Тез ўзгараётган дунёда илм-фаннинг қадри унинг қанчалик кўп китобларда акс этгани билан эмас, балки инсонлар ҳаётини қанчалик ижобий томонга ўзгартиргани билан ўлчанмоқда. Гап шундаки, узоқ йиллар илмий фаолият деганда фақат диссертация ҳимоя қилиш, академик унвон олиш ва кутубхоналар учун қалин жилдли китоблар ёзиш тушуниб келинди.

Натижада назария ва ҳаёт ўртасида улкан узилиш пайдо бўлди. Бироқ тарих гувоҳлик берадики, инсоният эришган энг буюк ютуқлар айнан назария ва амалиётнинг жипслашган нуқтасида туғилган. Шу сабабли бугунги давр талаби “илмий иш илмий иш учун” эмас, балки “ҳаёт учун илм” тамойилидир. Бу тамойил олимлардан билим тўплашдан ташқари жамиятнинг энг оғриқли муаммоларига реал ечим топишни талаб қилади. Илм-фаннинг амалиёт билан уйғунлиги учта муҳим йўналишда стратегик устунлик беради.

Биринчидан, ижтимоий муаммоларнинг тезкор ечими. Таълим, соғлиқни сақлаш ва экология каби соҳалардаги муаммолар фақат кабинетда ўтириб эмас, балки реал вазиятни илмий таҳлил қилиш орқали ҳал этилади.

Иккинчидан, инновация ва рақобатбардошликни юзага келтиради. Янги технологиялар ҳамда бошқарув усуллари кундалик эҳтиёжлардан келиб чиқиб яратилгандагина давлат жаҳон бозорида рақобатбардош бўла олади.

Учинчидан, ёш олимлар масъулиятини оширади. Тадқиқотчи ўз ишининг натижаси қайсидир корхона ёки соҳада қўлланишини билса, унинг жамият олдидаги масъулияти ва иштиёқи бир неча баробар ортади.

Президентимиз таъкидлаётган энг муҳим жиҳатлардан бири муаммони жойида ўрганишдир. Ҳақиқий олим — ҳаётнинг ичига кириб борган инсон. Қишлоқ хўжалиги олими далада фермер билан елкама-елка туриши, таълим соҳаси тадқиқотчиси эса мактаб партасидаги муҳитни ҳис қилиши шарт. ­Шундагина илмий иш наф келтирадиган кучга айланади.

Германия, Жанубий Корея ва Сингапур каби давлатларнинг иқтисодий мўъжизаси замирида айнан университетлар ва ишлаб чиқариш ўртасидаги мустаҳкам кўприк ётади. Уларда ҳар бир илмий ғоя бозорда ёки ижтимоий соҳада ўз аксини топмаса, у тўлиқ қийматга эга деб ҳисобланмайди. Шунинг учун бугун янги Ўзбекистонда ҳам илмий тадқиқотларни баҳолаш мезонлари тубдан ўзгармоқда. Энди асосий эътибор мақолалар сонига эмас, балки ўша тадқиқотнинг амалий аҳамиятига қаратилмоқда. Давлат томонидан яратилаётган инновацион марказлар, стартаплар ва илмий грантлар айнан илмни ҳаётга яқинлаштиришга хизмат қилмоқда. Илм эса жамиятни ҳаракатга келтирувчи куч. Агар у амалиётдан узилса, ўз моҳиятини йўқотади.

Инсоният тарихида илм-фан ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк муҳаддис Имом Бухорийнинг илмий меросида марказий ўринлардан бирини илм ва амал уйғунлиги ғояси эгаллайди. Бугунги кунда “илм ҳаёт учун хизмат қилиши керак” деган тамойил айнан Имом Бухорийнинг бундан ўн бир аср олдин илгари сурган таълимотлари билан ҳамоҳангдир. Имом Бухорий ўзининг шоҳ асари бўлмиш “Саҳиҳул Бухорий”да алоҳида бир бобни “Илм сўз ва амалдан олдиндир” деб номлаган. Бу нафақат диний, балки дунёвий тараққиётнинг ҳам олтин қоидасидир. У зотнинг фикрича, илмсиз амал — хато. Тўғри билимга таянмаган ҳар қандай ҳаракат адашишга ёки самарасиз натижага олиб келади. Амалсиз илм — самарасиз. Илм инсоннинг зеҳнида ёки қоғозда қолиб кетса, у худди мева бермайдиган дарахт каби фойдасиз. Инсон, аввало, тўғри илмга эга бўлиши, сўнгра мана шу илм асосида сўзлаши ва иш тутиши лозим. Бу жамиятда тартибсизлик ва юзакиликнинг олдини олувчи асосий омилдир.

Имом Бухорий таълимотига кўра, ҳақиқий олим фақат кўп маълумот тўплаган шахс эмас, балки билганига амал қилган инсондир. Илм инсоннинг ахлоқини тарбиялаши, унинг ички дунёсини ўзгартириши керак. Агар илм амалга айланмаса, у шунчаки маълумотлар тўплами бўлиб қолаверади ва унинг жамиятга таъсири сезилмайди. Бу ғоя бугунги кун олимлари, раҳбарлари ва тадқиқотчилари учун жуда катта масъулият юклайди. Ҳар бир илмий изланишнинг ортида инсоният манфаати ва амалий фойда бўлиши шарт. Бугунги шиддатли тараққиёт даврида Имом Бухорийнинг илм ва амал ҳақидаги қарашлари янгича мазмун касб этмоқда. Энг аввало, бугунги дунёда фақат билиш етарли эмас, билимни иқтисодиётга, ишлаб чиқаришга ва ижтимоий фаровонликка айлантириш — давр талаби.

Ҳаёт бошқарувида ҳам раҳбарлардан муаммога илмий ёндашув билан қарашни тақозо этаётир. Замонавий дунёда бошқарув санъати шунчаки интуиция ёки тажрибага таянишдан чекинмоқда. Бугунги кун раҳбаридан қатъиятдан ташқари  муаммонинг ички моҳиятини илмий асосда англаш салоҳияти талаб этилмоқда. Замонавий бошқарув назариясида “илмий-амалий синтез” деб аталувчи концепция — раҳбарнинг илмий таҳлил ва эмпирик (ҳаётий) тажрибани бир нуқтада бирлаштира олиши самарадорликнинг бош мезонига айланди. Илмий ёндашув муаммони далиллар билан текшириш ва тизимли хулоса чиқаришни ўргатади.

Илмий салоҳият ва амалий иштирокнинг уйғунлиги раҳбарга тизимни “ичидан” ­кўриш имконини беради. Сингапур бош вазири Ли Куан Ю айнан шу тамойилни давлат бошқарувига олиб кирди. У ислоҳотларни фақат назарий манбалардан изламади, “жойида текшириш” орқали амалга оширди. Натижада назария ва ҳаёт ўртасидаги масофа максимал даражада қисқарди. Илмий даражага эга раҳбарларда узоқ муддатли режалаштириш ва институционал хотира кучли ривожланган бўлади.

Тадқиқот билан шуғулланган раҳбарлар янгиликка очиқ ва ижтимоий адолат масалаларида ўта сезгир бўлиши бор гап. Иқтисодчи олим, Нобель мукофоти совриндори Амартия Сен томонидан илгари сурилган “инсон капиталини ривожлантириш” назарияси ­бугунги кунда кўплаб ривожланган давлатларнинг бошқарув стратегиясига асос бўлмоқда. Унинг фикрича, давлатнинг вазифаси шунчаки ЯИМни ошириш эмас, балки инсоннинг қобилияти ва эркинликларини кенгайтиришдир.

Юртимиздаги корхоналарни илмий-инновацион ривожлантириш борасидаги сиёсат ва стратегик ташаббуслар ҳам ҳар томонлама илмий асосда ривожланишни кўзда тутади. Зеро, бугунги кунда глобал иқтисодий майдонда фақат табиий ресурсларга таянганлар эмас, балки интеллектуал салоҳият ва инновацияларни ишлаб чиқаришга интеграция қилган мамлакатлар етакчилик қила олади. Президентимиз маърузаларида қайта-қайта таъкидланадиган бош ғоя ҳам университетлар ва саноат корхоналари ўртасидаги “кўприк”ни мустаҳкамлашдир. Корхона халқаро бозорда рақобатбардош бўлиши учун у фақат арзон ишчи кучи ёки хомашёга эмас, балки билим ва инновацияларга таяниши лозим. Бу жараёнда илмий ишланмаларни тижоратлаштириш ва илмни иқтисодий қийматга айлантириш устувор вазифа этиб белгиланган. Бу борада ҳуқуқий пойдевор ­мустаҳкамланяпти. Стратегик қарорлар ва концепцияларга урғу берилмоқда. Масалан, 2018-2021 йиллар оралиғида соҳани тубдан ислоҳ қилишга қаратилган бир қатор муҳим ҳужжатлар қабул қилинган бўлса,  кейинги босқич — 2022-2026 йилларда асосий урғу “рақамли иқтисодиёт” ва “ақлли ишлаб чиқариш” тизимига ўтишга қаратилди.

Бугунги кунда ҳар бир йирик корхонада илмий тадқиқот бўлимлари ташкил этилиши давлат сиёсатининг стратегик талабига айланди. Боз устига “илмий иш — амалий натижа” тамойилига ўтилди. Илмий жамият олдига қатъий талаб қўйилди. Бу ёндашув қатор ижобий ўзгаришларни келтириб чиқарди. Илмий лойиҳаларни грант асосида молиялаштиришда уларнинг ишлаб чиқаришга жорий этилиш имконияти бош мезон этиб белгиланди. Корхоналарда инновацион муҳит яратиш учун ёш олимлар ва илмий ходимларни бевосита саноат объектларига жалб қилиш тизими йўлга қўйилди. ОТМлар ва корхоналар ўртасидаги ҳамкорлик ­шартномалари ­талабаларни амалиётга йўналтириш ва илмий ишланмаларни синовдан ўтказиш майдонига айланди. Ислоҳотлар меваси сифатида бугунги кунда бир неча муваффақиятли лойиҳаларни кўриш мумкин. Энг аввало, технологик парклар барпо этилди. Рақамли технологиялар соҳасидаги минглаб стартаплар ва экспортга йўналтирилган хизматлар экотизими яратилди. Қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологиялар, янги селекция ишлари ва агротехнологик тадқиқотлар озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилмоқда. Саноатда рақамлаштириш тизими автоматлаштирилган бошқарув ва энергия­­тежамкор тизимлар корхоналар харажатларини камайтириб, самарадорликни оширмоқда.

“Илм — инновация — ишлаб чиқариш — рақобатбардошлик” занжирли модели шаклланди. Бунда илм-фан шунчаки назарий билим эмас, балки иқтисодий ўсишни таъминловчи ва янги иш ўринлари яратувчи асосий драйвер вазифасини бажаради. Қувонарлиси, илм-фанга муносабат тубдан ўзгарди. Энди ҳар бир корхона инновацион, ҳар бир тадқиқот амалий ва ҳар бир олим жамият ривожига ҳисса қўшувчи куч бўлиши, бу стратегик зарурият ва келажак тараққиёт кафолатига айланиши керак.

Қўйилаётган талабларни амалга оширишда социология фанининг аҳамияти беқиёс. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда социология фани қайта тикланиши ва олийгоҳларда малакали социологлар тайёрлаш йўлга қўйилиши шунчаки академик ўзгариш эмас. Бу бошқарув тизимининг илмий асосга ўтаётганидан далолат.

Социологияни фақат “диагностика қиладиган фан” деб чеклаш хатодир. Чунки у нафақат жамиятни таҳлил қилади, балки уни тушунтиради, башорат қилади ва ҳатто ўзгартириш механизмларини таклиф этади. Социология жамиятдаги муаммоларни аниқлайди (ишсизлик, тенгсизлик, миграция). Сабабларини таҳлил қилиб, оқибатларини баҳолайди, ечимлар бўйича илмий таклиф беради. Шу маънода, энди социологик тадқиқотлар давлат сиёсатининг йўналишларини белгилаб берувчи асосий омил бўлиши шарт. Бу жараёндаги энг муҳим бурилиш бир марталик сўровлардан доимий мониторинг тизимига ўтишдир. Эндиликда жамиятдаги кайфият, аҳолининг давлатга ишончи қаерда ортаётгани ва қаерда заифлашаётгани мунтазам равишда таҳлил қилиб борилади. Қайси қарор халққа манфаат келтиряпти, қайсиси эса адолатсиз деб қабул қилиняпти — буларнинг барчаси рақамлар ва илмий хулосалар асосида Президентимизга тақдим этилади. Давлатимиз раҳбари топшириғига биноан, ҳудуд ва тармоқлар раҳбарлари рейтингини аниқлаш бўйича янги методология ишлаб чиқилади. Бу рейтинг ижтимоий фикр ва халқнинг реал розилигига асосланади. Раҳбарнинг фаолиятига баҳони ўша ҳудуд ёки тармоқда яшаётган ва ишлаётган одамлар беради. Бу тизим раҳбарларни “пастга тушиб”, одамлар муаммоси билан бевосита шуғулланишга мажбур қиладиган кучли механизм бўлади.

Масъулиятни ҳис қилмаган, сусткашликка йўл қўйган ва ўзгаришлар қилишни истамаган раҳбарлар бўйича очиқ, холис ва танқидий ахборотлар шакллантириб борилади. Бу “Listening State” — “Қулоқ соладиган давлат” концепциясининг энг юқори босқичи бўлиб, унда халқнинг овози қарор қабул қилувчилар учун энг олий мажбурият ҳисобланади.

Социологик тадқиқотларнинг давлат бошқарувига изчил жорий этилиши иккита стратегик мақсадга хизмат қилади.

Биринчидан, қарорлар сифати ошади. Ҳар бир фармон ёки қарор аҳоли эҳтиёжларидан келиб чиқиб қабул қилинади.

Иккинчидан, масъулият кучаяди. Раҳбарлар ўз фаолиятининг ойнаси халқнинг фикри эканини ҳис этиб ишлай бошлайди. Шундай қилиб, янги тизим Ўзбекистонда ислоҳотларнинг самарадорлигини оширишда нафақат илмий асос, балки кучли ижтимоий назорат воситаси бўлиб хизмат қилади. Халқ розилиги эндиликда фақат маънавий мақсад, балки аниқ ўлчанадиган ва ҳисоб бериладиган давлат стандартидир. Замонавий бошқарув тизимида ҳар қандай ислоҳот ёки ижтимоий лойиҳа муваффақияти унинг нечоғлиқ илмий асослангани ва жамиятдаги реал ҳолатни акс эттирганига боғлиқ.

Социологик тадқиқот қарори муайян ижтимоий муаммони илмий асосда ўрганиш, таҳлил қилиш ва амалий ечимлар ишлаб чиқиш мақсадида қабул қилинадиган ташкилий-методологик ҳужжатдир. У тадқиқотнинг муаммони қўйишдан тортиб, натижаларни ҳаётга жорий этишгача бўлган барча босқичларини аниқ белгилаб беради. Социологик тадқиқот қарорининг энг муҳим босқичи кутилган натижаларнинг амалиётга интеграциясидир. Тадқиқот натижасида ишлаб чиқилган тавсиялар давлат органларига, корхоналарга ёки қонунчилик дастурларига киритилади. Мазкур ёндашув раҳбарга муаммони “китобдан ўқиб” эмас, балки халқнинг ичига кириб, рақамлар ва жонли мулоқотлар асосида “ичидан” тушуниш имконини беради. Бу эса ижтимоий сиёсат самарадорлигини кескин оширади. Янги Ўзбекистоннинг бошқарув тизимида бундай илмий асосланган қарорлар кўпайиши жамиятдаги ҳар бир ижтимоий муаммога энг мақбул ва адолатли ечим топишнинг кафолати бўлиб хизмат қилади.

Тошпўлат МАТИБОЕВ,

социология фанлари доктори, профессор