Жорий йил 14 май куни Тошкент шаҳрида Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги эксперт, илмий, давлат ва ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида “Хитой — Марказий Осиё” инсон ҳуқуқларини ривожлантириш бўйича тўртинчи форуми бўлиб ўтади. Ушбу анжуман Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигини кенг нишонлаш учун бутун мамлакатимизда тайёргарлик кўрилаётган қизғин даврга тўғри келганида ҳам ўзига хос рамзий маъно бор.

 Аввало, мустақиллик туфайли Ўзбекистон барча давлат билан тенг ҳуқуқли ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик қилиш лаёқатига эга бўлди. Шунингдек, янги таҳрирдаги Конституциямизда мустаҳкамлаб қўйилганидек, “Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсадидир”.

Ўзбекистон ана шу конституциявий нормани рўёбга чиқариш йўлида турли нуфузли халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар билан яқин ҳамкорлик муносабатларини йўлга қўйган. Хитой Халқ Республикаси ва минтақамиз мамлакатлари билан ҳамжиҳатликда ўтказиб келинаётган “Хитой — Марказий Осиё” инсон ҳуқуқларини ривожлантириш бўйича анъанавий форуми бунга яққол амалий мисолдир.

Бу галги форум “Юқори сифатли ривожланиш орқали инсон ҳуқуқлари соҳасидаги тараққиётни биргаликда илгари суриш” мавзусига бағишланади. Айни мавзуда батафсил фикр юритишдан олдин Ўзбекистон билан Хитой ва минтақамиз мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари ҳолати ҳақида мухтасар тўхталиш ўринли деб ўйлайман.

Ўзбекистон — Хитой: инсон ҳуқуқлари соҳасида ҳамкорлик

Президентимиз таъбири билан айтганда, бугун дунё нафақат турли таҳдид ва хатарлар, балки улкан имкониятларни ҳам ўзида мужассам этган глобал ўзгаришлар даврига қадам қўйди. Бу оламшумул янгиланишлар палласи айнан Ўзбекистон — Хитой муносабатларида янги давр бошланган тарихий қулай шароитга тўғри келгани алоҳида диққатни тортади.

Гап шундаки, 2025 йил 30 август – 3 сентябрь кунлари Президентимиз расмий ташриф билан Хитойда бўлди. Давлатимиз раҳбари ушбу ташрифи доирасида, биринчидан, 31 август – 1 сентябрь кунлари Тяньцзинь шаҳрида ўтказилган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти давлат раҳбарлари кенгаши йиғилишида иштирок этди. Иккинчидан, 2 сентябрь куни Пекинда ХХР Раиси Си Цзиньпин билан юзма-юз учрашиб, стратегик шерикликни чуқурлаштириш масалаларини муҳокама қилди. Учинчидан, 3 сентябрь куни Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 80 йиллигига бағишланган тантаналарда қатнашди.

Ўз навбатида, Президентимизнинг 2024 йил январь ойида Хитойга давлат ташрифи якунлари бўйича ҳар икки давлат раҳбарлари ташаббуси билан мамлакатларимизнинг ўзаро муносабатлари янги даврда барча шароитда ҳар томонлама стратегик шерикликка кўтарилиши учун улкан шижоат бахш этилди. Давлатимиз раҳбарининг Пекин ва Шэньчжэнь шаҳарларидаги музокаралари якунида 2023-2027 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури қабул қилинди ва 25 миллиард доллардан ортиқ қийматдаги келишувларга эришилди.

Ҳозир Ўзбекистон билан Хитой буюк цивилизациянинг қадимий ўлкалари сифатида икки томонлама ҳамкорликнинг тарихий юксалиш палласида турибди. Бунда, бир ­томондан, Хитой ўзининг модернизациялаштириш услубини тобора жадаллаштираётгани, бошқа томондан, мамлакатимиз “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини барча соҳага изчил татбиқ қилаётгани муҳим аҳамият касб этмоқда.

Халқаро ҳамкорлигимиз самарасига бир мисол: БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида Ўзбекистон ва Хитой томонидан Халқаро цивилизациялар ўртасидаги мулоқот кунини белгилаш бўйича таклиф қилинган резолюция бир овоздан маъқулланди. Бинобарин, 10 июнь — Халқаро цивилизациялар ўртасидаги мулоқот куни деб эълон қилинди.

Ушбу резолюция халқаро ҳамжамият томонидан қизғин кутиб олинди ва кенг қўллаб-қувватланди. Зеро, Ўзбекистон Хитойнинг Глобал цивилизация ташаббусини қатъий қўллаб-қувватлайди. Эътиборлиси, Ўзбекистон Хитойнинг таклифига биноан “Халқаро цивилизациялар ўртасидаги мулоқот куни” резолюциясини ишлаб чиқишда асосий гуруҳ аъзоси сифатида фаол иштирок этди ва резолюциянинг қабул қилинишига салмоқли ҳисса қўшди.

Ўзбекистон ягона Хитой принципини маъқуллайди. Биз биргаликда уч ёвуз куч — терроризм, экстремизм ва сепаратизмга қарши қатъий курашмоқдамиз. Мамлакатларимиз цивилизациялараро мулоқотни ривожлантириш борасида ҳам жаҳон аҳлига муносиб намуна бўлмоқда.

Тинчлик ва тотувликни мустаҳкамлаш йўлида

Марказий Осиё минтақасидаги қўшни ва қардош мамлакатлар билан ҳамкорлигимиз ҳам изчил ривожланмоқда. Бинобарин, янги таҳрирдаги Конституциямиз муқаддимасида халқимиз “халқаро ҳуқуқнинг умум­эътироф этилган принцип ва нормаларига асосланган ҳолда, Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамияти, энг аввало, қўшни давлатлар билан дўстона муносабатларини ҳамкорлик, ўзаро қўллаб-қувватлаш, тинчлик ва тотувлик асосида мустаҳкамлаш ҳамда ривожлантиришга интилиб”, Конституцияни қабул қилгани алоҳида эътироф этилгани бежиз эмас.

Бугун минтақамиз халқлари ва давлатларини умумий саъй-ҳаракатларимиз билан Марказий Осиёни барқарор, иқтисодий ривожланган ва юксак тараққий этган минтақага, ўзаро ишонч ва дўстлик, яхши қўшничилик ва манфаатли ҳамкорлик маконига айлантиришдек ягона мақсад бирлаштирмоқда. Президентимиз эътироф этганидек, “Марказий Осиёни тинч ва гуллаб-яшнаётган ҳудудга айлантириш бундан буён ҳам Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор мақсади бўлиб қолаверади”.

Энди “Хитой — Марказий Осиё” инсон ҳуқуқларини ривожлантириш бўйича форуми мавзусига қайтамиз. Ушбу форум жорий йилда тўртинчи марта ўтказилмоқда. Бу, бир томондан, форумнинг аллақачон анъанавий аҳамият касб этганини кўрсатса, иккинчи томондан, Хитой ва Марказий Осиё минтақаси давлатлари учун бундай ҳамкорлик формати зарурлигини амалда тасдиқлайди.

Форумнинг мухтасар тарихига назар солайлик. Хусусан, Биринчи “Хитой — Марказий Осиё” инсон ҳуқуқларини ривожлантириш форуми 2023 йил 12 сентябрда Пекин шаҳрида муваффақиятли ўтказилиб, мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб берганди.

Иккинчи форум 2024 йилда қўшни Қозоғистоннинг Остона шаҳрида бўлиб ўтди. Хитой ва Марказий Осиё мамлакатлари ­ўртасида муштарак тақдирлар ҳамжамиятини барпо этиш, инсон ҳуқуқлари ривожланиши ва тараққиёти мавзусига бағишланган форумда мамлакатимиз делегацияси муваффақиятли иштирок этди.

Учинчи форум 2025 йилда Хитойнинг Сиань шаҳрида бўлиб ўтди. Форум инсон ҳуқуқларини биргаликда ривожлантириш йўлида цивилизациялараро алмашинув ва ўзаро бойитишни чуқурлаштириш мавзусига бағишланди.

Бўлажак тўртинчи форумга ­Тошкент мезбонлик қилмоқда. Форумнинг ташки­лотчилари меҳмонлар томондан — Хитойнинг Инсон ҳуқуқларини ривожлантириш жамғармаси, мезбон томондан — Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази.

Шу ўринда Хитойнинг Инсон ҳуқуқларини ривожлантириш жамғармаси Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг яқин ҳамкорларидан эканини таъкидлаш лозим. 1994 йилда ташкил этилган ушбу тузилма Хитойнинг Пекин шаҳрида жойлашган жамоат ташкилотидир. Жамғарма фаолияти Хитойнинг миллий ўзига хослигини инобатга олган ҳолда инсон ҳуқуқлари концепциясини илгари суриш ва ривожлантириш, шунингдек, ушбу мавзу юзасидан халқаро мулоқотни йўлга қўйишга қаратилган.

Бинобарин, ҳар бир инсоннинг ўз ҳуқуқларидан тўлиқ фойдаланиш имкониятини таъминлаш бутун инсониятнинг умумий мақсадидир. Хитой ва Марказий Осиёнинг бешта давлати ривожланаётган мамлакатлар сифатида тараққиётга биргаликда кўмаклашиш ва инсон ҳуқуқларини илгари суриш масалаларида кенг муштарак қарашларга эга.

Бу ҳақда фикр юритганда, Хитой ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида инсон ҳуқуқлари соҳасида самарали ҳамкорлик алоқалари изчил ривожланаётганини таъкидлаш лозим. Табиийки, бунда ташкил топганига 77 йил бўлаётган Хитой Халқ Республикасининг шу тарихан қисқа даврда ўз тараққиётида мисли кўрилмаган даражада улкан ютуқларга эришгани Ўзбекистон ва минтақамиздаги қўшни давлатлар учун ғоят муҳим.

Барқарорлик, тараққиёт, юксалиш ва ёруғ келажак сари

Хитой кейинги йилларда қашшоқ ва қолоқ мамлакатдан жаҳон иқтисодий ўсишини таъминлайдиган беқиёс куч-қудрат манбаига айланди. Бунда мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш йўлида қўлга киритган оламшумул натижалари катта аҳамият касб этди ва бугун айни самарадор омиллар бутун дунёнинг диққат-эътиборини ўзига жалб этмоқда.

Ушбу давлат дунёдаги беқарорликларнинг олдини олишга қаратилган кўплаб глобал ташаббусларни илгари суриб келмоқда. Барқарорликка оид бу ғоялар мамлакатда асрий ислоҳотлар синовидан муваффақиятли ўтгани билан аҳамиятлидир.

Хитой ҳукумати миллий модернизацияни ҳаётга татбиқ этиш жараёнида асосий эътиборни халқ фаровонлигини таъминлашга қаратмоқда. Яъни ислоҳот ва тараққиёт, аввало, ҳар бир хитойликнинг муносиб яшашига хизмат қилсин деган ёндашувга таянилмоқда. Худди шу концепция Хитойда камбағалликка барҳам беришда ҳал қилувчи ўрин тутгани эътиборга сазовор.

Натижада Хитой халқи 40 йил ичида қашшоқлик ва йўқчилик домидан қутулиб, энди муносиб ва барқарор турмуш шароитида ҳаёт кечирмоқда. БМТ маълумотларига кўра, ўтган даврда 700 миллиондан ортиқ хитойлик камбағаллик ҳолатидан чиқишга муваффақ бўлган.

Инновацияларга таянадиган давлат сифатида Хитой иқтисодий тараққиёт суръатини мунтазам ошириб бормоқда. Мамлакат ҳатто “яшил иқтисодиёт”ни ривожлантириш соҳасида ҳам муайян натижаларга эришгани туфайли аллақачон экологик тоза маҳсулотларнинг жаҳондаги йирик бозорига айланиб улгурди.

Бошқача айтганда, янги Хитойнинг 77 йиллик ривожланиш йўли барқарорлик,­ ­тараққиёт, юксалиш ва ёруғ келажакка қатъий ишончнинг ёрқин намунасидир. Тараққиётнинг хитойча модели социализм ва бозор иқтисодиёти қонуниятларини ўзида омухталаштирган бўлиб, ўз навбатида, бундай ноёб усул Хитойнинг иқтисодий жиҳатдан энг қудратли давлат мақомини эгаллашини таъминламоқда.

Хитой эришган улуғвор ютуқлар ҳақида сўз борганда, фақат иқтисодий самаралар тафсилоти билан чекланмай, ижтимоий сиёсат, инфратузилмалар ва технологиялар соҳаларида қўлга киритилган ­янгидан-­­янги марралар хусусида ҳам фикр юритиш ­лозим деб ўйлаймиз.

Бу ўринда, айниқса, Хитой аҳолисининг ниҳоятда кўплиги ва глобал муаммоларнинг ҳалокатли таъсирига қарамай, миллий иқтисодиётни жадал ривожлантириш ва барқарорликни сақлаб туришдек иккита ноёб муваффақиятга эришилгани ҳар қанча таҳсинга лойиқ. Бугун Хитой жаҳон иқтисодиётининг юрагидир. Сайёрамиз ҳаётининг пандемиядан кейинги оғир ва мураккаб шароитларида ҳам мамлакат иқтисодиёти барқарор ривожланаётгани буни амалда тасдиқлаб берди.

Ҳозир эса ўз иқтисодиётининг барқарорлиги хусусияти билан жаҳон иқтисодиётининг ривожланиши учун муносиб ҳисса қўшмоқда. Бинобарин, бир томондан, мамлакат жаҳон бозорига тобора кўплаб товарлар етказиб бераётган бўлса, иккинчи томондан, ташқи бозорлардан ҳам кўпдан кўп маҳсулотларни мунтазам харид қилмоқда.

Шу омилларнинг ўзи ҳам янги Ўзбекистоннинг янги Хитой билан ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантириши ғоят манфаатли эканидан далолат беради, назаримизда. Юртларимиз ва халқларимиз ўртасида неча минг йиллик тарихий ҳамкорлик алоқалари мавжудлиги эса, албатта, алоҳида мавзу.

Шунингдек, Хитой томони 2025 йилда Самарқандда иккинчи Ўзбекистон — Хитой ҳудудлараро форуми ўтказилишини тўлиқ қўллаб-қувватлади. Самарқанд форумида Хитой ва минтақа давлатларидан вакиллар ҳам иштирок этгани бизга мамнуният бағишлади.

Хитойликларда бундай мақол бор: “Меҳнат-машаққат чекмасанг, тупроқ ичидан олтинни ажратиб олишинг мушкул”. Ўзбек халқининг мана бу мақоллари шу мантиққа ўта уйғун, яъни “Тоққа чиқмасанг, дўлана қайда?” ёки “Текинга осмондан чалпак ёғмайди”.

Минтақа давлатлари ўртасида инсон ҳуқуқлари бўйича ҳамкорлик

Бугун Марказий Осиё тарихнинг четида эмас, у ўз стратегик кун тартибини шакллантираётган, жадал ривожланаётган минтақага айланмоқда. Сиёсий ирода, юқори даражадаги ўзаро ишонч ва қўшма иқтисодий ­ташаббуслар минтақада барқарор ривожланиш учун янги имкониятлар очди.

Минтақа халқларини минг йиллик қардошлик ва яхши қўшничилик, қуда-андачилик ришталари боғлаб туради. Халқларимиз ҳамиша бир-бирига елкадош ва ҳамжиҳат бўлиб яшаб келган. Президентимиз таъбири билан айтганда, бизни ягона тарих, ягона дин, умумий маданият ва анъаналар бирлаштиради.

Кейинги йилларда Ўзбекистон ташаббуси билан Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувларини ўтказиш йўлга қўйилди. Бугун ушбу учрашувлар минтақада ўзаро ҳамжиҳатлик ва ҳурмат, яқин қўшничилик ва стратегик шериклик руҳидаги мутлақо янги сиёсий муҳитни мустаҳкамлаш, муҳим ҳаётий масалаларни ҳал қилиш ва кўп қиррали ҳамкорлигимизни сифат жиҳатидан янги мазмун билан тўлдириш борасида самарали платформага айланди.

Минтақамиз давлатлари ўртасидаги маданий алоқаларнинг фаоллашиши натижасида халқларимиз янада яқинлашмоқда. Минтақа доирасидаги сиёсий мулоқотлар ва парламентлараро алмашувлар доимий тус олмоқда.

Марказий Осиё етакчилари томонидан, жумладан, қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини рағбатлантириш ҳамда ҳимоя қилиш барча учун бирдек муҳим фундаментал қадрият экани мунтазам таъкидлаб келинмоқда. Бу ўринда, албатта, фикрни ифода этиш эркинлиги ва жамоат бирлашмаларига уюшиш ҳуқуқини таъминлаш, фуқаролик жамияти ва мустақил оммавий ахборот воситалари учун соғлом муҳит яратиш, ҳуқуқ ҳимоячиларини муҳофаза қилиш, аёллар, болалар ва меҳнат мигрантлари ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ўзаро ҳамкорлик муносабатларимизнинг туб негизини ташкил қилиши ҳақида сўз бормоқда.

Энг асосийси, халқаро сиёсий луғатда минтақавий тараққиётни таъминлашга хизмат қилувчи ўзига хос моделни акс эттирадиган “Марказий Осиё руҳи” атамаси пайдо бўлди. Бугун биз глобал ва минтақавий сиёсат кун тартибидаги кўплаб долзарб масалалар бўйича ягона позицияда туриб ҳаракат қилмоқдамиз.

Натижада қисқа муддатда дунёда минтақамизга нисбатан ишонч ва ҳамкорликка интилиш кучайди. “Марказий Осиё +” форматида 10 дан ортиқ ҳамкорлик мулоқоти йўлга қўйилгани буни тасдиқлайди.

Минтақа мамлакатларининг инсон ҳуқуқлари соҳасида ўзаро ҳамкорлик борасидаги тажрибаси ҳам эътиборга лойиқ. Аввало, Марказий Осиё мамлакатлари Конституциясида “Давлат инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилади ва таъминлайди” деган тамойил аниқ-тиниқ белгилаб қўйилган.

Шунингдек, Қозоғистонда 2023 йилда мамлакат Президенти томонидан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлиги соҳасидаги учинчи ҳаракатлар режаси амалга оширилмоқда. Қирғизистон ҳукумати 2022-2024 йиллар учун Инсон ҳуқуқлари бўйича ҳаракатлар режасини қабул қилди ва амалга оширди. Тожикистон ҳукумати 2023 йилда Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегияни қабул қилди. Туркманистон Президенти томонидан 2021-2025 йилларга мўлжалланган Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий ҳаракатлар режаси тасдиқланди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси 2020 йилда қабул қилинган бу соҳадаги илк ҳужжатдир. Жорий йилда давлат дастури доирасида бу борадаги иккинчи дастурий ҳужжат — “Инсон ҳуқуқлари — 2030” стратегияси ишлаб чиқилмоқда.

Бугунги минтақавий ҳамкорлигимиз даражаси, шубҳасиз, Марказий Осиё минтақаси халқаро муносабатларнинг мустақил субъекти мақомида ўзини намоён этишга дадил киришганини амалда исботлайди. Бинобарин, ХХI асрнинг учинчи ўн йиллигида Марказий Осиё халқаро ҳаётнинг мустақил субъекти сифатида қайта тикланиши ўзида муҳим жараёнларни ҳам ифодаловчи, ҳам акс эттирувчи оламшумул воқеадир.

Пойтахтимизда ўтказиладиган форум доирасидаги музокаралар иштирокчилардан катта куч-ғайрат, фаоллик ва ташаббускорликни талаб этади. Чунки мавзу доирасидаги масалалар кўлами кенг ва ғоят масъулиятлидир. Форумда, жумладан, Хитой ва Марказий Осиё давлатларининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳамкорлигининг асосий устувор йўналишлари кўриб чиқилади. Ривожланиш ҳуқуқини рўёбга чиқариш мақсадида камбағалликни қисқартириш ва аҳоли фаровонлигини яхшилаш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш, экологияни муҳофаза қилиш, “яшил” ривожланиш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, инсон ҳуқуқлари ривожига кўмаклашувчи рақамли интеллектуал технологияларни илгари суриш каби соҳалардаги ҳамкорлик истиқболлари кенг муҳокама қилинади.

Янада муҳими, “Хитой — Марказий Осиё” инсон ҳуқуқларини ривожлантириш форумининг “Тошкент ташаббуси” деб номланган якуний ҳужжати қабул қилиниши кутилмоқда. Ушбу ҳужжатда ўз аксини топадиган ташаббуслар Хитой ва минтақамиз давлатларининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳамкорлик муносабатларини янги босқичга кўтариши шубҳасиз.

Акмал САИДОВ,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси

Миллий маркази директори, академик