Меҳмонларни институт ректори, профессор Шавкат Ҳасанов кутиб олди. Делегация аъзоларига институт фаолияти, таълим йўналишлари, илмий тадқиқотлар ва халқаро ҳамкорлик алоқалари ҳақида тақдимот ўтказилди. Шунингдек, талабалар ва тадқиқотчилар учун яратилган имкониятлар ҳақида маълумот берилди.
Ташриф давомида институтда таҳсил олаётган япониялик магистрант Томиҳико Сато «Самарқанд қишлоқ ҳудудларида даромадларни диверсификациялаш ва уй хўжаликларининг турмуш даражаси», JICA волонтёри Кота Саито «Ўзбекистонда уруғсиз узум етиштириш», Окамото эса «Самарқандда иқлим ўзгаришига чидамли қишлоқ хўжалиги» мавзуларида тақдимот қилди.
Шунингдек, JICA билан ҳамкорликда хурмони қуритиш орқали қишлоқ оилалари даромадини оширишга қаратилган лойиҳа доирасида амалга оширилаётган ишлар тақдим этилди.
Хусусан, маҳаллий аҳоли учун ташкил этилган амалий машғулотлар, хурмони қуритиш бўйича ўтказилган тажрибалар ҳамда институт вакилларининг Японияга тажриба алмашиш мақсадидаги ташрифлари ҳақида маълумот берилди.
Лойиҳада хурмони қайта ишлаш орқали унинг қўшилган қийматини ошириш ва қишлоқ оилалари учун қўшимча даромад манбаларини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ташрифнинг рамзий қисмида JICA ижрочи вице-президенти Катсура Миязаки институт ҳудудига хурмо дарахти экди. Мазкур ташаббус институт ва JICA ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, қўшма лойиҳаларни кенгайтириш ва узоқ муддатли алоқаларни мустаҳкамлаш рамзи сифатида амалга оширилди.
Учрашув якунида институт ва JICA ҳамкорлигида амалга оширилаётган лойиҳаларнинг деҳқонлар ва қишлоқ оилалари учун амалий аҳамияти муҳокама қилинди.
Илмий тадқиқотлар ва тажриба алмашиш орқали Япониянинг илғор қишлоқ хўжалиги тажрибаларини маҳаллий шароитга мослаштириш ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларидан бири сифатида қайд этилди.
Ҳамкорлик материали