Соҳибқирон бобомиз Амир Темур салтанатида ҳам темирдек мустаҳкам тартиб ва аниқ ижро устувор эди. “Тузуклар” асарида бобомиз бундай қатъий талабни қўяди: “... Саккизинчи, қароримга амал қилдим ва ҳар ишга қарор қилсам, ул ишни ҳимматим олдига тутдим ва то ул ишни битиргунча ундин илик кўтармадим”. Бу олтин қоида ўлмас бир ҳақиқатни англатади: ҳатто энг эзгу, энг кучли ғоя ҳам ижроси бўлмаса, халқ орасида қадрини йўқотади. Баландпарвоз сўзлар ва қоғоздаги қуруқ ҳисоботларнинг даври ўтди.
Мутахассисларнинг минбарлардаги жарангдор нутқларидан кўра, уларнинг
ўз ишига масъулияти, маданияти ва ҳар қандай шароитда ўзгармайдиган интизоми
жамият тараққиётида ҳал қилувчи кучга айланади. Демак, интизом фақат маъмурий
талаб эмас, балки маънавий позиция ҳамдир.
Илғор мамлакатлар тажрибасига назар
Тараққий этган давлатлар амалиётида самарадорлик асоси интизом эканига
кўп мисол келтириш мумкин. Масалан, Япониянинг kaizen (доимий такомиллашув)
фалсафаси ёки Малайзияда давлат хизматчилари учун жорий этилган қатъий ахлоқ ва
ижро стандартларида тизимлилик, вақт қадрига етишни кўрамиз. Японияда kaizen
фақатгина корхоналарда эмас, давлат хизматларида ҳам қўлланади. У ерда давлат
идораларида қоғозбозлик ва ортиқча ҳаракатни қисқартириш учун қатъий 5S
(саралаш, тартибга солиш, тозалаш, стандартлаштириш, интизом) тизими амал
қилади. Айтайлик, ходим бирор ҳужжатни излашга 30 сониядан ортиқ вақт
сарфламаслиги зарур. Чунки “muda” (исроф) тушунчаси моддий ресурслар билан
бирга вақтга нисбатан ҳам қўлланади. Давлат хизматчисининг фуқарони куттириши
энг оғир “muda” (вақт исрофи)дир. Шу сабабли Японияда кўп хизматлар инсон
омилисиз, замонавий технологиялар орқали сонияларда амалга оширилади.
Японияда интизом — жамоавий маданият, Малайзияда — жадал ўсиш стратегияси
бўлса, Германияда қонун ва жараённинг мутлақ устуворлигидир. Германияда давлат
хизматчилари “беамте” деб аталувчи ҳуқуқий мақомга эга. Бу мақомнинг умрбодлиги
ва давлатга садоқати конституциянинг 33-моддаси 4- ва 5-бандларида мустаҳкамлаб
қўйилган. Давлат хизматчилари давлатга ва конституцияга садоқати ҳақида қасамёд
қилади. Эвазига давлат уларни умрбод иш билан таъминлайди. Фақат қоидабузарлик
ёки коррупция уларни пенсия ва ижтимоий ҳимоядан маҳрум қилади. Немислар
тезликка эмас, аниқликка эътибор қаратади. Давлат идорасида учрашув соат 09:00
да белгиланган бўлса, ҳеч кимнинг бир дақиқа кечикишга ёки барвақт келишга
ҳаққи йўқ. Ҳеч бир давлат хизматчиси қоидаларни ўзича талқин қилолмайди.
Тилга олинган мазкур уч давлат тажрибасида битта ўхшашликни илғаш
мумкин: у ерда тизим инсоннинг кайфияти ёки шахсий хоҳишига қараб ишламайди.
Қатъий ахлоқий қоидалар ва вақт менежменти давлат аппаратини ҳис-туйғулардан
холи, фақат фуқаро ва жамият фаровонлигига хизмат қиладиган механизмга
айлантирган.
Рақамли интизом
архитектураси
Жаҳон тажрибаси яна шуни кўрсатадики, давлат бошқарувида қатъий
интизом ва тайм-менежмент ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмайди, албатта. Бунинг учун
кучли ҳуқуқий база, аниқ регламент ва ижрони назорат қилувчи замонавий механизм
зарур. Ҳар қандай ислоҳотнинг ҳаётийлигини таъминлаш унинг қоғоздан амалиётга
қанчалик тез ва сифатли кўчиши билан ўлчанади. Сўнгги йилларда мамлакатимизда
ҳам давлат идоралари фаолиятини соат механизми каби ишлашга йўналтириш,
қоғозбозликни қисқартириш, хизматчиларнинг ижро маданиятини янги босқичга олиб
чиқиш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Бу борада
Президентимизнинг 2021 йил 10 февралдаги “Қонунчилик ҳужжатлари ижросини
самарали ташкил этишда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият
органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга доир қўшимча
чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда 2025 йил 25 июлдаги “Давлат органлари ва
ташкилотларда ижро интизомини янада мустаҳкамлашнинг қўшимча чора-тадбирлари
тўғрисида”ги фармонлари ҳуқуқий замин яратмоқда. Қолаверса, давлатимиз
раҳбарининг 2021 йил 31 майдаги “Ijro.gov.uz” ижро интизоми идоралараро ягона
электрон тизими самарали фаолият кўрсатишини таъминлашга қаратилган қўшимча
чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори давлат органлари ва ташкилотларда ижро
интизомини мустаҳкамлаш, идора ва ташкилотлар раҳбарларининг шахсий
масъулиятини оширишда дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.
Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 30 сентябрдаги
“Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ижросини назорат
қилишнинг янги механизмларини жорий этиш тўғрисида”ги қарорига асосан ҳукумат
қарорлари ижросини назорат қилишнинг янги тартиби жорий этилди. Мазкур ҳужжат
норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни пухта ишлаб чиқиш ва қабул қилишнинг таъсирчан
амалиётини шакллантириш, уларни кенг жамоатчилик ҳамда аҳолига тезкор етказишда
ягона тизим жорий этилишида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Юқорида санаб ўтилган ҳуқуқий меъёрлар ва “Ijro.gov.uz” тизимининг
самарадорлигини Республика Маънавият ва маърифат маркази фаолиятида кўришимиз
мумкин. Идорада хориж тажрибаси асосида тизимлилик, тайм-менежмент ва инсон
омилидан холи қатъий назорат механизми ишлаётганига гувоҳ бўламиз. Тизимнинг
нақадар тиғиз ва аниқ алгоритм асосида ишлаганини 2025 йилги сарҳисоблар ҳам кўрсатиб
турибди.
Хусусан, йил давомида давлатимиз раҳбарининг 79 та ҳужжати (фармон,
қарор ва баёнлар) асосида 223 та топшириқ устида ишланди. Шундан 146 тасининг
ижроси тўлиқ таъминланиб, назоратдан ечилди ва 65 та топшириқ доимий тусга эга
бўлгани боис, кейинги муддатга ўтказилди, шунингдек, 12 та топшириқнинг бажариш
муддати 2026 йил этиб белгиланган.
Президент Администрацияси раҳбарининг 17 та ҳужжатидаги 31 та топшириқ
ижроси бўйича тегишли ишлар қилинди. Хусусан, топшириқларнинг 20 таси тўлиқ
бажарилди, 4 та топшириқ кейинги муддатга ўтказилди ва 7 та топшириқни бажариш
муддати 2026 йил этиб белгиланган.
Вазирлар Маҳкамасининг 37 та ҳужжатидаги 154 та топшириқ бўйича
тизимли ишлар йўлга қўйилди. Хусусан, топшириқларнинг 125 таси тўлиқ уддаланди,
20 та топшириқ ижроси 2025 йил учун бажарилиб, кейинги муддатга ўтказилган, 9
та топшириқни бажариш муддати 2026 йил этиб белгиланган.
Рақамлар таҳлили шуни кўрсатадики, давлат раҳбарининг ҳужжатларида
белгиланган топшириқлар сони 2023 йилдаги 104 тадан 2024 йилда 145 тага, 2025
йил якунига кўра эса 223 тага етган. Топшириқлар кўламининг қисқа даврда икки
баробардан зиёдга ортиши Республика Маънавият ва маърифат марказининг
мамлакатдаги ислоҳотлар жараёнида асосий ғоявий-маърифий марказ сифатидаги ўрни
кескин ортганини ифодалайди.
Айниқса, 2026 йил биринчи чорагининг ўзидаёқ 204 та топшириқ
белгилангани марказнинг қарорлар қабул қилиш ва мафкуравий сиёсатни
мувофиқлаштириш бўйича марказий бўғин сифатидаги фаолияти янги босқичга
чиққанини англатади. Ушбу тенденция нафақат иш ҳажмининг ортишини, балки
маънавий-тарбиявий ишлар самарадорлигини баҳолашда замонавий мониторинг
механизмларини қўллаш ҳамда натижадорликка йўналтирилган тизимли бошқарувга
ўтиш заруратини тақозо этмоқда.
Кўриниб турибдики, рақамлаштирилган “Ijro.gov.uz” тизими давлат
органларида соат механизми каби аниқликни ўрнатмоқда. Юқоридаги рақамлар
шунчаки навбатдаги ҳисобот эмас, бевосита жамият маънавияти ва маърифатига
масъул бўлган марказий идора ходимларининг халқ олдидаги ҳисобдорлигини кўрсатувчи
амалий барометрдир.
Халқ билан мулоқот —
самарадорлик гарови
2026 йил 13 мартда Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида
халқ мурожаатлари билан ишлаш тизимини янги даражага кўтариш ва жамоатчилик
фикрини чуқур таҳлил қилишга бағишлаб ўтказилган махсус йиғилишда аҳоли дардини
эшитиш, ҳар бир мурожаатга адолатли ва қонуний ечим топиш давлат органларининг
устувор вазифаси экани алоҳида таъкидланди. Шу нуқтаи назардан, масъул
ташкилотлар фаолиятини самарали ташкил этиш, мурожаатларни ўз вақтида ва
сифатли кўриб чиқиш орқали аҳоли ишончини мустаҳкамлаш муҳим аҳамият касб
этади.
Мазкур ёндашувлар асосида марказ томонидан ҳам фуқаролар
мурожаатларини тизимли равишда кўриб чиқишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жумладан, Президентимиз доим таъкидлаб келаётган “халқ давлат идоралари учун
эмас, давлат идоралари халқ учун хизмат қилиши керак” деган тамойил асосида
марказда фуқаролар билан очиқ ва самарали мулоқот изчил йўлга қўйилмоқда. Келиб
тушган мурожаатлар амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқ атрофлича кўриб
чиқилиб, ҳар бир масалага ҳуқуқий жиҳатдан асосли ечим топишга алоҳида эътибор
қаратилмоқда. Бу эса аҳоли дардига қулоқ тутиш, мурожаатлар билан ишлашда
масъулият ва адолат тамойиллари устувор эканини яққол кўрсатади.
Шу билан бирга, соҳага замонавий ахборот-коммуникация
технологияларининг татбиқ этилиши мониторинг ва таҳлил тизимини янги босқичга
олиб чиқди. Рақамли платформалар имкониятидан фойдаланиш нафақат мурожаатларни
тезкор кўриб чиқиш, балки такрорланувчи муаммоларни илдизи билан аниқлаш ва
уларни бартараф этиш бўйича тизимли ечимлар ишлаб чиқишга хизмат қилмоқда.
Бу эса, ўз навбатида, ҳудудлардаги долзарб масалаларни барвақт ҳал
этиш ҳамда давлат бошқарувида юқори самарадорликка эришиш гаровидир.
Тараққиёт техникаси
Давлат хизматчисига халқ ва давлат тақдири ишониб топширилади.
“Ijro.gov.uz” тизимига келиб тушган ҳар бир топшириқ ёки мурожаат замирида
инсон тақдири ётади. Уни пайсалга солиш, ўз вақтида бажармаслик ёки юзаки
ёндашиш қонунан интизомий жазо бўлса, шарқона маънавият мезонларида омонатга
хиёнат, яъни оғир маънавий жавобгарлик сифатида баҳоланади. Ижро интизоми бу
ўринда ходимнинг виждон кўзгусига айланади.
Ижро интизоми ва тайм-менежмент тушунчаларини миллий қарашларимизда
ифода этадиган бўлсак, маърифатпарвар жадид боболаримизнинг меросига эътибор
қаратишимиз керак. Абдурауф Фитрат исрофгарчилик деганда фақат тўй-ҳашамлар ёки
мол-дунё исрофини эмас, биринчи навбатда, вақт ва умр исрофини назарда тутган
эди. Давлат идорасидаги бюрократия, фуқаронинг сарсон қилиниши ёки битта
ҳужжатнинг ҳафталаб тасдиқ кутиши миллат вақтини ўғирлаш, тараққиёт кушандаси
ва мудҳиш исрофгарчиликдир.
Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳам мақолаларида тараққий этган миллатларнинг
асосий сири уларнинг қатъий интизоми ва тартибида эканини куйиниб ёзган. Жамиятни
ўзгартириш учун қуруқ ҳис-туйғулар етарли эмаслиги, қилинган ҳар бир ният
(топшириқ) аниқ ва муддатли ҳаракатга айланиши кераклигини уқтирган.
Жадидларимиздан кейинги зиёлилар авлоди фаолиятига назар ташласак ҳам
интизом ва тартиб улар учун энг муҳим таянч бўлганига ишонч ҳосил қиламиз.
Масалан, атоқли навоийшунос олима, Ўзбекистон Қаҳрамони Суйима Ғаниева бир
суҳбатида “Менинг ҳаётда ва илмда эришган барча ютуқларимга фақат мунтазамлик,
қатъий интизом сабаб бўлган”, деган эди.
Янги Ўзбекистонда жорий қилинган рақамли назорат тизими аслида ана шу
ички маданиятни шакллантиришга қаратилган турткидир.
Инсон табиатан қулайликка ва хотиржамликка мойил. Қатъий интизом
ходимда, аввало, ўзини ўзи назорат қилиш, вақтни қадрлаш ва ўз касбига садоқат
ҳиссини тарбиялайди. Айниқса, жамиятнинг маънавий қиёфаси учун бевосита масъул
бўлган Республика Маънавият ва маърифат маркази тизимида ижро интизоми алоҳида
аҳамият касб этади. Чунки маънавиятни тарғиб қилувчи зиё маскани ўз фаолиятида
очиқлик ва халқ билан мулоқот (мурожаатлар билан ишлаш маданияти)да бошқа барча
идорага ўрнак бўлиши энг муҳим маънавий масъулиятдир.
Сўз, амал ва масъулият туташган ерда юксалиш бошланади. Бугун
маънавият минбарларда эмас, электрон тизимлардаги шаффофликда, фуқарога ўз
вақтида берилган жавобда намоён бўлади. Чунки замонавий давлатда маънавият
ҳиссиёт эмас, балки ишлайдиган тизимдир.
Шундай экан, ҳақиқий зиёлилик баландпарвоз гапиришда эмас,
мунтазамликда, топшириқни ўз вақтида адо этишда билинади.
Интизом — тараққиётнинг техникаси, масъулият эса унинг маънавий
драйверидир.
Отабек ҲАСАНОВ,
Республика Маънавият
ва маърифат маркази раҳбари