Ҳодиса 26 август куни эрталаб Покистон тиббиёт фанлари институти (PIMS)нинг Она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш бўлимида содир бўлган. Ёнғин бинога учинчи қаватдаги янги туғилган чақалоқлар бўлимида чиққан.

Дастлабки маълумотларга кўра, ёнғин кондиционер тизимидаги носозлик, хусусан, компрессор портлаши ортидан келиб чиққан бўлиши мумкин. Бироқ ҳодисанинг аниқ сабаби махсус комиссия томонидан ўрганилмоқда.

Ҳодиса вақтида бўлимда 15–16 нафар янги туғилган чақалоқ бўлгани ҳақида турли маълумотлар берилган. Улардан камида бири шифокор томонидан қутқарилган.

Ёнғин ҳақидаги чақирув соат 6:54 да келиб тушган, қутқарув ва ёнғин ўчириш гуруҳлари етти дақиқа ичида воқеа жойига етиб борган. Ҳодиса жойига олтита ёнғин ўчириш машинаси ва тўртта тез ёрдам автомобили жалб этилган.

Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф фожиа юзасидан зудлик билан суриштирув ўтказиш ва айбдорлар аниқланса, уларга нисбатан қатъий чора кўриш бўйича топшириқ берган. Исломобод маъмурияти ҳодисанинг аниқ сабаби, ёнғин хавфсизлиги чораларининг ҳолати ҳамда қутқарув ишлари самарадорлигини ўрганиш учун махсус комиссия тузган. Унга 24 соат ичида ҳисобот тайёрлаш вазифаси юкланган.