Реестр Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда шакллантирилади. Унга киритилган шахслар

  • давлат хизматига қабул қилинмайди,
  • давлат мукофотлари билан тақдирланмайди,
  • сайланадиган ва алоҳида тартибда тайинланадиган лавозимларга номзод этиб кўрсатилмайди.

Шунингдек, бундай шахслар давлат органлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари ва идоралараро коллегиал органлар таркибига киритилмайди.

Уларга давлат харидлари ҳамда давлат-хусусий шериклик лойиҳаларида иштирок этиш, давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ташкилотлар ва давлат таълим муассасаларида раҳбарлик лавозимларида ишлаш ҳам чекланади.

Қонун билан Жиноят кодексига «коррупцияга оид жиноятлар» тушунчаси киритилиб, унга 18 турдаги жиноят киритилмоқда. Айрим коррупциявий жиноятлар учун жазо чоралари ҳам кучайтирилмоқда.

Ҳужжатда давлат органлари ва ташкилотлари учун коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолаш мажбурияти ҳам белгиланган. Шунингдек, коррупциявий хавф-хатарлар харитаси шакллантирилади ҳамда коррупция ҳақида хабар берган ходимларни қўшимча ҳимоя қилиш механизмлари жорий этилади.