Тадбир давомида янги тизимнинг функционал имкониятлари, аҳоли ва қурилиш соҳаси учун яратилаётган қулайликлар ҳамда рақамлаштиришнинг амалий афзалликлари ҳақида маълумот берилди.

Дастлаб сўзга чиққан Давлат кадастрлари палатаси раиси Моҳир Валиев амалда кўп квартирали уйларни фойдаланишга қабул қилиш жараёнида бир қатор муаммолар кузатилганини таъкидлади.

— Кўп квартирали уйларни ҳисобга олишда квартиралар, нотурар жойлар ва умумий мулк объектлари турлича тартибда юритилган, — деди Моҳир Валиев. — Айрим ҳолларда умумий мулк объектлари бўйича маълумотлар тўлиқ шакллантирилмаган. Янги тизим эса ушбу камчиликларни бартараф этиш имконини беради.

Унинг таъкидлашича, янги тизим орқали кўп квартирали уйнинг барча блоклари, турар ва нотурар жойлари, умумий мулк объектлари ҳамда уларнинг майдонлари ягона электрон реестрда акс эттирилади.

Матбуот анжуманида маълум қилинишича, 2026 йил 1 июндан бошлаб кўп квартирали уйларни фойдаланишга қабул қилиш, кадастр паспортларини расмийлаштириш ва давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнлари UZKAD ахборот тизими орқали амалга оширилади.

Янги тартибга мувофиқ, қурилиш ишлари якунлангач аризалар my.gov.uz портали ёки Давлат хизматлари марказлари орқали қабул қилиниб, автоматик равишда UZKAD тизимига юборилади.

Шунингдек, тасдиқланган лойиҳадан четга чиқилган ҳолатлар, қўшимча қаватлар ёки квартиралар қурилиши, умумий мулк объектларининг кўрсатилмаслиги ёхуд ер участкаси чегарасидан ташқарида қурилмалар мавжуд бўлган тақдирда ариза рад этилади.

Ариза қабул қилингач, тизим орқали ер майдони, квартиралар, нотурар жойлар ва умумий фойдаланиш майдонларининг рақамли инвентаризацияси амалга оширилади. Биноларнинг электрон чизмалари шакллантирилиб, барча маълумотлар ягона реестрга киритилади.

Давлат кадастрлари палатаси бошқарма бошлиғи Аҳад Насриддиновнинг таъкидлашича, мазкур тизимнинг асосий мақсади кўп квартирали уйларга оид барча маълумотларни ягона базага бирлаштиришдан иборат.

— Энг муҳими, ахборот тизими орқали кўп квартирали уйларни ҳисобга олиш, фойдаланишга қабул қилиш ва давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнлари тўлиқ рақамлаштирилади.

Кўп квартирали уйлар, квартиралар, нотурар жойлар, умумий мулк объектлари ва автотураргоҳлар ягона марказлашган базага жамланади. Натижада жараёнлар автоматлашади, инсон омили камаяди, шаффофлик ва тезкорлик ошади, — деди Аҳад Насриддинов.

Унинг қайд этишича, мазкур тизим фуқароларнинг мулкий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, қурилиш соҳасида очиқлик ва қонунийликни таъминлаш ҳамда ортиқча қоғозбозликка барҳам беришда муҳим аҳамият касб этади.

Мутахассислар фикрича, янги тартибнинг асосий фарқи шундаки, аввал квартиралар, нотурар жойлар ва умумий мулк объектлари алоҳида ҳисобга олинган бўлса, энди уларнинг барчаси “Кўп квартирали уй” сифатида ягона реестрда қайд этилади. Бу эса маълумотларнинг аниқлиги ва тизимлилигини таъминлашга хизмат қилади.

Зулхумор Акбарова