Бу ерда ислом дини, хусусан, ҳадис илми тараққиёти, аллома илмий меросининг замонавий ахборот технологиялари орқали намойиш этилиши йўлга қўйилган.
Имом Бухорий инновацион музейи жами 9 павильондан ташкил топган.
Уларда намойиш этиладиган барча медиамаҳсулотлар, интерактив ўйинлар,
анимациялар, меппинг ва бошқалар бевосита “Outdoor Factory” компаниясининг
юқори малакали мутахассислари ҳамда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг
илмий-ижодий гуруҳи аъзолари билан ҳамкорликда тайёрланган.
1-павильон “Муҳаммад алайҳиссалом ва нубувват тарихи” деб номланиб, у
бир неча тематик бўлим — Қуръони каримда исмлари зикр қилинган пайғамбарлар
ҳақида маълумотлардан (экспозиция тушунтириш матни ва интерактив инфокиоск
кўринишида) иборат. Матнда барча пайғамбарларни бирлаштириб турувчи умумий
хислатлар ва фазилатлар, уларнинг вазифалари Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда
келган маълумотлар асосида ёритиб берилган. Ҳар бир исм устига босилганда ўша
пайғамбар ҳақида қисқача ахборот, матн сўнгида Муҳаммад алайҳиссалом
пайғамбарларнинг энг охиргиси экани ҳақида маълумот берилади. Расули акрам
алайҳиссаломнинг исмлари, сифатлари ва уларнинг маънолари экспозицияда
каллиграфик фреска услубида ясалган.
Муҳаммад алайҳиссаломнинг шажаралари экспозициядан ўрин олган йирик
ҳажмдаги дарахт шаклидаги интерактив инфокиоск ёрдамида намойиш этилган. Унда
интерактив усулда томошабинга шажарадан ўрин олган ҳар бир исм ҳақида тўлиқроқ
маълумот олиш имкони берилади.
Пайғамбар алайҳиссаломнинг дунёга келиши ва нубувватнинг бошланиши
(экспозиция шаҳар макети ва проекцион видеофильм кўринишида), ҳужраи саодатнинг
қайта тикланган кўриниши проекцион видеофильм шаклида акс эттирилган.
Ҳиро ғорида илк ваҳий нозил бўлиши (макетда Ҳиро ғори ва унинг атрофи)
ифода этилган. Унинг ичидаги мониторда Қуръони карим “Алақ” сурасининг илк беш
ояти ўқилиб туради.
2-павильон “Ҳадис илмининг пайдо бўлиши ва ривожланиши” деб номланган
бўлиб, унда томошабинларга экспонатлар, инфографик, аудио ва визуал материаллар
орқали ҳадис илмининг пайдо бўлиш ва ривожланиш тарихи билан танишиш имконияти
тақдим этилади.
Тушунтириш матни ёрдамида ўз даврида саҳобаларнинг ҳадис тинглаш,
савол бериш ва уларни ёдлаб қолиш учун ўзаро мусобақалашгани ё навбат тутгани
ҳақида ахборот, инфографик паннода эса Муҳаммад алайҳиссаломдан энг кўп ҳадис
ривоят қилган саҳобалар рўйхати берилган. Улар орасида Оиша розияллоҳу анҳо
каби аёлларнинг ҳам мавжудлиги ислом оламида илмий мактаблар ривожида
аёлларнинг ўрни муҳим эканини англатади.
Павильоннинг учинчи қисмида харитада илк ўрта асрлардаги Мовароуннаҳр
ва Хуросон шаҳарларининг қадимги номлари ҳамда тарихий маданий марказлар ва
вилоятлар ажратиб кўрсатилган. Карвон йўллари ва улар ўртасидаги масофалар
саёҳатлар машаққати ҳақида аниқроқ тасаввур шакллантириш мақсадида кун
ўлчамларида берилган.
Экспозиция залининг атрофида, харитада кўрсатилган шаҳарлар устида
мовароуннаҳрлик муҳаддис уламоларнинг таржимаи ҳоли ва илмий мероси ҳақида
маълумотлар, витриналарда эса муҳаддислар асарларидан намуналар тақдим этилган.
Галереяда “Сиҳоҳи тисъа” — энг ишончли тўққиз тўплам ва уларнинг
муаллифлари ҳақида маълумот берувчи лавҳа жойлаштирилган. Унда ҳадис тўплами
номи, ҳадислар сони, муаллифининг ҳаёт йиллари акс эттирилган. Витриналарда
муҳаддислар асарларининг қўлёзма нусхаларидан намуналар қўйилган.
3-павильон “Имом Бухорийнинг ҳаёти ва илмий фаолияти” деб номланган.
Бу қисмни ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад музейга ташриф буюрувчилар кўз
ўнгида аллома ҳаёти ва илмий фаолиятини қайта тиклаш, илмий мероси нақадар буюк
аҳамиятга эга эканини кўрсатиб бериш ҳамда ёшларда илм-фан билан шуғулланишга
меҳр-муҳаббат ва рағбат пайдо қилишдир. Имом Бухорийнинг ҳаёти ва илмий
фаолиятининг ривожланиш босқичларини уч қисмга бўлиш мумкин.
Алломанинг илм остонасига қадам қўйишида у яшаган хонадондаги
маънавий-маърифий муҳит алоҳида аҳамиятга эга. Экспозициянинг биринчи қисмида
ўша оилавий муҳит гавдалантирилган. Унда Имом Бухорийнинг ота-онаси ва
алломанинг болалиги ҳақидаги маълумотлар берилган.
Кейинги қисмда Имом Бухорийнинг Бухорода ўтган мактаб йиллари ҳақида
сўз боради. У ёшлигидан ақл-идрокли, ўткир зеҳнли ва маърифатга ҳаваси кучли
бўлиб, турли фанларни, айниқса, ҳадис илмини зўр қизиқиш билан эгаллаган.
Учинчи қисмда 16 ёшга етганида Имом Бухорий акаси Аҳмад ва онаси билан
бирга ҳаж ибодатини адо этиш учун Бухородан Макка сари йўл олгани акс
эттирилган. Шунингдек, интерактив харита орқали Бухорийнинг илм йўлида сафар
қилган шаҳарлари кўрсатилган.
Аллома муқаддас шаҳарлар — Макка ва Мадинани зиёрат қилиб, олти йил
Ҳижозда яшаб, ҳадис бўйича ўз билимини янада ошириш мақсадида ўша пайтда
илм-фаннинг йирик марказлари ҳисобланган Дамашқ, Қоҳира, Басра, Куфа, Бағдод
каби шаҳарларда яшайди. У жойлардаги машҳур олимлардан ҳадис билан бир қаторда
фиқҳ илмидан ҳам таълим олади, йирик олимлар билан илмий баҳс-мунозараларда
қатнашади ва толиби илмларга дарс беради.
4-павильон “Имом Бухорий: Буюк феномен” деб номланган бўлиб, унда
алломанинг ҳаёти ва фаолияти ҳақидаги фильм катта экранда намойиш этилади.
5-павильонга “Имом Бухорий фазилатлари” деб ном берилган. Унда Имом
Бухорийнинг буюк илмий салоҳияти, энг ишончли ҳадисларни саралаш ва авлодларга
қолдириш йўлида чеккан илмий заҳмати, тақвоси, ислом оламида Қуръони каримдан
кейинги ўринда турувчи асар муаллифи экани, уни бутун дунё эътироф этгани,
ёшлигидан зеҳни ўткир ва хотираси кучли бўлгани, ота-онаси ва
устоз-шогирдларига самимий муносабати каби жиҳатлари кўрсатиб берилган. Ушбу
қисмда алломанинг илм йўлида чеккан машаққатлари ва синовларни енгиб ўтишдаги
жасорати ҳақидаги маълумотлар келтирилган бўлиб, бу, ўз навбатида, ёшлар
қалбида аждодлар билан фахрланиш туйғусини кучайтиради.
Павильоннинг бутун ҳудуди бўйлаб проекция орқали мавзуни ёритадиган
видеолар узлуксиз кўрсатиб турилади. Видеофильмлар мавзуларга бўлинган ҳолда
кетма-кет давом этиб, павильонга исталган вақтда келган томошабинга мавзуга
тезда кириб олиш имкониятини беради.
Буюк имтиҳон ҳақида. Мазкур қисмда алломанинг илм талабидаги
сафарлари, синовлар гирдоби — Бағдод, Самарқанд ва Нишопурдаги имтиҳонлар, илм
йўлидаги машаққатларни сабр-матонат билан енгиб ўтиши, кундан кунга юксалиши,
даражаси ортиб бориши ва атрофида ихлосманд шогирдларининг кўпайиши макетлар
орқали кўрсатилган.
Имом Бухорийнинг бетакрор хотира эгаси бўлгани ҳақида фильм. Ушбу
фильмда Имом Бухорийнинг хотираси фавқулодда кучли бўлгани, эшитган ҳадисларини
дарҳол ёдлаб олгани ҳақида маълумот берилади. Биламизки, Имом Бухорий умри
давомида 600 мингдан зиёд ҳадисни
жамлаган, 200 мингтасини ровийлари ва уларнинг тарихи билан бирга тўлиқ
ёддан билган. Ушбу маълумот анимацион тарзда экранда намойиш этилади ва
алломанинг хотираси қандай бўлгани бугунги кундаги тушунчамиз асосида кўрсатиб
берилади.
“Имом Бухорий авлодлари” номли 6-павильонда ёш томошабинларга музей концепциясидан
ўрин олган мавзулар билан ўйинли интерактив экспонатлар орқали танишиш, ўрганиш
имконияти берилган. Ёш томошабинлар учун музейларнинг болалар бўлимида олган
илк тажрибаси улар онгида мавзу ҳақида етарлича тасаввур шаклланишида муҳим
аҳамиятга эга.
Учар гиламда тарихга саёҳат 5D фильми 7 ёшдан юқори бўлган
томошабинларга ўрта асрлардаги ислом олами шаҳарлари билан яқиндан танишиш
имконини беради. Томошабинлар Имом Бухорий борган қадимги шаҳарларга саёҳатга
таклиф этилади. Фильм намойиши давомида ундаги воқеа ва ҳодисалар билан
ҳамоҳанг ҳаракатланувчи махсус ўриндиқда ўтирган томошабинлар ўзини қадимий
масканлар бўйлаб учар гиламда саёҳат қилаётгандек ҳис этади.
Ёш Муҳаммад ибн Исмоил билан бирга хотира ўйини. Имом Бухорийнинг
илмий мероси ва алломанинг шахсий фазилатлари бевосита хотира билан боғлиқ. У
болалигидан маълумотларни тез ва бехато ёдда сақлаб қолиш салоҳиятига эга
бўлган. Алломанинг бундай фазилати ҳақида тасаввур шакллантириш учун ёш
томошабинлар хотира билан боғлиқ интерактив ўйинга таклиф этилади. Ўйиннинг
асосий қаҳрамони сифатида ёш Имом Бухорий қиёфаси акс этади.
Ҳамма томонларига интерактив проекция туширилган махсус хонада
томошабинларни ёш Муҳаммад ибн Исмоил кутиб олади. 10-15 дақиқа давом этадиган
интерактив машғулотда бир неча томошабин жамоа шаклида иштирок этиши мумкин.
7-павильон “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” — Ислом динининг иккинчи манбаси” деб
номланган. Бу асар ҳадисшунослик соҳасида умумэътироф этилган мўътабар китоб
бўлиб, ислом оламида Қуръони каримдан кейинги манба ҳисобланади. Шу сабабли
ушбу павильонда мазкур буюк тўпламнинг илмий-амалий, ҳаётий аҳамиятини кўрсатиб
бериш мақсад қилинган.
8-павильон “Имом Бухорий мероси ва бугунги кундаги аҳамияти” деб
номланган. Ҳозирги ёшлар тарбиясида аллома асарлари ва ҳадисларининг аҳамияти
юқори эканини инобатга олиб, музейнинг ушбу қисмига алоҳида эътибор қаратилган.
Павильон марказидаги йирик лавҳ устида “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” асарининг катта
ҳажмдаги макети ўрин олган. Унинг атрофидан ёзув қоғози ўнгдан чапга қараб,
соат ҳаракатига тескари равишда, шифтга томон айланиб, кўтарилиб чиққан.
Қоғознинг бошланиш қисмида тўпламдаги биринчи ҳадис — пайғамбар
алайҳиссаломнинг “Албатта, амаллар ниятга боғлиқдир. Албатта, ҳар бир кишига
ният қилган нарсаси бўлади” сўзлари 22 та турли хорижий тилда гўзал хаттотлик
усулида ёзилган. Қоғознинг давоми (мато шаклида) павильон бўйлаб айланишда
давом этади. Матолар ораси кенг бўлиб, матнларни бемалол ўқиш мумкин. Ушбу
ҳадис кундалик ҳаётимизда содир бўлаётган барча амаллар ўзагини ташкил этади.
Шунингдек, ушбу павильон деворларидаги мавжуд экранларда уч тилда Имом
Бухорийнинг “Саҳиҳи Бухорий” асаридан танланган ҳадислар жойлаштирилган.
“Янги Ўзбекистонда
диний-маърифий ислоҳотлар ва Имом Бухорий меросига эътибор” деб номланган
9-павильонда мустақиллик йилларида ва янги Ўзбекистон даврида амалга
оширилаётган диний-маърифий ислоҳотлар, хусусан, ҳадис илмининг султони — Имом
Бухорийнинг ватан, миллат ва дин манфаатлари йўлида қилган хизматларини муносиб
баҳолаш ва руҳини шод этиш мақсадида аллома мақбараси атрофида олиб борилган
ободонлаштириш ишлари, унинг улкан меросини илмий асосда чуқур ўрганиш ва
халқимизга етказишга қаратилган таржима ва нашр ишлари, Имом Бухорий асарларини
юртимиз ва жаҳон жамоатчилиги орасида кенг тарғиб этиш мақсадида қабул қилинган
ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар ҳақида маълумот берилган.
Ушбу қисмда Имом Бухорий мақбарасининг мустақилликдан олдинги ҳолатини
акс эттирувчи макет жойлаштирилган ва ёнида мажмуа ҳақида маълумот ёзиб
қўйилган. Шунингдек, мақбаранинг янгиланган кўринишидаги макети ҳам жой олган
бўлиб, у ҳақида ҳам қисқача маълумот берилади. Мустақиллик йилларида
ободонлаштирилган ҳолатдаги зиёратгоҳ макети ҳам мавжуд.
Янги Ўзбекистонда аллома ҳаёти ва илмий меросини ўрганиш давлат
сиёсати даражасига кўтарилгани ва Имом Бухорий мажмуаси бутунлай янги қиёфага
кирганини акс эттирувчи кўргазмалар ҳам павильондан ўрин олган. Бунда қуйидаги
жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилган:
— 2016 йилнинг 18 октябрида Тошкентда Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи
ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессияси йиғилишида Ўзбекистон Президенти
томонидан Самарқандда Имом Бухорий мажмуаси ёнида Имом Бухорий халқаро
илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш ташаббуси илгари сурилгани кўрсатилган;
— Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йилда БМТ Бош
Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида: “Ана шундай буюк алломалардан бири
Имом Бухорий ўз аҳамиятига кўра ислом динида Қуръони каримдан кейинги муқаддас
китоб ҳисобланган “Саҳиҳи Бухорий”нинг муаллифи сифатида бутун дунёда тан
олинган”, дея илк бор энг катта минбарда Имом Бухорий номини тилга олиб, улуғ
аллома илмий мероси аҳамиятини жаҳон оммасига очиб берган.
Павильоннинг алоҳида қисмидан “Имом Бухорий” олий ордени витринаси
ўрин олган. Унда орденнинг ўзи, уни таъсис этиш бўйича ҳужжатлар нусхалари
жойлаштирилган. Юқоридагиларга қўшимча тарзда 9-павильон деворига Саудия
Арабистони Подшоҳи Фаҳд ибн Абдулазиз томонидан совға қилинган кисва — Каъбапўш
осилган бўлса, бошқа жойда турли мамлакатлар раҳбарлари томонидан Имом Бухорий
мажмуасига ҳадя қилинган Қуръони карим нусхалари жойлаштирилган.
Музейнинг чиқиш қисми Имом Бухорийнинг сўнгги йилларда нашр этилган
асарларига оид экспонатлар билан тўлдирилган. Ушбу қисмдан шайх Муҳаммад Содиқ
Муҳаммад Юсуф томонидан амалга оширилган “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” асарининг ўзбек
тилидаги энг йирик таржимаси бўлмиш “Олтин силсила: Саҳиҳул Бухорий” (8 жилдли)
китоблари, алломанинг иккинчи бош асари бўлмиш “Ал-адаб ал-муфрад” китобига
шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф томонидан ёзилган шарҳ асосида нашр этилган
“Одоблар хазинаси” (4 жилдли) китоблари, “Биррул волидайн” (“Ота-онага яхшилик
қилиш”) китоби, “Саҳиҳи Бухорий” шарҳи” китоблари (27 жилдли) ва “Имом Бухорий
сабоқлари” журналининг шу чоққача нашр этилган нусхалари ўрин олган.
Бугун янги Ўзбекистонда барча соҳалар қатори диний-маърифий йўналишда,
хусусан, алломалар илмий меросини ўрганиш ва халқимиз орасида кенг тарғиб қилиш
бўйича ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Буюк бобокалонларимиз абадий
қўним топган жойларни ободонлаштириш, асарларини ўзбек тилига таржима қилиш,
халқимиз орасида кенг тарғиб этиш шулар жумласидан. Мазкур тадбирлар натижаси
ўлароқ, ҳозирги кунда Имом Бухорий мажмуаси тўлиқ янгидан барпо этилиб, унинг
таркибида Имом Бухорий музейи очилди. Юқорида келтирилганидек, мазкур музей энг
сўнгги технологиялар билан таъминланган бўлиб, турли қизиқарли ва қимматбаҳо
экспонатларни, жозибадор маълумотларни ўз ичига олган. Музейнинг аллома
ҳаётининг турли жиҳатларини алоҳида акс эттирган бўлимларга тақсимлангани
зиёратчиларга маълумотларни тизимли ва тушунарли тарзда етказиш имконини
беради. Бундай улкан бунёдкорлик ишлари янги Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс
пойдеворини барпо этишда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.
Азизбек ЮСУПОВ,
“Янги Ўзбекистон”
мухбири