Бу мовий гумбазнинг тиллакор нақшлари – ситоралару туннинг қулоғига тақилган зирак – ойбалдоққа қараб аҳли башар неча замонлар оша қизиқиш ва орзиқиш билан уни ўрганиш, тадқиқ қилишга интилиб келган. Айни даврга келиб эса мазкур соҳанинг тараққиёт суръатига монанд равишда ундан турли соҳа ва тармоқлар ривожи йўлида фойдаланиш имконияти ҳам тобора кенгайиб бораётир.
Бугунги дунё тараққиёт тенденциясида иқтисодий қудрат, аввало,
интеллектуал салоҳият ва технологиялар билан ўлчанмоқда. Космик технологиялар
эса аллақачон бу борада стратегик аҳамиятга эга йўналишлардан бирига айланган.
Мамлакатимизда ҳам космик маълумотлардан фойдаланиш бошланганига кўп
бўлмаса-да, қисқа муддатда сезиларли амалий натижаларга эришилди. Давлат космик
мониторинги ишга туширилиб, ушбу тизим проактив ишламоқда. Шу билан бирга,
сўнгги беш йилда масофадан зондлаш маълумотларига талаб 3 баробар ошган. Ҳозир
космик мониторинг билан 10 дан зиёд давлат идоралари ва барча ҳокимликлар
ҳамкорликда ишлаяпти.
Жорий йил 16 февраль куни Президентимиз космосга сунъий йўлдош учириш
ҳамда биринчи ўзбек фазогирини тайёрлаш бўйича дастлабки ишлар тақдимоти билан
танишар экан, шу хусусда сўз юритиб, “Энг муҳими, космик маълумотлар орқали биз
“кўз билан кўриб бўлмайдиган” иқтисодий имкониятларни аниқлаб, уларни реал
даромад манбаига айлантиряпмиз. Бу давлат ресурсларини бошқариш механизми ва
маданияти ўзгараётганидан далолат”, деган эди. Боиси, космик соҳада узоқ
муддатли ва барқарор миллий тизим — сунъий йўлдошларни бошқариш, маълумотларни
қайта ишлаш ва улардан амалиётда фойдаланиш инфратузилмасини шакллантириш ғоят
муҳим вазифа. Бундан мақсад мамлакатимизнинг суверен ва объектив маълумотлар
манбаига эга бўлишидир.
Ҳозиргача хорижий давлатлар тажрибаси ўрганилиб, бўлажак сунъий
йўлдошнинг аниқлиги ва фойдали юкламасига доир техник талаблар аниқланган.
Биринчи миллий илмий сунъий йўлдошни яратиш лойиҳаси доирасида мутахассисларни
тайёрлаш ва муҳандислик жамоасини шакллантириш, 2028 йилда “Мирзо Улуғбек”
номли 6U форматдаги илмий сунъий йўлдошни учириш мақсад қилинган.
Кейинги йилларда соҳада жадал ўзгариш ва трансформация жараёни олиб
бориляпти. Хусусан, ўтган йилдан эътиборан мамлакатимизда космик фаолиятни
ривожлантириш йўналишида муҳим ҳуқуқий ва институционал ҳужжатлар қабул
қилинди. “Космик фаолият тўғрисида”ги қонун ҳамда давлатимиз раҳбарининг 2025
йил 26 сентябрдаги “Иқтисодиёт тармоқларида аэрокосмик маълумотлардан
фойдаланишни кенгайтириш ва қишлоқ хўжалиги қуйи бўғинида бошқарув тизимини
такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони шулар
жумласидан. “Космик фаолият тўғрисида”ги қонунда соҳадаги стратегик йўналишлар
ҳамда давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, иқтисодиёт
тармоқларидаги қонунчилик бузилиши ҳолатларини космик суратларга ишлов бериш
орқали аниқлашга кўмаклашиш давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири экани
назарда тутилган.
Президентимиз фармони эса космик технологияларни бевосита иқтисодиёт
тармоқларига татбиқ этишга қаратилган стратегик ҳужжатдир. Унда аэрокосмик
маълумотлардан фойдаланишни кенгайтириш, айниқса, қишлоқ хўжалигида бошқарув
тизимини такомиллаштириш асосий йўналиш сифатида белгиланган. Унга мувофиқ, ер
ресурслари ҳолатини сунъий йўлдош орқали мониторинг қилиш, ҳосилдорликни таҳлил
этиш, экологик хавфларни эрта аниқлаш ҳамда қишлоқ хўжалиги жараёнларини
рақамлаштириш бўйича янгича ёндашувлар жорий этилмоқда. Бу эса соҳада
самарадорликни ошириш ва ресурслардан оқилона фойдаланишга хизмат қилади.
Мониторинг
афзалликлари
Космик технологиялар атроф-муҳит муҳофазаси, қишлоқ хўжалиги ва табиий
ресурслардан самарали фойдаланишда жуда муҳим. “Ўзбеккосмос” агентлиги
томонидан жорий этилаётган замонавий космик мониторинг тизимлари орқали
экология, геология, қишлоқ хўжалиги, ер муносабатлари, сув хўжалиги ва ўрмон
хўжалиги каби соҳаларда самарали лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Хусусан, қишлоқ хўжалиги ерларида ҳосил йиғиб олингандан кейинги
қолдиқларни ёқиш ҳолатларини аниқлаш бўйича сунъий йўлдош маълумотларига
асосланган мониторинг тизими ишлаб чиқилган. Ушбу тизим ёнғинларни узлуксиз
кузатиш, тезкор аниқлаш ва тегишли ташкилотларга маълумот узатиш имконини
бермоқда. Сўз исботи билан деганларидек, шу ўринда биргина мисол
келтирмоқчимиз. 2024 йилда республика миқёсида буғдой ўримидан кейин 2200 та
дала ёнғини қайд этилган бўлса, 2025 йилда уларнинг атиги 130 тасида шундай
ҳолат қайта кузатилган. Яъни мазкур лойиҳа орқали такрорий ёқиш ҳолатлари 94
фоиз камайди.
Шунингдек, дарахт кесилишини назорат қилиш бўйича махсус платформа
йўлга қўйилди. Мазкур тизим шаҳар ва аҳоли яшаш ҳудудларидаги яшил майдонларни
кунлик мониторинг қилиш имконини беради. Космик тасвирлар ёрдамида яшил
ҳудудлар рақамлаштирилиб, дарахтлар кесилиши ёки яшил майдонлар қисқариши
ҳолатлари тезкор аниқланади. Бу эса ноқонуний дарахт кесилишига қарши курашиш,
экологик барқарорликни таъминлаш ва яшил ҳудудларни сақлаб қолишда самара
беряпти.
Сув ресурсларини барқарор бошқариш йўналишида ҳам илғор ечимлар жорий
қилинмоқда. Космик мониторинг асосида ҳар бир қишлоқ хўжалиги майдонининг
ҳақиқий сув истеъмолини аниқлаш, “виртуал сув ўлчагич” тизимини шакллантириш ва
суғориш меъёрларини оптималлаштириш имконияти яратилмоқда. Шу орқали сув
тежамкорлигини ошириш, қишлоқ хўжалиги самарадорлигини кучайтириш ва
ҳосилдорликни прогноз қилишга эришилмоқда. Бундай инновацион ёндашувлар
юртимизда рақамли технологиялар ва космик соҳани ривожлантириш, атроф-муҳитни
муҳофаза қилиш ҳамда табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш борасидаги дадил
олға силжишдан дарак.
Халқаро ҳамкорлик
2025 йил Ўзбекистон космик соҳаси учун тарихий йил сифатида қайд
этилди. Айнан шу йилда “Ўзбеккосмос” агентлиги ташаббуси билан мамлакатимиз
“Халқаро астронавтика конгресси — IAC 2028” мезбонлигини қўлга киритди. Бу
мамлакатимизнинг халқаро имижи нуқтаи назаридан ҳам йилнинг энг муҳим воқеаларидан.
2028 йилда ушбу нуфузли конгресс Самарқанд шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган.
Тарихий мерос ва замонавий инфратузилма уйғунлашган мазкур шаҳар глобал космик
ҳамжамият учун муҳим учрашув нуқтасига айланади.
Шунингдек, Хитой миллий аэрокосмик администрацияси (CNSА), Корея
аэрокосмик администрацияси (KАSА) ва “Star.Vision” (Хитой) компанияси билан
англашув меморандумлари имзоланди. Космик таълим йўналишида Хитой Фанлар
академияси ҳузуридаги Аэрокосмик ахборот тадқиқот институти, Кюшу технология
институти (Япония), Турин политехника университети (Италия), Токио университети
(Япония) билан ҳамкорлик ўрнатилган.
Космик таълим йўналиши
Ёшларни космик соҳа ва инновацион технологияларга жалб этишнинг
аҳамияти ҳақида ортиқча гапириб ўтиришга зарурат йўқ. Хусусан, айни мақсад
йўлида “Ўзбеккосмос” агентлиги томонидан қатор лойиҳалар амалга оширилаётгани
бежиз эмас. Мисол тариқасида робототехника, астрономия ва кичик сунъий
йўлдошларга ихтисослаштирилган “Cоsmic Camp” ёзги космик оромгоҳи ташкил
этилиб, унда 300 нафар ёшнинг қамраб олинганини қайд этиш мумкин. Улар
агентлик томонидан ишлаб чиқилган 3-5-7 кунлик космик йўналишга бағишланган
дастурларда қатнашиш имкониятига эга бўлди.
Шунингдек, Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар доирасида
мактаб ўқувчилари Туркиянинг Измир шаҳрига космос ва авиацияга ихтисослашган
марказларга юборилди. “3th Space Camp” дастурида шу йилга қадар 30 дан зиёд
иқтидорли ўзбек ўғил-қизи иштирок этди. Талабалар ва ёш мутахассислар ўртасида
миллий “CаnSat” мини сунъий йўлдош мусобақаси ўтказилиб, ёшлар 3 ой давомида
онлайн ўқитилди. 400 дан ортиқ иштирокчидан финал босқичида 9 та жамоа,
120 га яқин иштирокчи қатнашди ҳамда ғолиблар халқаро “ICESCO CanSat
International” танловида иштирок этиш учун юборилди. Эътиборлиси, улар 54
давлат қатнашчилари орасида етакчи 5 таликка киришга муваффақ бўлди.
Космик фаолиятга қизиқишни ошириш мақсадида халқаро космик ҳафталик
доирасида “Nasa Space Apps Challange” хакатони, “Unisat 3.0” лойиҳаси ҳамда
“Space Fest” тадбирлари ташкил этилиб, 2000 дан зиёд ёш ушбу тадбирларда
иштирок этди. Талабалар ва ёш олимлар ўртасида инновацион ғояларни
ривожлантириш мақсадида ўтган йили “Ёш муҳандис” танлови Тошкент шаҳри ҳамда
Қорақалпоғистон Республикасида ўтказилиб, 500 иштирокчи ва 80 та жамоа қатнашди.
9 жамоа эса совринли ўринларни эгаллади.
2026 йилда танлов республикамизнинг 5 та вилоятида ўтказилди.
Ҳудудларда иқтидорли ёшларнинг лойиҳаларини тақдим қилиши учун майдон яратилиб,
унда 1600 дан зиёд лойиҳа тақдим этилди. Тошкент шаҳрида ўтган танловнинг финал
босқичида 250 иштирокчи ўз ишланмалари билан қатнашиб, улар орасидан энг илғор
жамоа Туркияда жойлашган космик лагерга йўлланма ютиб олди.
Ўзимизнинг биринчи
фазогир ва илк сунъий йўлдош
Давлатимиз раҳбари ҳузурида ўтган тақдимот доирасида биринчи ўзбек
фазогирини тайёрлаш масаласи илгари сурилди. Дастлабки таклифларга кўра, 10-14
кунлик парвозга тайёргарлик кўриш режалаштирилмоқда. Бу борада халқаро
ҳамкорлик истиқболлари, жумладан, етакчи космик агентликлари билан ҳамкорлик
форматлари кўриб чиқиляпти.
Космонавтни фазога учириш аниқ илмий дастурни амалга ошириш билан
узвий боғлиқ. Ўзбекистон космонавти фазода бўлиши доирасида ўтказилиши мумкин
бўлган тадқиқотлар йўналиши сифатида тиббиёт ва биология (масофавий ташхис
қўйиш, маҳаллий доривор экстрактлар самарадорлигини ўрганиш), ўсимликлар
генетикаси (қурғоқчилик ва шўрланишга чидамли навларни синаш, ёпиқ
агробиотизимлар модели), материалшунослик (иссиқликни тўплаш ва бошқариш учун
материаллар, мато ва толаларни синовдан ўтказиш) таклиф қилинди.
Шу билан бирга, космик технологиялар давлатларнинг илмий, технологик
ва стратегик қудратини белгиловчи муҳим омиллардан. Сунъий йўлдошлар нафақат
алоқа ёки метеорология тизимлари, балки иқтисодиёт, экология, хавфсизлик,
қишлоқ хўжалиги ва илм-фан ривожининг ҳам ажралмас қисмидир. Шу нуқтаи
назардан, Ўзбекистоннинг илк илмий сунъий йўлдошини яратиш ташаббуси мамлакат
тарихида янги технологик даврни бошлаб берувчи муҳим қадамлардан бири сифатида
баҳоланмоқда.
“Ўзбеккосмос” агентлиги томонидан Ўзбекистоннинг илк илмий сунъий
йўлдошини яратиш ва учириш бўйича тизимли ишлар бажарилмоқда. Мутахассисларнинг
таъкидлашича, агентликнинг асосий мақсади мамлакатда сунъий йўлдошларни яратиш,
бошқариш ва улардан амалий фойдаланиш бўйича миллий компетенцияни шакллантиришдан
иборат. Айни кунда лойиҳа бир неча йўналишда параллел равишда
ривожлантирилмоқда.
Биринчидан, халқаро ҳамкорлик кенгайтириляпти. Хусусан, мамлакатимиз
Туркий давлатлар ташкилоти доирасида қўшма илмий сунъий йўлдош лойиҳасида
иштирок этмоқда. Мазкур лойиҳа 2026 йилда орбитага чиқарилиши режалаштирилган
бўлиб, унда ўзбекистонлик мутахассислар сунъий йўлдошнинг айрим технологик
қисмларини ишлаб чиқишда қатнашяпти.
Иккинчидан, агентлик миллий кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор
қаратмоқда. Шу мақсадда Япониянинг Кюшу технология институти билан ҳамкорлик
йўлга қўйилган. Дастур доирасида бир гуруҳ ўзбекистонлик магистрант сунъий
йўлдошларни лойиҳалаш, йиғиш ва орбитага чиқариш бўйича амалий билим оляпти.
Айнан ушбу ёш мутахассислар келажакдаги миллий илмий-техник сунъий йўлдош
гуруҳлари устида ишлаши назарда тутилган.
* * *
Инсоният тарихига синчиклаб назар солинса, ҳар қандай юксалиш
пиллапоясининг муқаддимасида инсониятнинг осмон қадар чегарасиз, сарҳадсиз ва
поёнсиз тасаввур олами туриши, барча ихтирою оламшумул ютуқлар унинг ҳосиласи
эканини англаш қийин эмас. Кеча эртакдек туюлган ҳодисалар бугун кундалик
ҳаётимизнинг бир бўлагига айланиб улгургани ҳам одамзодга инъом этилган ана шу
қутлуғ неъматнинг энг буюк мўъжизаларидан. Алалхусус, бир пайтлар мунажжимлар нигоҳи
қадалган олис самога энди илм-фан, тафаккур ва технологик тараққиёт самарасида
инсоният қадами етган. Улар орасидан Ўзбекистон деган қадим юртнинг фуқароси,
навқирон авлоди ҳам ўрин оладиган кунлар яқин.
Кўкка боқиб улғайган халқнинг руҳи ҳамиша баланд бўлади. Чунки осмон
кенглик демак. Унда озод қушлар каби кенг қанот ёзиб парвоз этиш, юксаклардан
туриб лочин каби ўткир нигоҳ билан бутун манзарани аниқ илғаш мумкин. Шундай
қилиб, бундай дунёқараш инсонни тор фикрлашдан қутқаради. Унда олижаноблик, кенглик
туйғусини пайдо қилади. Яъни юлдузлар сари йўл олган тафаккур майда манфаатлар
гирдобида қолиб кетмайди.
Мирзо Улуғбек юлдузларни кузатган заминдан бугун янги авлоднинг фазога
қараб дадил одимлаётгани ўзида чуқур рамзий маъно ташиётгандек гўё. Асрий
силсила, қондан қонга, авлодлардан авлодларга ўтиб келаётган мана шу маърифат
ёғдуси кўнглимиз осмонини бамисли офтоб каби мангу ёритиб турса не тонг! Энг
муҳими, тафаккур уйғоқ, илмга чанқоқлик сўнмас экан, мовий кенглик ҳамиша
инсониятни ўзига чорлайверади. Ана шундай интилиш бор экан, Ватан, халқ ҳамиша
юксаклик сари ҳаракатда бўлаверади.
Аслиддин АБДУРАЗЗОҚОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири