Хусусан, “оммавий маданият”нинг тобора агрессивлашиб бораётган шакллари миллий идентитет, тарихий хотира ва маънавий қадриятлар тизимига сезиларли босим ўтказмоқда. Бу ҳодиса энди оддий маданий жараён эмас, балки давлат ва жамият хавфсизлигига дахлдор стратегик масалага айланиб боряпти. Замонавий сиёсатшунослик ва социология назарияларида ҳам бу фикр кенг эътироф этилади.

Демак, миллий ўзликни англаш ва мустаҳкамлаш ҳар қандай мустақил давлатнинг устувор вазифасидир. Шу нуқтаи назардан, “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида маънавий-интеллектуал тикланиш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Чунки тарихий тажриба шуни кўрсатадики, ҳар қандай жамиятнинг узоқ муддатли барқарорлиги ва тараққиёти унинг иқтисодий кўрсаткичларидан кўра, маънавий асосларига боғлиқ.

Иқтисодиёт назариясида “инсон капитали” деган тушунча мавжуд бўлиб, у нафақат билим ва кўникмаларни, балки шахснинг қадриятлари, мотивацияси ва ахлоқий сифатларини ҳам қамраб олади. Демак, касб шахснинг маънавий-маданий қиёфасини шакллантирувчи муҳим омилдир.

Бу жиҳатни буюк мутафаккирларимиз меросида ҳам яққол кўриш мумкин. Масалан, Имом Бухорий ўзининг илмий фаолияти орқали илмни маънавий покланиш воситаси сифатида талқин этган. Унинг ҳадис илмидаги ёндашуви аниқлик, ҳалоллик ва масъулият принципларига асосланган бўлиб, бугунги илмий методология талабларига ҳам тўлиқ мос келади.

Алишер Навоий эса инсон камолотини тўла маънода маънавият билан боғлайди. Унинг асарларида комил инсон юксак ахлоқий фазилатларга эга шахсдир. Навоий таълимотида меҳнат, ҳалоллик, фидойилик каби қадриятлар марказий ўрин эгаллайди. Бу эса бугунги касб эгасининг идеал моделини белгилашда муҳим методологик асос бўлиб хизмат қилади. Шу боис, замонавий касбий таълим тизими олдида турган энг муҳим вазифа тарихий-маънавий меросни инновацион таълим технологиялари билан уйғунлаштиришдан иборат. Бугун дуал таълим, компетенцияга асосланган ёндашув, модуль тизимлари айнан шу мақсадга хизмат қилмоқда. Бироқ уларнинг самарадорлиги фақат техник кўрсаткичлар эмас, балки тарбиявий компонент билан белгиланади. Зеро, касб эгаси фақат малакали мутахассис бўлиб қолмаслиги керак. У жамиятнинг фаол фуқароси ҳамдир.

“Руҳий инклюзия” тамойили

Ёшлар мафкурасини шакллантириш масаласи ҳар қандай жамият тараққиётининг энг мураккаб ва масъулиятли йўналишларидан. Бу жараённи оддий тарғибот, шиор ёки юзаки насиҳат билан амалга ошириб бўлмайди. Чунки мафкура ташқи таъсир натижаси эмас, балки ички эътиқод, онгли танлов ва қалбга сингган қадриятлар тизимидир. Демак, ёшлар билан ишлашда асосий урғу онгдан ташқари, қалбга йўл топишга ҳам қаратилиши зарур. Шу нуқтаи назардан қараганда, касбий таълим тизимида мафкуравий тарбиянинг янги модели — “руҳий инклюзия” тамойили алоҳида аҳамият касб этади. Бу тушунча ёшларни миллий қадриятлар ва мафкурага мажбурлаш билан эмас, балки уларни ичдан боғлаш, ўзлигини англашга йўналтириш орқали шакллантиришни англатади.

“Руҳий инклюзия”ни таъминлаш тизимли ва илмий асосланган механизмлар ёрдамида амалга оширилади. Уларнинг ичида биринчи ва энг муҳим йўналиш тарихий хотира ҳамда  ворисликни таъминлашдир. Ҳар бир касб, ҳар бир ҳунар ўз тарихига эга. Бу тарих авлодлар тажрибаси, меҳнат фалсафаси ва маънавий қадриятлар тизими. Ўзбек заминидан етишиб чиққан буюк алломалар ҳаёти бу борада беқиёс ибрат манбаи бўлиб хизмат қилади.

Иккинчи муҳим йўналиш — мафкуравий иммунитетни шакллантиришдир. Бугунги глобаллашув шароитида ахборот оқими мислсиз даражада тезлашди. Гибрид урушлар, ахборот хуружлари, маданий экспансия каби ҳодисалар ёшлар онгига бевосита таъсир кўрсатмоқда. Бундай шароитда уларни ҳимоя қилишнинг энг самарали йўли ички мустаҳкамликни шакллантиришдир. Психологияда бу ҳолат “мақсадли ҳаёт стратегияси” билан изоҳланади. Яъни ўз олдига аниқ мақсад қўйган, келажагини режалаштира олган шахс ташқи салбий таъсирларга камроқ берилади. Касб эгаллаган, ўз ўрнини топган ёш эса маънавий бўшлиққа тушмайди. Чунки унинг ҳаёти мазмун билан тўлган.

Учинчи муҳим омил — маърифий муҳитни шакллантиришдир. Таълим муассасаси шахс шаклланадиган ижтимоий макон. Шу боис, унда яратилган муҳит бевосита ёшларнинг дунёқараши ва қадриятларига таъсир кўрсатади. Таълим муассасаларидаги адабиёт кечалари, театр томошалари, ­тарихий учрашувлар, ижодий танловларнинг тизимли йўлга қўйилиши айнан шу муҳитни шакллантиради. Замонавий педагогик ёндашувларда бу “яширин ўқув дастури” тушунчаси билан изоҳланади. Яъни ўқувчи муҳит, муносабатлар ва ижтимоий тажриба орқали ҳам тарбияланади. Демак, маънавиятни шакллантириш учун махсус дарсдан кўра, тўғри ташкил этилган муҳит муҳимроқ бўлиши мумкин.

Она тили — мустаҳкам пойдевор

Миллий мафкурамиз, миллий қадриятларимиз ҳамда миллий маънавиятимиз ҳақида гап борар экан, шубҳасиз, тафаккур қулфининг очқичи бўлмиш она тилимиз ҳақида қайғурмасликнинг иложи йўқ. “Тил яшаса — миллат яшайди.” Бу ҳикмат бугунги глобаллашув ва кескин рақобат даврида янада чуқур маъно касб этмоқда. Зеро, тил миллатнинг тарихий хотираси, маданий коди ва тафаккур шаклидир. У орқали халқ ўзлигини англайди, дунёни идрок этиб, келажакни барпо этади. Шу боис, давлат тилининг ривожи масаласи энди бевосита миллий хавфсизлик ва барқарорлик омилига айланмоқда.

Алишер Навоий “Муҳокамат ул-луғатайн” асарида туркий тилнинг бой имкониятларини илмий асосда исботлаб берган ва она тилининг нуфузини юксалтириш орқали миллий ўзликни мустаҳкамлаш ғоясини илгари сурган. Навоий учун тил шунчаки ифода воситаси эмас, балки миллатнинг руҳий мустақиллиги тимсоли эди.

Бугунги янги Ўзбекистон шароитида ушбу ғоялар янги мазмун билан бойимоқда. Хусусан, касбий таълим тизимида давлат тилининг тўлақонли амал қилиши қатор стратегик йўналишлар орқали таъминланиши зарур.

Биринчидан, касбий фанларни тўлиқ давлат тилида ўқитиш масаласи ­билимларни миллий тафаккур асосида қайта талқин этишни талаб қилади. Педагогик амалиёт шуни кўрсатадики, ўқувчи ўз она тилида ўзлаштирган билимни чуқурроқ англайди ва уни амалиётда самарали қўллай олади.

Иккинчидан, соҳавий терминологияни тизимли равишда ривожлантириш зарур. Ҳар бир фан ва касб ўзининг аниқ тушунчалар тизимига эга. Агар бу тушунчалар тартибли, ягона ва илмий асосланган ҳолда шакллантирилмаса, билим узатишда узилишлар юзага келади.

Учинчидан, касбий ҳужжат юритишни давлат тилида такомиллаштириш жараёни жуда муҳим. Чунки амалий фаолиятда тилнинг реал кучи айнан техник ёзишмалар, норматив ҳужжатлар орқали намоён бўлади. Агар иш юритиш тизими тўлиқ давлат тилида ишласа, бу тил нуфузини ошириш баробарида бошқарув самарадорлигини кучайтиришга ҳам хизмат қилади. Илгари сурилаётган муҳим таклифлардан бири миллий терминология марказларини касбий таълим тизими билан чуқур интеграция қилишдир. Бу ёндашув илм-фан, таълим ва ишлаб чиқариш ўртасида ягона тил муҳитини шакллантириш имконини беради. Натижада назария ва амалиёт ўртасидаги тафовут қисқаради, билимлар узлуксизлиги таъминланади. Дунё тажрибаси ҳам бу борада муҳим сабоқ беради. Масалан, Япония ёки Жанубий Корея каби давлатлар ўз миллий тилида илм-фан ва технологияни ривожлантириш орқали глобал рақобатда юқори натижаларга эришган. Улар хорижий терминларни кўр-кўрона қабул қилиш ўрнига миллий тил асосида қайта ишлаб, илмий мактабларини яратган.

Она тилига эътибор миллат келажагига эътибор демакдир. Давлат тилининг касбий таълим тизимидаги устуворлиги эса мустақил фикрлайдиган, рақобатбардош ва маънавий баркамол авлодни тарбиялашнинг энг муҳим шарти.

“Устоз-шогирд” анъанаси

Ўзбекистон тарихида “устоз-шогирд” анъанаси мукаммал тарбия тизими сифатида шаклланган. Бу тизимда устоз нафақат билим берувчи, балки ҳаёт йўлини кўрсатувчи, шахсни камолотга йўналтирувчи маънавий етакчи сифатида намоён бўлган. Шогирд эса касб сирларини эгаллаш билан бирга устозининг ҳаётий тажрибаси, одоби, дунёқараши ва қадриятларини ҳам ўзлаштирган. Шарқ педагогик тафаккурида бу ёндашув чуқур илмий-фалсафий асосга эга. Хусусан, Абу Наср Форобий таълим-тарбия ҳақидаги қарашларида комил инсонни шакллантиришда устознинг шахсий намунасини ҳал қилувчи омил сифатида кўрсатади. Унинг фикрича, ҳақиқий устоз билим бериши баробарида фазилатлари билан ўқувчига ибрат бўлиши лозим. Бу эса устоз-шогирд муносабатларининг моҳиятини очиб беради: билим узатилади, тарбия сингдирилади.

Ёшлар технологияни тез ўзлаштиради, янги билимларни қисқа муддатда эгаллай олади. Бироқ улар кўпинча ҳаётий тажриба, маънавий йўналтириш ва ижтимоий масъулият каби масалаларда таянчга муҳтож бўлади. Айнан шу нуқтада устознинг ўрни беқиёс. Чунки технология билим беради, лекин қадрият бермайди, ахборот кўпаяди, аммо ҳикмат фақат тажриба орқали шаклланади.

Шу боис, бугун ўқитувчиларнинг жамиятдаги нуфузини ошириш, уларни фақат педагог эмас, балки маънавият тарғиботчиси сифатида эътироф этиш долзарб вазифага айланмоқда. Устознинг мақоми қанчалик юқори бўлса, жамиятнинг маънавий даражаси ҳам шунчалик юксалади. Бу эса, ўз навбатида, ижтимоий барқарорлик ва тараққиётга хизмат қилади. Миллий тафаккуримизда кенг тарқалган “Ҳунар — оқар дарё” деган ҳикмат бугун янгича мазмун касб этмоқда. Илгари бу ибора ҳунарнинг узлуксизлиги ва давомийлигини англатган бўлса, бугун у инновацион ривожланиш, билимларнинг доимий янгиланиб бориши ҳамда касбий мослашувчанликни ҳам қамраб олади. Чунки замонавий иқтисодиёт шароитида бир марталик билим етарли эмас, доимий ўрганиш ва ривожланиш зарур.

Ёшлар нафақат истеъмолчи...

ХХI аср инсониятни мутлақо янги — рақамли цивилизация босқичига олиб чиқди. Энди ахборот тезлигидан ташқари узлуксиз оқим сифатида инсон онгига кириб бормоқда. Айниқса, ёшлар ҳаёти интернет, ижтимоий тармоқлар ва мобил технологиялар билан чамбарчас боғланиб кетган. Бундай шароитда маънавий-маърифий ишларни анъанавий, бир ёқлама усуллар орқали бажариш кутилган натижани бермайди. Чунки аудитория ўзгарди. Демак, ёндашув ҳам ўзгариши шарт.

Бугунги ёшлар  ахборотни фақат истеъмол қилмайди, уни яратади, улашади, қайта талқин қилади. Шу боис, маънавиятни ҳам энди статик тушунча деб бўлмайди.  У динамик, интерактив ва рақамли шаклга эга бўлиши зарур. Бу жараён илмий адабиётларда “рақамли трансформация” деб аталади ҳамда иқтисодиёт қаторида маданият ва тарбияга ҳам бевосита таъсир этади.

Ҳозир ижтимоий тармоқлар ёшлар онгига энг кучли таъсир кўрсатувчи ахборот манбаларига айланган. Агар миллий қадриятлар айнан шу майдонда креатив, замонавий ва жозибадор шаклда тарғиб қилинмаса, бу бўшлиқни бошқа, кўпинча ёт ғоялар эгаллаши мумкин. Шу боис, миллий контент яратиш масаласи стратегик аҳамият касб этади. Бу контент визуал ва эмоционал жиҳатдан ҳам таъсирчан бўлиши керак. Масалан, қисқа видеолавҳалар, анимациялар, подкастлар, блоглар орқали тарихий мерос, миллий қаҳрамонлар, касбга садоқат, ҳалоллик каби қадриятларни ёшлар тилида ифода этиш мумкин. Бу эса маънавиятни қизиқарли ва жозибадор жараёнга айлантиради.

Яна бир муҳим йўналиш — ватанпарварликнинг амалий моделини шакллантиришдир. Назарий тарғибот ўз-ўзича етарли эмас. Ёшлар учун “Ватан севгиси” тушунчаси аниқ амалий фаолият орқали англашилса, у барқарор эътиқодга айланади. Шу маънода, “Ватан севгиси — амалда” тамойили долзарб аҳамият касб этади. Бу борада волонтёрлик ҳаракатлари, экологик акциялар, ижтимоий лойиҳалар, маҳалла ташаббуслари катта имконият яратади. Масалан, ёшларнинг ижтимоий муаммоларни ҳал этишдаги иштироки уларнинг фуқаролик позициясини мустаҳкамлайди.

Шунингдек, рақамли тарбия тизимини шакллантириш ҳам маънавий қадриятларни замонавий технологиялар орқали ёшлар онгига сингдиришга хизмат қилади. Мобил иловалар, интерактив платформалар, гамификация элементлари асосида яратилган дастурлар бу борада самарали восита бўла олади. Замонавий таълим назарияларида бу жараён “edutаinment” (educаtiоn + entertаinment), яъни ўйин орқали ўқитиш концепцияси дея изоҳланади. Бу ёндашув ёшларнинг қизиқишини оширади, уларни фаол иштирокчи сифатида жалб этади ва билимни онгли равишда ўзлаштиришга ёрдам беради. Масалан, тарихий шахслар ҳаётига бағишланган интерактив ўйинлар ёки касбий кўникмаларни ривожлантирувчи симуляторлар ёшлар учун бир вақтнинг ўзида ҳам билим, ҳам тарбия манбаи бўлиши мумкин. Бундан ташқари, рақамли муҳитда “ахборот гигиенаси”ни шакллантириш ҳам муҳим. Чунки ахборот кўплиги шароитида тўғри ва нотўғри маълумотни ажрата олиш қобилияти замонавий маънавиятнинг ажралмас қисмидир.

Келажак илмли авлод қўлида

Бугун янги Ўзбекистон ўз тараққиётининг мутлақо янги босқичига — Учинчи Ренессанс сари қатъий ишонч билан одимламоқда. Бу атама шунчаки баландпарвоз ғоя эмас, балки чуқур тарихий илдизларга эга, миллий ўзлик ва замонавий тараққиёт уйғунлигига асосланган концептуал ривожланиш модели. Зеро, инсоният тарихида юз берган ҳар бир ренессанс, аввало, тафаккур уйғониши, маънавий янгиланиш ва илм-фан тараққиёти билан белгиланади.

Марказий Осиё ҳудуди эса аллақачон икки буюк уйғониш даврини бошдан кечирган. Бугунги Учинчи Ренессанс эса тарихий меросни замонавий тараққиёт билан уйғунлаштиришга қаратилган. Унинг асосий таянчи — билимли, касб-ҳунар эгаллаган, мустақил фикрлайдиган ва энг муҳими, юксак маънавиятли ёшлар. Чунки ҳар қандай буюк ўзгаришлар марказида инсон омили туради. Агар инсон баркамол бўлмаса, жамият ҳам тараққий этмайди. Янги Ўзбекистондаги ислоҳотлар марказида “Инсон қадри учун” деган тамойил турибди. У нафақат ижтимоий сиёсат, балки таълим тизимининг ҳам бош мезонига айланмоқда. Айниқса, касбий таълим тизимидаги янгиланишлар — дуал таълим, замонавий стандартлар, ишлаб чиқариш билан интеграция — барчаси инсон салоҳиятини рўёбга чиқаришга хизмат қилмоқда. Бироқ бу жараённинг энг муҳим жиҳати шундаки, унинг руҳи ва мазмуни маънавият билан суғорилган бўлиши шарт. Чунки фақат техник билимга асосланган тараққиёт барқарор бўла олмайди. Маънавий асос бўлмаган жамиятда ривожланиш мувозанатини йўқотади.

Илҳом ХОЛМУРОДОВ,

Касбий таълим агентлиги директорининг маънавият ва давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси