туғиладиган илмий макон, инновациялар шаклланадиган марказ, иқтисодий ривожланишни ҳаракатга келтирадиган кучга айланиши шарт.

Бу ўзгаришлар тасодифий эмас, балки замон талаби. Чунки бугун дунёда фақат билимга эга бўлиш етарли эмас, уни яратиш, ривожлантириш ва амалий натижага айлантириш муҳим. Албатта, бундай юксак мақсадлар ўз-ўзидан амалга ошмайди. Бу, аввало, инсон омилига — профессор-ўқитувчи ва талабага боғлиқ. Энди педагогдан илмий етакчилик, инновацион фикрлаш ва ташаббускорлик, талабадан эса изланаётган, савол бераётган, янгилик яратаётган шахс бўлиш талаб этилади. Шу маънода, “5Т” тамойили кундалик фаолият мезони, ишнинг сифат кўрсаткичи, келажакка ­масъулият ифодасидир.

Янги давр флагманлари

Замонавий глобал рақобат шароитида тараққиётнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи илм-фан ва инновациядир. Айнан шу ҳақиқатдан келиб чиқиб, фармонда белгиланган энг етакчи ўнта миллий тадқиқот университетини шакллантириш ташаббуси стратегик аҳамиятга эга. Бу ташаббусни оддий структуравий ўзгариш сифатида қабул қилиш хато. Чунки у олий таълим тизимининг ички моҳиятини тубдан ўзгартиришга қаратилган чуқур концептуал ёндашувдир. Энди университетлар билим беришдан ташқари, илмий тафаккур маркази, инновацион ғоялар инкубатори ва иқтисодий тараққиётнинг муҳим драйверига айланиши зарур. Энг илғор миллий тадқиқот университетлари ўнталигига кирувчи ОТМлар келажакни шакллантирувчи интеллектуал майдонлар бўлиши керак. Бу муассасаларда фундаментал ва амалий тадқиқотлар уйғунлашади, илмий ишланмалар ишлаб чиқариш билан интегра­циялашади. Янги технологиялар яратилиб, тижорийлаштирилади. Энг муҳими, бу университетлар мамлакатимизнинг глобал илмий майдондаги нуфузини белгиловчи асосий устунларга айланиши лозим.

Бир ҳақиқатни аниқ англаб олишимиз зарур: агар университет илмий марказга айланмаса, келажакни белгиловчи кучга ҳам айлана олмайди. Университет фақат аудитория ва диплом эмас, янги ғоя, янги тафаккур ва янги технология яратиладиган маскандир. Шу нуқтаи назардан, илмий кластерлар ташкил этилиши ҳам ниҳоятда муҳим ташаббус бўлди.

Ушбу кластерлар орқали университет, илмий марказ ва саноат ўртасида узвий алоқалар шаклланади, натижалар тезкорлик билан амалиётга жорий этилади, ёш олимлар учун янги имкониятлар очилади. Бу эса, ўз навбатида, илм-фанни қоғоздаги натижадан ҳақиқий иқтисодий кучга айлантиради.

Бугун биз тарихий имконият қаршисидамиз. Агар ушбу ташаббусларни чуқур англаб, амалий натижага айлантира олсак, миллий тадқиқот университетлари фақат мамлакатимизнинг эмас, балки минтақанинг илмий ва инновацион марказларига айланиши шубҳасиз. Акс ҳолда, энг тўғри ғоя ҳам амалиётга татбиқ этилмаса, ўз кучини йўқотади. Шу боис, бугун биздан талаб қилинадиган нарса аниқ: ташаббус, масъулият ва натижа.

Рақобат, сифат ва адолатли баҳолаш

Замонавий тараққиётнинг энг муҳим талаби адолатли баҳолаш ва соғлом рақобат муҳитидир. Қаерда адолатли мезон устувор бўлса, айнан ўша ерда сифат шакл­ланади, ривожланиш жадаллашади, ­ташаббуслар қўллаб-қувватланади. Фармонда назарда тутилган миллий рейтинг тизимининг жорий этилиши олий таълимни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқадиган муҳим омил сифатида намоён бўлади. Бу тизим ҳар бир олий таълим муассасасининг ҳақиқий салоҳияти, натижаси ва жамиятга қўшаётган ҳиссасини очиқ ва шаффоф мезонлар асосида аниқлашга хизмат қилади. Энг муҳими, бу орқали тизимда йиллар давомида шаклланиб қолган сунъий кўрсаткичлар, расмиятчилик ва формал ёндашувларга барҳам берилади. Мезон аниқ: натижа ишламаса — баҳо, сифат бўлмаса — рағбат бўлмайди. Бу оддий ибора эмас, янги бошқарув фалсафаси. Шу орқали олий таълим муассасалари фао­лиятида сифат устувор мезонга айланади. Энди фақат ҳисоботлар эмас, ҳақиқий натижалар баҳоланади. Сон эмас, мазмун муҳим бўлади. Жараён эмас, самара ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Бундай ёндашув табиий равишда соғлом рақобат муҳитини шакллантиради. Рақобат бор жойда сусткашликка ўрин йўқ, бефарқликка имкон йўқ. “Қандай бўлса, шундай” ишлашга эса мутлақо ўрин қолмайди. Албатта, бу тизим ҳар бир олий таълим муассасаси, ҳар бир раҳбар ва ҳар бир педагог олдига жиддий талаблар қўяди. Энди ҳар бир натижа асосланиши, ҳар бир кўрсаткич исботланиши, ҳар бир фаолият самара бериши шарт. Энг муҳими, бу тизим адолатни тиклайди. Чунки ҳақиқий меҳнат, ҳақиқий натижа ва ҳақиқий сифат баҳосини олади. Бу эса тизимда ишончни мустаҳкамлайди, мотивацияни оширади ва энг илғор тажрибаларни юзага чиқаради.

Илм-фан — иқтисодиёт тараққиётининг муҳим омили

Тараққиёт мезонлари тубдан ўзгараётган замонда илм-фаннинг ҳақиқий қиймати назарий янгилигида эмас, балки амалий натижасида намоён бўлади. Қайси мамлакат илмни иқтисодиёт билан уйғунлаштира олса, айнан ўша мамлакат барқарор тараққиётга эришади. Шу маънода, фармонда илмий тадқиқотларни молиялаштиришнинг мутлақо янги механизмларини жорий этиш белгилаб қўйилгани бежиз эмас. Мазкур ёндашувнинг туб моҳияти шундан иборатки, илмий фаолият энди ёпиқ тизимда эмас, балки очиқ, рақобатбардош ва натижага йўналтирилган муҳитда олиб борилади. Грантлар, танловлар, халқаро экспертиза — буларнинг барчаси илмий ғояларни саралаш, қўллаб-қувватлаш ва энг истиқболли йўналишларни ривожлантиришга хизмат қилади. Энг муҳими, фармон илм-фанга нисбатан мутлақо янги талаб қўяди: илмий ғоя, албатта, амалий натижага, инновацияга ва иқтисодий самарага айланиши шарт. Бу талаб эмас, даврнинг қатъий ҳукми.

Энди мезонлар ўзгармоқда. Илмнинг иқтисодий қиймати муҳим, назария эмас, унинг амалий татбиқи ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Бу эса илм-фанни ҳисобот учун бажариладиган фаолиятдан ҳақиқий ривож­ланиш драйверига айлантиради. Шу билан бирга, ушбу ёндашув ёш олимлар учун ҳам янги уфқларни очади. Энди ташаббускорлик, инновацион фикрлаш ва амалий натижага йўналтирилган илмий изланишлар устувор аҳамият касб этади. Илм-фан билан шуғулланиш нафақат илмий даража олиш, балки реал муаммоларни ҳал қилиш, жамиятга хизмат қилиш демакдир. Агар илм-фанни иқтисодиёт билан уйғунлаштира олсак, у мамлакатимизнинг энг катта бойлигига айланади. Илм-фан энди танлов эмас, зарурат. У иқтисодиётга хизмат қилиши, натижа бериши, келажакни яратиши шарт. Ана шундагина илм-фан ҳақиқий кучга айланади.

Глобал майдонга чиқиш — зарурат

Бугунги дунё ёпиқ тизимларни қабул қилмайди. Илм-фан ҳам, таълим ҳам энди миллий чегаралар билан чекланиб қоладиган соҳа эмас. Глобал билимлар оқими, халқаро илмий ҳамкорлик ва академик мобиллик — булар замонавий тараққиётнинг ажралмас шартига айланган. Шу маънода, фармонда олий таълим тизимини халқаро майдонга олиб чиқиш устувор вазифа сифатида белгилаб қўйилгани чуқур стратегик қарордир. Мазкур ёндашувнинг моҳияти оддий: агар биз глобал илмий ва таълим маконида фаол иштирок этмасак, тараққиёт суръатидан ортда қоламиз. Чунки билим ёпиқ муҳитда эмас, очиқ, ҳамкорликка асосланган тизимда ривожланади. “Study in Uzbekistan” платформасининг кенгайтирилиши, хорижий талабалар оқимини ошириш, нуфузли хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни чуқурлаштириш — буларнинг барчаси мамлакатимизни минтақавий ва халқаро таълим марказига айлантиришга қаратилган аниқ ва изчил қадамлардир. Бу орқали нафақат таълим сифати ошади, балки илмий мактаблар бойийди. Янги ғоялар кириб келади, тажриба алмашинуви кучаяди. Энг муҳими, халқаро интеграция ўрганиш билан бирга ўргатиш, қабул қилиш билан бирга таклиф этиш, ҳамкорлик орқали ўз салоҳиятини намоён этади. Демак, биз нафақат билим олувчи, балки билим берувчи, тажриба улашувчи давлатга айланишимиз зарур. Бу йўл осон эмас. У биздан янги билим, янги ёндашув, янги тафаккур талаб қилади. Лекин айнан шу йўл бизни глобал илмий ҳамжамиятнинг муносиб аъзосига айлантиради. Шу боис, глобал майдонга чиқиш тарихий зарурат. Тараққиёт шарти. Келажак талаби.

Рақамли трансформация: ортга йўл йўқ

Рақамли инқилоб тобора жадаллашаётган бир пайтда барчамиздан тезкорлик, аниқлик ва мутлақо янги ёндашув талаб этилмоқда. Энди тараққиёт мезони рақамлаштириш даражаси билан белгиланади. Қайси тизимда рақамли трансформация чуқур ва самарали амалга оширилса, айнан ўша тизимда устунлик бўлади. Шу боис, рақамли технологиялар ва сунъий интеллект асосида бошқарув тизимини янгилаш бугуннинг муқаррар талаби сифатида кун тартибига қатъий қў­йилмоқда. Бу жараённи оддий техник янгиланиш деб баҳолаш етарли эмас. Ушбу бошқарув фалсафаси ўзгариш, қарор қабул қилиш маданияти янгиланиши, демакдир. Рақамли трансформация орқали шаффоф­лик таъминланади. Бюрократия қисқаради. ­Инсон омилидан келиб чиқадиган хатолар камаяди. Натижада бошқарув сифати мутлақо янги даражага чиқади.

Рақамлаштириш тезлик ва аниқликни билдиради. Бугун вақт энг катта ресурсга айланган. Ким тез ишласа, ўша ютади. Ким аниқ қарор қабул қилса, ўша олдинга чиқади. Рақамли технологиялар айнан мана шу устунликни таъминлайди. Шу билан бирга, сунъий интеллектнинг жорий этилиши тизимнинг янада ақлли, мослашувчан ва прог­нозлаш қобилиятига эга бўлишини таъминлайди. Энди қарорлар фақат тажрибага эмас, балки катта маълумотлар таҳлилига, аниқ ҳисоб-китобларга асосланади. Бугун биз яна бир муҳим ҳақиқатни англашимиз керак: рақамли трансформация ҳаётий зарурат. Уни кечиктириш — ортда қолиш дегани. Шу боис, мазкур жараёнда иккиланишга ўрин йўқ.

Масъулият — энг катта синов

Ҳар қандай фармон ёки қарор, аввало, имконият. Аммо бу имкониятнинг реал натижага айланиши, жамият ҳаётидаги сезиларли ўзгаришларга олиб келиши бевосита ёндашувимиз, масъулиятимиз ва фидойилигимизга боғлиқ. Ҳақиқат шундан иборатки, энг мукаммал ҳужжат ҳам амалга оширадиган инсонсиз натижа бермайди. Энг тўғри ғоя ҳам амалиётга татбиқ этилмаса, ўз кучини йўқотади. Шунинг учун бугун биздан талаб қилинаётган нарса ички ўзгариш, тафаккур янгиланиши, ­масъулиятни чуқур ҳис қилишдир.

Мазкур фармон давлатнинг илм-фан ва таълимга юксак ишончининг яна бир ифодаси. Олдимизда турган савол оддий, лекин муҳим: биз бунга муносиб бўла оламизми? Жавобни бугунги ҳаракатларимиз беради. Чунки келажак узоқдаги мавҳум тушунча эмас. У айнан бугун қабул қилинаётган қарорлар, бажариладиган ишлар ва қўйилаётган қадамлардан бошланади.

 

Абдували ХОЛИҚОВ,

Олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлари

маркази директори, кимё фанлари доктори, профессор