— Бобо, қаранг, мана бу дарахт XV асрда экилган экан.
—
Шундай, болам, ўша пайтда яхши ният билан экилган-да.
—
Ёнидагилар ҳам шундай экан. Бешта экан. Экилганигаям беш асрдан ошибди.
Буларнинг ёши қандай аниқланган?
—
Аниқлаш мушкул эмас, муҳими, шу вақтга қадар қирқилмаганида. Қара, ўзи ҳам узоқ
тарихдан сўйлаб турибди. Салобатига эътибор бер. Булар не-не кунларга гувоҳ
бўлмаган дейсан, болам.
— Бобо, нега зиёрат
қилинади?
— Қўлингдаги япроқдек
телефонинг бор-ку. Шунинг ҳам қуввати тугаб қолади. Тўғрими? Худди шундай,
гоҳида турмуш ташвишларидан толиқиб, инсоннинг ҳам руҳий қуввати камайиб
қолади. Ана шундай дамда зиёратгоҳларга келиб, одам ўзига куч олади.
Тетиклашади.
— Сизнинг қувватингиз
камайиб қолдими?
— Ҳа, болам. Юра қол,
тезроқ бориб зиёрат қилмасак, чарчаб ўтириб қоламан.
Ўн ёшлар атрофидаги бола
бобосига ҳайрат билан боққанча қўлидан маҳкам ушлаб олди. Гўё қуввати тугаган
одамга тиргак бўлаётгандек юра бошлади. Қария эса зиёрат одобини набирасига
тушунтириб борарди.
Бобо ва набиранинг
савол-жавоб қилиб, етаклашиб кетаётганини кўриб, ҳавасим келди. Мажмуа
майдонидаги беш асрлик тут дарахтлари бундай суҳбатларга кўп гувоҳ бўлгандир.
Айниқса, кейинги йилларда. Боиси, яқин йилларга қадар бу манзилда буюк аллома
қабри борлиги ҳақида деярли ҳеч ким билмаган. Бугун эса бу жой обод маконга
айланди.
Мозийга назар ташлайдиган
бўлсак, Насаф азал-азалдан дунё илм-фани ва маданияти равнақига салмоқли ҳисса
қўшган шаҳарлардан бири бўлиб келган. Хусусан, қадимий қўлёзма ва библиографик
қомусий асарларни варақлаб кўрсак, бу барокатли кентдан кўплаб олиму уламолар
етишиб чиқиб, Насафий нисбаси билан самарали ижод қилганининг гувоҳи бўламиз.
Шулардан бири Абул Муин
Насафийдир. У ислом динини ичкаридан бузишга уринган, ботил қарашли оқимлар
илгари сурган ғояларга қарши курашар экан, ҳар бир муаммо (ихтилоф)га катта
эътибор билан ёндашди, далилларни ҳам шунга мувофиқ танлади. Бу йўлда калом
илми йўналишидаги устози Имом Абу Мансур Мотуридий қарашларини ривожлантириши
натижасида содда ва самарали далилларни асослаб, тарғиб қилди. Шу боис, уни
замондошлари “ҳақиқат қиличи” дея улуғлаган. Кейинги йилларда кўплаб
алломаларимиз қаторида Абул Муин Насафийнинг ҳаёти ва асарларини илмий асосда
ўрганиш ишлари йўлга қўйилди. Аллома мангу қўним топган манзил обод гўшага
айлантирилди.
— Анча йиллар Қовчин маҳалласига раислик қилганман, — дейди Абу Муин
Насафий мажмуасини бошқариш ва ободонлаштириш дирекцияси раҳбари Музаффар
Бозоров. — Шу қишлоқда туғилиб ўсганман. Илгари бу ҳудудда буюк аллома
қабри борлиги ҳақида умуман маълумотга эга эмас эдик. Зиёратгоҳ ҳақида
тушунчамиз ҳам йўқ эди. Бу ерда фақат эски масжид бўлган. Шунда ҳам йўллари
тупроқли, қаровсиз ҳолда эди. Қишлоқ кексаларидан бошқа бирор киши келмасди.
Бир четда кўримсизгина мақбара бор эди. Лекин ким учун қурилгани, қабрда ким
ётгани маълум эмасди. Президентимиз Қашқадарёга ташрифларидан бирида шу
зиёратгоҳга келиб, бу жойни обод қилиш борасида кўрсатма берди. Шундан сўнг
ҳудудда катта бунёдкорлик ишлари бошланиб кетди. Уста-дурадгорлар, малакали
ҳунармандлар меҳнати эвазига зиёратгоҳ яхлит мажмуа шаклига келтирилди. 2,1
гектар майдонни эгаллаган обида ҳудудида янги 500 ўринли масжид, кутубхона,
музей, маъмурий бино, таҳоратхона ва чойхоналар қуриб битказилди. Мажмуа
ҳудудидан ўтувчи кичик анҳор реконструкция қилинди. Ташқи йўлларни замонавий
лойиҳалар асосида қайта қуриш бўйича чора-тадбирлар белгиланиб, барчаси тўлиқ
якунига етказилди. Атрофи ободонлаштирилиб, дарахтлар ўтқазилди. Ўша пайтда
экилган ниҳоллар катта дарахт бўлиб, мажмуамизга чирой бахш этмоқда.
Бугун
мажмуада музей ҳам ташкил этилган. У ерда ноёб экспонатлар кўп. Жумладан, хитой
ипак қоғозига битилган ноёб Қуръони карим қўлёзмасини шулар қаторига киритиш
мумкин. Бу муқаддас китобнинг бўйи 60, эни 41 сантиметр. Мазкур Қуръон учун
уста Зариф деган киши баландлиги 1 метр 60 сантиметрли лавҳ ясаган. Лавҳда ҳижрий йил ҳисоби билан 1266 (милодий
1851) санаси ёзиб қолдирилган. Шунингдек, унга 12 қатордан иборат форсий шеър
ўйиб битилган. Бундан ташқари, у ерда “Шарҳи ҳикмат ул-айн”, “Девони Жомий”
каби учта китоб мавжуд. Музей ходимларининг айтишича, ушбу манбалар анча йиллар
олдин зиёратгоҳ ҳовлисидаги қалин пахса девор орасидан чиқиб қолган. Зиёратгоҳ
атрофида катта қабристон ҳам бор. Ҳудуди 50 гектардан кўпроқ. Айни пайтда буюк
аллома хоки ётган манзил маҳаллий ва хорижлик зиёратчилар билан гавжум.
Шамсул-аимма
ал-Ҳалвоний ким бўлган?
Абу Муин Насафий
зиёратгоҳидан чамаси олти-етти юз метрлар масофа нарида, жануби-шарқ томонда
яна бир зиёратгоҳ мавжуд. Маҳаллий аҳолининг фикрича, бу ерда улуғ
мутафаккирнинг қабри бор. Фақат Насафий зиёратгоҳидан фарқли равишда бу жойнинг
атрофи ободонлаштирилмаган. Шамсул-аимма
ал-Ҳалвоний номи билан боғлиқ мазкур ҳудудда мақбара бунёд этилган. Ичкарисида
эса тузилиш тарҳи кам учрайдиган қадимий якка қабр мавжуд. Унинг сирти махсус
ясалган нақшинкор кошинлар билан безатилган. Маҳаллий аҳоли шу пайтга қадар бу
ерни Ҳазрати Шайхон ота мангу қўним топган манзил деб билган. Бундан ташқари,
мажмуада қадимий иморатларнинг қолдиқлари сақланиб қолган.
Бу ерда бошқа
зиёратгоҳларда учрамайдиган ҳолат кичик ҳажмли ҳужралардир. Сабаби уларнинг ҳар
бири оддий пахсадан қилинган. Кўриниши гумбазсимон шаклда бўлиб, хоналар ўз
даврида турли вазифаларни ўтагани кўриниб турибди. Мақбаранинг орқа томонида
ҳам бир пайтлар қандайдир бино бўлганини англаш қийин эмас.
— Ҳудудни ободонлаштириш
давомида турли қадимий буюмлар чиқиб қолади, — дейди Элмирза Алимов. —
Барчасини бир ерга йиғиб қўяман. Бирор кун мутахассислар келса, қайси даврга
тегишли эканини аниқлашар. Ҳозир топилмаларнинг кўпи жуда қадимий экани
айтилмоқда. Агар археологлар вақт ажратиб, бу ерда ишласа, янада кўп нарсалар
топилиши ва мажмуа тарихи ойдинлашиши мумкин.
Ушбу зиёратгоҳ ҳақида
маълумот тўплар эканмиз, турли манбаларга дуч келдим. Хусусан, Шамсул-аимма
ал-Ҳалвоний исмли киши билан боғлиқ манбалар Самарқанд ва Бухоро вилоятларида
ҳам учраши ҳақида айтиб ўтилган. Умуман олганда, аллома ҳақида кўплаб
ўрганишлар олиб борилиши керакка ўхшайди. Шундагина биз бугунги авлодга асл
тарихни очиб берган бўламиз.
Акбар РАҲМОНОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири