Хусусан, Жиноят кодексининг 261¹-моддасига киритилаётган ўзгартиришларга кўра, транспорт воситасини маст ҳолда такроран бошқарганлик учун бир йилдан икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланмоқда. Маълумотларга кўра, бундай ҳуқуқбузарликлар сони 2024 йилда 11 994 тани, 2025 йилда эса 13 521 тани ташкил этган.
Шунингдек, вояга етмаганларга транспорт воситасини бошқаришни топширганлик учун ҳам жавобгарлик кучайтирилмоқда. 2025 йилда 14 ёш ва ундан кичик ёшдаги шахслар иштирокида 168 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.
Қонун билан Жиноят кодексига янги 261³-модда киритилмоқда. Унга кўра, бундай ҳаракат оқибатида ўртача оғир ёки оғир тан жароҳати етказилса, уч йилгача озодликдан маҳрум қилишгача бўлган жазолар қўлланиши мумкин. Агар одам ўлими ёки бошқа оғир оқибатлар юзага келса, уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилмоқда. Маъмурий тартибда эса 50 БҲМ жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ белгиланмоқда.
Тезликни оширганлик учун жарималар ҳам оширилади. Жумладан, белгиланган тезликни 40 км/соатдан ортиқ оширганлик учун 25 БҲМгача, 60 км/соатдан ортиқ оширганлик учун 45 БҲМгача жарима қўллаш таклиф этилмоқда. Тезликни 80 км/соатдан ортиқ оширганлик учун эса 65 БҲМ жарима ва транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан олти ойга маҳрум қилиш белгиланмоқда.
Қайд этилишича, 2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойида тезликни 40–60 км/соатга ошириш билан боғлиқ 19 719 та ҳолат аниқланган.
Бундан ташқари, йўл безорилиги, ноқонуний автомобиль пойгалари, хавфли манёврлар, дрифт қилиш ва ҳаракатнинг бошқа иштирокчиларига қасддан тўсқинлик қилиш учун жавобгарлик чоралари кучайтирилмоқда. 2025 йилда 604 та, 2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойида эса 572 та йўл безорилиги билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик қайд этилган.
Сенаторлар таъкидлашича, қонундан кўзланган мақсад нафақат жазоларни кучайтириш, балки хавфли қоидабузарликларнинг олдини олиш, ҳайдовчилар масъулиятини ошириш ва йўлларда инсон ҳаётини муҳофаза қилишдан иборат.
Муҳокамалардан сўнг қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.