Мазкур ҳикматда таъкидланишича, ўтган “совуқ кунлар”, қийинчиликлар унутилади. Кун мавзусига навбатдаги масалалар, айтайлик, янги муаммолар чиқаверади.

“Ўзбекистон бундан ўн йил бурун қандай эди, ҳаётимиз, шароитларимиз, туриш-турмушимиз, тафаккуримиз, бийрон тилимизнинг ҳоли нечоғлиқ эди ўша пайтлари? Афсуски, одам боласи тез унутади. Қадрига етиш, шукр қилиш деган оддий инсоний туйғуларни ҳам эсдан чиқаради. Кўз ўнгимизда юз бераётган катта ўзгаришларнинг фарқига бормайди ёки билиб туриб, такаббурлик қилади”, деб ёзди таниқли сиёсатшунос Қудратилла Рафиқов “Миллат Шавкати” мақоласида.

Ҳақиқатан шундай. Одам боласи табиатан на иссиққа, на совуққа чидайди. Лекин барибир ҳар бир иймон-эътиқодли, яхши-­ёмоннинг фарқига борадиган, яхшиликнинг қадрига етадиган, бир сўз билан айтганда, одамгарчилиги бор киши бугунги ўзгаришларни, беқиёс имкониятларни, албатта, эътироф этади. Зеро, бугуннинг қадрига етиш учун кечаги кунни эслаш керак-ку!

Бу, албатта, кечани ёмонлаш ёхуд кимнидир ёмонотлиқ қилиш учун эмас. Кеча — кеча эди. У ўтди. Унинг муваффақиятлари ҳам, муаммолари, йўл қўйилган камчиликлари ҳам кечаги кунники. Мақсад эса бугуннинг қадрига етиш, эртамизнинг янада ёруғ, фаровон бўлишига ҳисса қўшиш. Бунинг учун эса кеча йўл қўйилган хатоларни қайтиб қилмаслигимиз, улардан сабоқ чиқаришимиз лозим.

Инсон бу дунёда, албатта, эркин ва озод яшашни истайди. Бу энг улуғ бахт. Ўйлаб кўринг, бундан ўн йил аввал мамлакатимизда сўз ва матбуот эркинлиги қандай эди? Мабодо бирор нашрда озгина танқидий мақола эълон қилинса ёки бирор эфир орқали аччиқроқ гап айтилса, худо урди, деяверинг эди: танқид объекти эмас, танқид қилувчи нишонга олинарди. Шунинг учун ҳамма “ақлли” бўлиб қолган эди. Ҳеч ким ҳақ сўзни айтишга ботинолмасди. Бу қоидани бузганлар ҳам бўлгандир. Лек шуниси аниқки, ундайлар туғилганига пушаймон бўлмагунча тинч қўйилмасди.

Энди айтинг, бу гаплар ёлғонми? Ахир ҳаммаси ҳақиқат-ку. Президентимиз 2023 йили Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида бир гуруҳ зиёлилар билан суҳбатлашар экан, кечаги сўз эркинлиги ҳақида, очиқлик масаласида қу­йидаги мазмунда гапирган эдилар:

“Ёпиқ давлат бўлиб, оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватламаганимиз учун халқнинг овозини эшитмадик... Эркинлик нафаси ёқадими? Менга ёқади... яна олдингидек... бўлаверсинми? Биз ниятимизга етдикми? Биримиз икки бўлдими? Шунинг учун эркинлик нафасини, оммавий ахборот воситаларини дўст биламиз. Гапирсин, адолатни гапирсин. Танқид қилсин, тўғри танқид бўлсин. Шу қишлоққа, мактабга, таълимга фойдаси бўлса, нур устига нур. Мен ҳар куни ўқийман, интернетни ҳам ўқийман. Ким қандай гапирганини вақтим борича, қўлимга қалам олиб, ўзимга ёзиб оламан. Барибир 10 та фикрдан 9 таси тўғри бўлиб чиқади. Бу тўғри йўналишми? Агар бизда оммавий ахборот воситалари ёпиқ бўлса, сизларни ҳам ҳеч ким эшитмайди”.

Мамлакатимиз етакчисининг бундай очиқ ва самимий фикрлари барча зиёлилар, халқимизни, жумладан, қалам аҳлини ҳам бирдек жуда-жуда қувонтиради.

Яратганга шукр, бугун янги Ўзбекистонда сўз ва матбуот эркинлиги, холислик ва адолат тамойили тикланди. Ижод аҳлига эътибор юксак даражада. Бунга Президентимизнинг яқинда маданият, санъат ва адабиёт аҳлига кўрсатган эътибори яна бир ёрқин далил бўлди.

Мустақилликка эришганимиздан сўнг муайян вақт ўтиб юртимизда автомашина ишлаб чиқарилиши, Ўзбекистон ўз автомобилига эга бўлиши ҳақида кўп бонг урилган эди. Албатта, бундан хурсанд бўлганмиз. Нега қувонмайлик, ватанимиз дунёда автомобиль ишлаб чиқарадиган мамлакатлардан бирига айланадиган бўлса?! Лекин ўзимизда ишлаб чиқарилган бу автомобилларга эга бўлиш учун  юртдошларимиз не қийинчиликларга ҳам учраганини  ҳеч ким унутган бўлмаса керак.

Сабаби ўзимизда ишлаб чиқарилган машиналар халқимизга миллий валютамиз — сўмда эмас, долларда сотилган пайтлар бўлди. Чет эл валютасини эса одамлар кўпинча банкдан эмас, кўчадан — қора бозордан сотиб олишга мажбур эдилар. Жуда катта муаммо эди-да булар. Бу, биринчидан.

Иккинчидан, банклардаги валюта айирбошлаш сиёсати бир гуруҳ корчалонларнинг қўлида бўлиб, очиқдан-очиқ узоқ йиллар коррупцион схемага айланиб улгурган эди. Халқимиз учун эса четдан қулайроқ усулда машина харид қилиш йўли ёпилган, истайсизми-йўқми, ўзимизда чиққан машиналар учун аввалдан қанчадир  қийматини тўлаб қўйиб, машина чиқишини бир йил, ҳатто ундан ҳам ортиқ кутиш одатий ҳолга айланганди. Ҳатто айрим бозори чаққон русумли машиналарга “шапка” бериш керак бўлгани-чи? Шуниси қизиқки, автомашиналар учун навбат келгунича, унинг нархи бир-икки бор ўзгарар, албатта, қимматлашар, олдиндан тўлаб қўйилгани эса ҳисобга олинмас, яна ­устама нархни тўлаб, автоулов эгаси бўлиш “бахти” худди олимпиада ғолиби бўлишдек мушкул вазифа эди.

Хўш, айтинг, бу воқеаларнинг қай бир жиҳатини гапирганда “кечаги кунни ёмонотлиқ қилиш”, дея оламиз?

Ҳаммаси ҳақиқат эмасми?

Ҳақиқат шуки, Президентимиз Шавкат ­Мирзиёев давлат раҳбари бўлгач, бу бедодлик­ларнинг барига барҳам берилди. Ҳозир мамлакатимизда автомобиль харид қилиш масаласида у пайтлардагидек сунъий навбатлар, айтайлик, йил бўйи яна 60-70 фоиз тўловини олдиндан амалга ошириш шарт деган “мажбурият”лар йўқ-ку! Буни бугун ҳатто тасаввур ҳам қилиша олмайди юртдошларимиз. Нега? Негаки соҳада адолат мезонлари ўрнатиб қўйилди. Марҳамат, авто­уловларнинг исталган русумини бир кунда олиб кетаверинг. Ҳатто маълум фоизларни тўлаб, қолганини уч йилда ёки беш йилда тўланг!

Банклардан хорижий валюта харид қилиш масаласида-чи, бугунги кунда бу борада бирорта муаммо борми? Бир пайтлардагидек бир-икки минг доллар сотиб олиш учун не-не казо-­казоларга учрашиш, таниш-билиш ахтариш керакми? Йўқ, албатта!

Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим шу йил май ойида етакчи нашрларда эълон қилган “Риёсиз сўзлар” мақоласида куйиниб ёзди:

“Бозорга борасан. Ҳар қадамда “долларчи”лар шайкаси... Долларнинг нархи расмий курсдан икки баробар баланд. Кўр бўлиб оласан”.

Халқ шоири яна эслаганидек, бутун халқ — ўқитувчидан тортиб, шифокоргача, қурувчидан тортиб, ижодкорларгача, ҳатто пенсионерлар шундоғам 10-15 кун кечикиб оладиган маошини, пенсиясини 20-30 фоизга нақдлаштириш учун яна ўша бозордаги олғирларга борганлари-чи, бу ҳам нотўғрими? Булар ахир бундан бор-йўғи 10-11 йил аввалги ҳаётимиз манзаралари эмасми?

Албатта, ҳеч ким бу нарсаларни эслагиси келмайди. Эсламаганимиз ҳам тузукдир, эҳтимол. Чунки ҳар эслаганда юраклар зирқирайди, беихтиёр ачиниб кетасан...

Айниқса, ёшларни олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш борасидаги турли ғирромликларни бугунги ёшлар билишмас. Гарчи таълимдаги янгиликлар, илғор тажрибалар, ҳар хил тест синовларининг жорий этилгани юксак шиорлармонанд тарғиб-ташвиқ қилинган бўлса-да, аслида, манзара бутунлай тескари эди. Буни ҳамма биларди. Шундай вақтлар бўлдики, таниш-билиш, пора билангина ўқишга кириш мумкинлигини ҳатто мактаб ўқувчилари ҳам тушуниб қолганди.

Олий таълим муассасаларида “бункер”лар ташкил этилар, бу “бункер”ларда эртага ўзлари таълим берадиган ўқитувчилар, ҳатто профессорлар, фан докторлари жойлашар, қўшимча равишда барча адабиётлар, қўлланмалар билан қуролланган ҳолда “адолатли” тест ўтаётган хоналардан “бахтли рўйхат”га илинган абитуриентларнинг синов варақаларини бехато ишлаб бериш билан банд бўлишарди. Бундай олганда, эндигина мактабнинг 10-синфини битириб келган пок юракли ўғил-қизларимиз билан ноҳақларча курашилар, ёшлар эса жамиятнинг бундай ноҳақ, кир ўйинларига дуч келиб, шаффоф орзу-умидлари чилпарчин бўларди.

Айнан шу масалада узоққа бормай, ўзимнинг оиламда кечган воқеаларни эслай. 2007 йили бўлса керак адашмасам, ўғлим Ўзбекистон Миллий университети ҳузуридаги лицейни тугатиб, Тошкентдаги обрўли университетлардан бирига ҳужжатларини топширди. Кечаю кундуз имтиҳонларга тайёргарлик кўрди. Қўшимча тайёрлов курсларига қатнади. Лекин... тест натижалари эълон қилинганда 174 балл (назаримда, ўша пайтда ҳам бу яхши кўрсаткич эди) олгани, лекин ўқишга киришига ақалли бир-икки балл “етмагани”ни кўриб, кўзида жуда катта алам, ноҳақликка, ноҳалолликка, адолатсизликка бўлган ёш милтиллаганида унинг эмас, менинг бутун вужудим ёниб-куйиб кетган эди. Шундан сўнг у мамлакатимиздаги халқаро университетларнинг бирига ҳужжат топширди ва ҳеч қандай муаммосиз ўқишга қабул қилинди.

Афсуски, қизимнинг олий ўқув юртига кириши ҳам худди шундай муаммоли кечган. У пойтахтимиздаги тиббиёт йўналишига оид олий таълим муассасасига киришни мақсад қилганди. Лекин изма-из икки йил тест жавоби эълон қилинганда қандайдир 0,1 ми, 0,5 ми қийқим баллар “етмай қолгани” учун тинимсиз тайёргарлик кўрганига қарамай, ўқишга кира олмади. Шундан сўнг қиз бола бўлса-да, ноилож Москва шаҳридаги тиббиёт йўналиши бўйича университетга ўқишга юбордик. Бир йил хорижда ўқигач, не-не азоб-уқубатлар билан ўзимиздаги олий ўқув юртларидан бирига ўқишини кўчиришга муваффақ бўлдик. Шундаям ўзимиз Тошкентда яшасак-да, Самарқанддаги тиббиёт институтига қайта кўчириб беришгани учун ҳам дўппимизни осмонга отганмиз. Мен шунга ишонаманки, мабодо фарзандларим бугун юртимиздаги олий таълим масканларига ўқишга кириш учун синовларни топширишганларида эди, ҳеч шубҳасиз, давлат гранти асосида қабул қилинган бўлар эди. Чунки бугун олий таълимдаги шаффофликка ҳаммамиз гувоҳмиз. Кечаги яқин ўтмишимизда эса минг-минглаб юртдошларимиз бу борадаги ноҳақликларга, адолатсизликларга гувоҳлар.

Дарҳақиқат, бугун илм оламан, ўқийман деган ёшларда юқоридагидек муаммоларнинг қайси бири бор?

Инсоф билан айтганда, Президентимиз олий таълим соҳасидаги чириб кетган унсурларни йўқ қилди. Тўлиқ шаффоф тизим яратилди. Ўзбекистонда кейинги йилларда юзга яқин янги олий таълим муассасаси очилди. Қанча илғор мамлакатларнинг олий таълим масканлари филиаллари ташкил этилди. Фарзандларимизнинг қўлга киритаётган, жаҳонни ҳайратга солаётган муваффақиятлари, демакки, ўз-ўзидан рўёбга чиқаётгани йўқ.

Халқимиз ниҳоятда меҳнаткаш, ишдан қочмайдиган халқ. Лекин ана шундай оғир меҳнатларни бажарадиган эл, сизнингча, нима учун мустақилликка эришганидан кейин ҳам ўша аввалги собиқ шўролар давридагидек пахта далаларига ҳайдалар эди?

Негаки Президентимиз Шавкат Мирзиёев иқтидорга келгунича талабалар ҳам, мактаб ўқувчиларию муаллимларидан тортиб, давлат ташкилот-корхоналарида ишловчилар, хуллас, ҳамма-ҳаммани худди “ёппасига фронтга” деганларидек, пахта йиғим-теримига сафарбар қилиш тўхтамади. Шу аснода дунё бўйлаб “болалар меҳнатидан фойдаланиш” деган айб қў­йилиб, маълум санкцияларга маҳкум этилмаганмидик?!

Кун бўйи пахта даласидан чиқмаган ана шундай халқ гарчи истиқлолга эришганига қанча йиллар бўлса-да, ариқ-зовурлардан сув ичишга, 15-16 соатлаб электр энергиясидан мосуво яшашга мажбурлигича қолаверган эди.

Биргина Сурхондарё вилояти мисолида аҳолини тоза ичимлик сув билан таъминлаш масаласида Президентимиз эътибори билан қилинган ислоҳотни мисол келтирсак. Воҳада энг оғир муаммолардан бири одамларнинг тоза ичимлик сувга эҳтиёжи масаласи бўлиб келган эди. Аҳолининг катта қисми ариқ ва зовурлардан сув олиб ичишга мажбур бўлди. Шунда давлатимиз раҳбари вилоят аҳлининг бу муаммосини ке­йинги 3-4 йилда ижобий ҳал қилди. Бугун вилоят маркази — Термиз шаҳридан қарийб 200 километр узоқликда жойлашган Сариосиё туманидаги “Тўполанг” сув омборининг тоза сувидан вилоятнинг қарийб барча туманлари аҳолиси баҳраманд бўлмоқда. Бундай савобли ишларга бир неча мил­лиардлаб сармоя ажратилди.

Эҳтимол, айрим жойларда бугун ҳам ижтимоий-иқтисодий соҳаларда муаммолар бўлиши мумкин. Ҳаёт муаммоларсиз бўлмайди. Лекин касб тақозосига кўра, мамлакатимизнинг энг чекка ҳудудларида ҳам бўламиз. Яратганга шукр­ки, бугун бирор жойда ҳар куни 15-16 соат­лаб свет ўчиши ҳам, унча чекловлар ҳам йўқ. Демак, қилса бўлар экан-ку! Халқни ўйласа, халқ учун яшаса бўлар экан-ку!

Халқимизда “Қўшнинг тинч — сен тинч” деган ҳикмат бежиз айтилмаган. Минг афсуски, истиқлолга эришганимиздан кейин узоқ йиллар қўшни бўлган, худди эту тирноқдек яқин мамлакатлар билан аҳил бўла олмадик. Чегаралар тақа-тақ ёпиб ташланди. Нима учун? Бундай муносабат кимга фойда берди? Ахир азалдан ака-ука, қуда-анда бўлган қўшни халқлар бизга бегона эмас эди-ку. У мамлакатларда яшайдиганлар билан бир қаторда юртимизда яшаётган қанча фуқаролар бундай аҳволдан қийналгани, азоб чекканини ҳеч қачон унутолмаса керак.

Масалан, суҳбатларнинг бирида таниқли ношир, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, тақдир тақозосига кўра қўшни Қирғизис­тоннинг Ўш вилоятида дунёга келган Аҳрор Аҳмедов бундай деган эди:

“Ота-онамиз, ҳамма қариндош-уруғларимиз Ўшда яшагандан кейин уларнинг тўйи, турли қувончли кунларида боришга ҳаракат қилардик. Лекин бунинг сира иложи йўқ эди. Ҳатто энг яқинларимиздан кимдир вафот этганида ҳам бориб-келишга рухсат ололмаганмиз...”.

Айнан шу мавзуда таниқли журналист Олимжон Ўсаров гурунгларнинг бирида жуда қизиқ бир ҳолатни гапиргани ёдда қолган: “Тўғриси, бугун бу воқеага ўзимнинг ҳам ишонгим келмайди.

Биласиз, Самарқанд вилоятининг Булунғур ва Ургут туманлари Тожикистон Республикаси билан чегарадош. Тоғли, баҳаво жойлар. Қараб кўзинг қувнайди. Бу ердаги қўшни қишлоқларни сой ёки адирлар ажратиб туради.

Ўз вақтида бу қишлоқлар аҳолиси борди-келди қилган, қуда-анда бўлган. Қишлоқни эса сой устидаги осма кўприк боғлаб турган.

Қўшни республика билан чегаралар тақа-тақ ёпилиб, борди-келди узилиб қолган йиллар. Шу вақтларда бир дўстимизникига меҳмонга боргандик. Сойнинг нариги тарафида тўй бўлаётган экан. Бу тарафидаги дўстимизнинг отаси жиянининг тўйига бормабди, рухсат бўлмабди. Шунда ҳовлисида стол-стул қўйиб шартта тўй учун жой ҳозирлаб, таниш-билишлар ва қишлоқдошларни тўйга таклиф этибди.

Сойнинг у тарафида ҳам манзара — тўй бўляпти. Овоз кучайтиргичлардан хонандаю созандаларнинг куй-қўшиқларини эшитиб ўтирибмиз. Кутилмаганда овозкучайтиргичдан тўй бўлаётган нариги қишлоқдан  тоғага  жиянини табриклаш учун сўз бериб қолишди. Тўйни олиб бораётган бошловчи “Энди навбат келин-куёвни қутлаш учун ўзбекистонлик тоғаси фалончи-пистончига” деди.

Ана энди кўринг ҳолатни. Ҳамманинг кўзида ёш. Тоға бечора қўлида микрофон, лекин гапирай деса овози чиқмайди. Жиянлари тўйига  боришни, қувончли кунида ёнларида  шунчалар истаганки, овози чиқмаса-да, қадоқ қўллари билан артаётган кўз-ёшлари буни айтиб турарди. Аммо начора, ўртада чегара бор...

Ана шундай ёнма-ён, қуда-андали қиш­лоқлар аҳли ҳатто бир-бирларининг тўй ёки азасига ҳам бориб-келолмасди. Чегаралар очилгач, яна аввалгидек дўстона алоқалар йўлга қўйилди. Одамлар борди-келди қила бошлади, тўй-азада бирга бўлишди, бир-бирининг меҳрига қонди. Бунинг учун Президентимиз  Шавкат ­Мирзиёевдан қўшни Тожикистонга қарашли қишлоқ аҳли ҳам, ўзимизнинг қоракўзлар ҳам шунчалар мамнун эдики, буни сўз билан таърифлаб беролмайман”.

Бугун бу сингари муаммолар ортда қолди. Қўни-қўшни республикалардаги яқинлар билан борди-келди қилиш, қиз олиб, қиз бериш, тўйларда иштирок этиш йўлга қўйилди...

Янги Ўзбекистондаги ислоҳотлар қамрови жуда кенг. Айтайлик, Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари бўлгунига қадар оддий одамлар тугул масъул вазифаларда ишлайдиганларнинг ҳаммаси ҳам “давлат хизматлари” деган тушунчани билмасди, десак хато бўлмайди. Президентимиз ташаббуси билан йўлга қў­йилган “давлат хизматлари” тизимида мил­лионлаб фуқароларнинг юмуши саноқли дақиқаларда ҳал бўлмоқда.

Бундан олдин-чи? Ақалли фуқаролик пас­порти ёки бирорта маълумотномани олиш, уй-жой ёхуд бошқа мулкни расмийлаштириш учун қанча югур-югур, неча кунлаб, керак бўлса, ҳафталаб, ойлаб вақт кетарди. Энг ёмони, ҳар қадамда бу юмушларни адо қилиш илинжида коррупцион ҳолатларга деярли кўникиб кетилганди. Албатта, таниш-билиш қилинмаса ёки “чўтали” узатилмаса, сарсон-саргардон бўлиш тайин эди.

Кеча йўлларда ҳар қадамда турли постлар, йўлтўсар кучлар бемалол юришга йўл қўймаган бўлса, бугун халқимизни, агар йўл қоидаларини бузмаса, ҳеч ким тўхтатиб, овора-ю сарсон қилишга ботина олаётгани йўқ. Тўғри, бугун йўлларда радарлар кўплигидан шикоят қиламиз. Лекин бу ҳам йўл қоидаларига амал қилиш, ҳайдовчилар, йўловчиларнинг хавфсизлиги учун мажбурий чора аслида.

Хўш, бундан аввал-чи? Биргина Сурхондарёдан Тошкентга ёки Самарқандга бориш қандай кечар эди? Мен бу ҳақда бундан анча йиллар аввал ёзган мақолаларимнинг бирида бундай ҳолатларни қаламга олган эдим:

“Айтайлик, Термиз шаҳридан Тошкентга машинада йўлга чиқдингиз. Вилоят марказидан Қашқадарё вилоятига ўтгунча, яъни бир вилоятдан иккинчи вилоятга боргунингизча 5-6 жойдаги постларда текшириласиз. ЙПХ постларидан ташқари оралиқ йўллардаги яшириниб турадиган яна неча-неча ЙПХ ходимлари ҳам сизга пешвоз чиқади. Йўлда юрсангиз, шундай фикрга келишингиз тайин: буларнинг мақсади нима экан, йўловчиларнинг хавфсизлигими ё нима қилиб бўлса-да, уларнинг бирор хатосини топиб жазолашми? Айниқса, Бойсун туманидаги Дарбанд постида анча йиллардан буён ҳеч қаерда ва ҳеч қачон бўлмаган бир тартиб жорий этилган. Бу постга етиб келган ҳар бир автоулов тўхтатилиб, ҳамма йўловчилар туширилади. Юклари билан! Биттадан, худди хорижий юртга чиқиб кетаётганингиздек юкларингиз терминалдан ўтказилади. Бунда ёш болали аёллар, қарияларнинг аҳволини кўринг. Соатлаб вақт йўқотади. Қанча қий-чув, бақир-чақир, асаблар темирдан бўлса ҳам эриб кетади. Автомашиналар эса махсус майдончага киритилиб, ҳайдовчининг ҳужжатлари олиб қўйилади. Турнақатор машиналар навбатма-навбат кўздан кечирилади. Бу ерда ҳатто исковуч итлар хизматидан ҳам фойдаланилади. Кейин ҳайдовчига ҳужжатларини қайтариб олиши учун “талон” — қўлбола усулда ёзилган қоғозча берилади. Яна навбат билан ҳайдовчи бечора ўзини рўйхатдан ўтказдиради. Неча киши қаердан қаерга кетаётгани бўйича “маълумот” беради. Шундан сўнггина йўловчилар, уларнинг юклари машинага қайтадан олинади. Бу жараёнда қанча асаббузарлик, вақт кетади. Энди айтинг, узоқ манзилга чоғланган бу шўрпешона ҳайдовчининг, йўловчиларнинг аҳволи қандай бўлади?..”.

Ҳа, бу ҳолатлар одатий бўлиб қолганди. Худди шунингдек, пойтахтдан водийга чоғланган йўловчилар довонда биттадан текширилар, мабодо кимнингдир паспорти эсидан чиқиб қолиб кетган бўлса-чи, тамом, изига қайтишга мажбур бўлар эди.

Тўғри, бундай ҳаракатлар бир қарашда сиё­сат, одамлар хавфсизлиги учундек туюларди. Лекин аслида бу эски даврларда қолиб кетган қаттол тузумнинг кўринишларидан бошқа нарса эмасди. Одамларни эзиш, қўрқувда ушлашнинг оддий элементларига ўхшарди.

Мана, 9-10 йил бўлдики, бундай бедодлик­лар йўқ. Барига Президентимиз Шавкат ­Мирзиёев юритаётган халқпарвар сиёсат барҳам бера олди!

Бугун мамлакатимиздаги бунёдкорликлар, ўзгаришлар ҳақида бутун дунё матбуотида ҳам ёзилмоқда, ҳақли эътироф этилмоқда. Яқинда интернет тармоғида хориждан юртимизга келган бир қанча одамларнинг таассуротини эшитиб қолдим. Уларнинг сўзлари шу қадар самимий, кўтаринки эдики, очиғи, жуда фахрланиб кетдим. Улар Тошкентда барпо этилган Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуаси ҳақида сўзларди. Меҳмонларнинг фикрича, Ўзбекистонда миллий меросга, боқий қадриятларга, улуғ қадамжоларга эътибор дунё аҳлини ҳайратга солмоқда. ­Ислом цивилизацияси марказини жаҳондаги етти мўъжизанинг бири деб аталадиган Тожмаҳалга менг­зашибди.

Ўтган йили 26 декабрь куни Президентимиз Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатнома йўллаган эди. Унда мен ҳам иштирок этгандим. Мурожаатномани тинглаб, қалбим ҳаприқиб кетди ўшанда. Мурожаатнома 2025 йилнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, маънавий-маърифий манзарасини тўла-тўкис таҳлил этган муҳим ҳужжатгина эмас, балки мамлакатимизда яқин беш йилда, яъни 2030 йилга қадар рўёбга чиқариладиган устувор вазифалар дастурининг тақдимоти бўлди.

Унда давлатимиз раҳбари қанчалик оғир бўлмасин, юртимизда бошланган демократик ислоҳотлар кўзда тутилган натижаларни берганини алоҳида таъкидлади. Шу жумладан, 2025 йилни “мураккаб йил” деб таърифлагани бежиз эмас эди. Чунки бугунги алғов-далғов даврда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, халқнинг яшаш тарзини юксалтириш, иқтисодий имкониятларни оширишнинг ўзи мураккаб жараён бўлиб бормоқда.

“Эътибор беринг. Бундан тўққиз йил олдин иқтисодиётимиз ҳажмини 100 миллиард долларга етказиш биз учун жуда катта марра бўлиб кўринарди. Бу йил тарихимизда биринчи марта ялпи ички маҳсулотимиз 145 миллиард доллардан ошди”, деди Президентимиз.

Давлатимиз раҳбари бундай юксак натижалар халқимизнинг улкан ишларга қодир эканига яққол мисол эканини таъкидлади.

Дарҳақиқат, улуғ шоир айтганидек, “Халқ тўлқиндир, халқ денгиздир. халқ кучдир!”. Бунга шубҳа йўқ. Шу боис, Президентимиз куч бирликда, ҳамжиҳатликда эканини, “Бирлашган ўзар, бирлашмаган тўзар” нақлини эсга олдилар.

Энг муҳим ютуқларимиз ҳақида сўз юритилганда, бугун Янги Ўзбекистонни дунё тан олаётганигина эмас, юртимизга ҳавас кўзи билан қараётгани ҳам бор гап. Айниқса, Ўзбекистон футболи учун тарихий воқелик содир бўлди. Миллий терма жамоамиз илк бор жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритди. Худо хоҳласа, ўзбек футболчилари халқимизнинг, Президентимизнинг ишончини қозонади. Чиройли ўйинлар кўрсатиб, жаҳон чемпионатида муносиб иштирок қилади.

Бундан ташқари, ақл ва заковат машқи — шахмат бўйича жаҳон кубоги мусобақаларида улкан ютуқлар қўлга киритилди. Ёш шахматчи Жавоҳир Синдоров эришган ютуқлардан қувонган Президентимиз у билан боғланиб, ҳар томонлама қўллаб-қувватлади, унга рағбат, куч берди. Бундай улкан муваффақиятлар юртимизда спорт соҳасига юксак эътибор туфайли эмасми? Албатта, шундай!

Тан олиш жоиз, Президентимиз раҳбарлигида барча соҳада жуда катта ишлар, ўзгаришлар рўёбга чиқмоқда. Буларнинг ўзаги мамлакатдаги иқтисодий, ҳуқуқий, сиёсий очиқликка бориб тақалади. Ўзингиз айтинг, бундан атиги 10 йил аввал бирор тадбиркор, у хоҳ йирик сармоядор, хоҳ бизнесини эндигина бошлаган инсон бўлсин, ҳозирги пайтдагидек эмин-эркин ишлай олармиди? Йўқ, албатта. Салгина бойиган инсонга ёки ҳатто қимматроқ автоулов минган кишига сабаб бўлса, бўлмаса “Сен буни қаердан топдинг?!” деган савол назари билан қаралган. Шу боис, одамлар мулкини, маблағини  минг хил усул билан яширишга ҳаракат қилган.

Юртимизда тадбиркорликка кўрсатилаётган эътибор, аҳолини иш билан таъминлашга, камбағалликни йўқ қилишга қаратилган саъй-­ҳаракатлар, ғамхўрликлар бугунгидек бўлганми? Йўқ, албатта!

Энг муҳими, булар ҳаммамизнинг кўз ўнгимизда содир бўлаётган ҳақиқатлардир. Шу маънода, мамлакатимиз етакчиси она диёримизда таълим, соғлиқни сақлаш, экологик муаммолар ечимини топиш, ишсизликни, камбағалликни янада камайтириш, ёшларни касб-ҳунарга жалб этиш, замонавий технологиялар, сунъий интеллект каби йўналишлардан самарали фойдаланиш ва бошқа кўпдан-кўп соҳалардаги муам­молар, уларни бартараф этиш юзасидан аниқ вазифаларни ўртага ташламоқда.

2026 йилнинг “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб номланишида ҳам жуда катта маъно ва мазмун, улуғ мақсадлар мужассам. Зеро, маҳаллаларимиз ривож топсагина, жамиятимиз юксалади. “Келгуси йилда илк бор маҳалла инфратузилмасини ривожлантириш учун 20 триллион сўмни вилоятларнинг ўзига беряпмиз. Энг муҳими, бу маблағларнинг ҳар бир сўми аҳолимиз учун қўшилган қиймат яратиши зарур. Шу боис, бу пуллар умуман қайсидир туман учун эмас, балки маҳаллада иш ўринлари яратадиган, аҳолини даромадли қиладиган аниқ лойиҳаларга йўналтирилади”, дейилди Мурожаатномада.

Албатта, одамларнинг эртанги кунга ишончи, умиди адолатли жамият барпо этилишида, инсон ҳақ-ҳуқуқларининг муқаддас деб билинишидадир. Тан олиш керак, бугун бу борада муаммолар йўқ эмас. Лекин авваллари мамлакатда прокуратура, ички ишлар идораси ёки судга иши тушган киши борки, осонликча ўзининг ҳақлигини исботлай олмаган. Шунинг учун ҳам судларга оширилган ишлар ҳамиша “айбдорлик” тамғаси билан якун топган. Иши суддами, бўлди, ҳеч кимга оқлов ҳукми чиқарилмаслиги ёлғонмиди ё? Ўтган 10 йилда ҳуқуқ-тартибот соҳасида ҳам анчагина ижобий қадамлар ташланди. Минглаб юртдошларимиз суд залидан оқланиб чиқаётгани шундан.

“Лавозимим, унвоним бор, менга ҳеч ким тегмайди деганлар адашади. Қонун олдида ҳамма тенг!”. Бундай қатъий талаб мамлакатимиз раҳбари томонидан қўйилганининг ўзи жуда кўп нарсани англатади. Бу адолат ва ҳақиқатга ишонч ва умидни янада мустаҳкамламоқда.

Халқимиз чексиз хазина. Унинг минг-минг йиллик бой тарихи, бетимсол қадриятлари,  улуғ авлиёлари, мутафаккирлари, донишмандлари бор. Шундай экан, ўз эркига, истиқлолига 35 йил тўлаётган юртимиз яқин йиллар ичида дунё­нинг энг олди мамлакатларидан бирига айлана олади. Зеро, бугунги нурафшон кунлар, янгиланишлар шундай фикр қилишга асос беради.

Абдурасул ЖУМАҚУЛОВ,

журналист