Дастлабки саралаш натижаларига кўра, туман ва шаҳар ҳокимликлари тавсияси асосида шакллантирилган 210 нафардан ортиқ номзод тест синовларида иштирок этмоқда. Синовлар давомида уларнинг билим даражаси, мантиқий ва таҳлилий фикрлаш қобилияти, шунингдек, давлат бошқаруви ҳамда ижтимоий-иқтисодий соҳаларга оид билимлари баҳоланмоқда.

Фармонга мувофиқ, маҳалла тизимида самарали фаолият юритиб, сўнгги икки йил давомида юқори натижаларга эришган маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси, ижтимоий ходим ва солиқ инспекторлари орасидан 1000 нафар салоҳиятли кадрлар захираси шакллантирилади. Захирага киритилган номзодлар Бошқарув самарадорлиги агентлиги тавсияси асосида айрим раҳбарлик лавозимларига танловсиз тайинланиши мумкин.

Саралашнинг кейинги босқичи – суҳбат жараёнида номзодларнинг касбий компетенцияси, раҳбарлик қобилияти, ташаббускорлиги, муаммоли вазиятларда қарор қабул қилиш ҳамда бошқарув кўникмалари баҳоланади.

Якунларга кўра, энг муносиб ва истиқболли номзодлар “Салоҳиятли кадрлар захираси”га тавсия этилади.

Лойиҳадан кўзланган асосий мақсад – ҳудудлар тараққиётига муносиб ҳисса қўша оладиган, замонавий фикрлайдиган ва юқори бошқарув салоҳиятига эга раҳбар кадрлар захирасини шакллантириш ҳамда уларнинг касбий ўсишини қўллаб-қувватлашдан иборат.

Фарҳод НЕЪМАТОВ