Буюк бобокалонимиз Соҳибқирон Амир Темур ўз тузукларида салтанат ишларида кенгаш, машварату маслаҳатга амал қилгани, шу асосда давлатни бошқарганини алоҳида қайд этган. “Кенгашли тўй тарқамас”, “Бир қўлдан садо чиқмас” каби пурмаъно мақолларимиз азалдан миллий меросимизда замонавий вакиллик демократиясининг илдизлари мужассам бўлганини намоён этади.

Мутафаккирлар бежиз демократиянинг энг яхши мактаби ва унинг муваффақиятининг энг яхши кафолати маҳаллий кенгашлар амалиётидир деб айтмаган.

Шу маънода, Президентимиз томонидан 2026 йил 12 ноябрь куни имзоланган “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун ҳамда 16 ноябрдаги “Маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолияти кафолатларини кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон маҳаллий даражада халқ ҳокимиятчилигини тўлақонли рўёбга чиқариш, жумладан, жамият ва давлат ҳаётининг муҳим масалаларини ҳал этишда халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари ролини янада оширишга замин яратади.

Президентимизнинг 2025 йил 23 июндаги фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятини 2030 йилга қадар ривожлантириш концепциясини амалга ошириш мақсадида ишлаб чиқилган ушбу ҳужжатлар нафақат норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, балки маҳаллий ўзини ўзи бошқариш институтининг конституциявий-демократик моҳиятини чуқурлаштириш, вакиллик ва ижро ҳокимияти ўртасидаги мувозанатни мустаҳкамлаш ҳамда фуқароларнинг ҳақиқий иштирокини таъминлаш йўлидаги муҳим институционал қадамдир.

Зеро, ушбу қонуннинг энг асосий мақсади халқ вакиллик органи фаолиятида демократик принципларни мустаҳкамлаш, депутатларнинг аҳоли муаммоларига тезкор муносабат билдириш механизмларини йўлга қўйиш, кенгаш ишини самарали ташкил қилиш ҳисобланади.

Сессия кун тартибидаги муҳим янгилик

Бугунги кунга қадар маҳаллий кенгаш сессиясини чақириш, кенгаш сессияси кун тартиби лойиҳасини шакллантириш, доимий комиссиялар ишини мувофиқлаштириб бориш каби масалалар биргина кенгаш раиси зиммасидаги ваколат бўлиб, демократик орган фаолиятини ташкил қилиш масалалари бир кишига боғланиб қолган эди.

Энди ушбу ҳолат бартараф этилиб, кенгашлар фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида барча кенгашларда “кенгаш раёсати” институти жорий этилди. Ушбу раёсатга кенгаш раиси, ҳоким, кенгаш раиси ўринбосари, партия гуруҳи раҳбарлари, доимий комиссиялар раислари кириши белгиланди.

Аксарият туман кенгашлари 20-25 депутатдан ташкил топганини инобатга олсак, энди маҳаллий кенгаш сессиясини чақириш, кенгаш сессияси кун тартиби лойиҳасини шакллантириш, доимий комиссиялар ишини мувофиқлаштириб бориш бир шахс томонидан эмас, балки 13 нафаргача шахсдан иборат жамоа томонидан амалга оширилиши белгиланди. Бошқача айтганда, кенгаш фаолиятини ташкил қилишда демократик принциплар янада мустаҳкамланди.

Баъзи вилоят кенгашлари аҳоли сонига қараб, 40 нафардан 60 нафаргача депутатдан иборат. Худди туман ва шаҳарда бўлгани каби энди вилоят кенгаши ташкилий ишларини 15 нафаргача шахсдан иборат жамоа ҳал қилади.

Бунда энг муҳим демократик жиҳат шундаки, энди барча партия гуруҳлари кенгаш сессияси кун тартибини шакллантиришга таъсир ўтказа олиш имкониятига эга бўлмоқда. Яъни кенгаш раёсатига кирмоқда. Бу — вакиллик демократиясининг классик талаби: кун тартиби якка шахс эмас, балки сиёсий кучларнинг ўзаро мувозанати асосида шаклланиши лозим. Бу эса нафақат самарадорликни оширади, балки сиёсий плюрализмни ҳам мустаҳкамлайди.

Ҳокимнинг раёсатга киритилиши ижро ва вакиллик органлари ўртасидаги ҳамкорликнинг янги шаклини яратади. Уларнинг кенгаш раёсатига кириши маҳаллий ижро этувчи ва вакиллик органлари фаолиятини ўзаро баҳамжиҳат ташкил қилиш, ҳудудда аҳолининг энг зарур ижтимоий-иқтисодий эҳтиёжларини кенгаш ваколатлари орқали тезкор таъминлаш, ҳокимлик фаолияти учун зарур ҳужжатларни келишилган ҳолда ҳал қилиш имкониятини беради. Бу маҳаллий даражада ҳокимиятлар бўлиниши принципи тўлақонли амал қилиши учун зарур бўлган мулоқот майдонини шакллантиради.

“Кенгаш соати” институти

Бугунги кунда қонунчилигимизда маҳаллий кенгашларнинг 250 дан ортиқ ваколати қайд этилган. Уларнинг аксарияти у ёки бу ҳужжатни тасдиқлаш, ҳисобот ва ахборотларни даврий эшитиш билан боғлиқ ваколатлардир.

Ушбу ваколатлар ҳудуд учун муҳимлигини инкор этмаган ҳолда айтиш жоизки, кўп ҳолларда маҳаллий кенгашларнинг 5600 дан ортиқ депутати ўз округларида чиққанида ёки ҳудудий оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқларни кузатганида аҳоли томонидан шошилинч ҳал қилиниши зарур масалалар бўлади. Депутатлар бу масалаларни кенгаш муҳокамасига киритмоқчи бўлганида эса айрим ҳолларда кун тартибида масалалар кўпайиб кетгани сабабли ортга сурилар, бу вақтда эса масаланинг долзарблиги йўқолиб қолаётган ҳолатлар ҳам мавжуд эди.

Энди қонунчиликка “кенгаш соати” институти киритилиб, юқоридаги бўшлиқ тўлдирилди. Унга кўра, халқ депутатлари кенгаши тегишли ҳудуддаги ижро этувчи ҳокимият раҳбарларининг кенгаш депутатлари саволларига жавобларини эшитади.

“Кенгаш соати”ни ўтказиш тўғрисидаги таклиф кенгашнинг депутатлари, доимий комиссиялар, партия гуруҳлари ташаббуси асосида кенгаш раёсатида кўриб чиқилади. “Кенгаш соати” ташаббускорлари томонидан кенгаш депутатларининг тегишли ҳудуддаги ижро этувчи ҳокимият раҳбарларига бериш учун шакллантирилган саволлари кенгаш раиси томонидан ўз эгаларига юборилади. Масъул раҳбарлар бу саволларга кенгаш сессиясида жавоб беради.

Хулоса қилиб айтганда, “кенгаш соати” институти парламентдаги “ҳукумат соати”нинг маҳаллий даражадаги муваффақиятли адаптациясидир. “Кенгаш соати” аҳоли муаммоларини тезкор кўтариш ва ижро ҳокимияти раҳбарларидан бевосита жавоб олиш механизмини яратди. Бу вакиллик назоратининг “тирик” ва тезкор шаклидир.

Сиёсий ва маъмурий вазифалар ажратилмоқда

Халқ депутатлари маҳаллий кенгаши раиси ўринбосари институти жорий этилиб, бу вазифани бажариш кенгаш котибияти мудирига юклатилмоқда.

Бугунги кунда 221 та кенгаш котибияти мудири лавозими мавжуд, ушбу вазифани кенгаш раиси томонидан тайинланган депутатлар бажариб келаётган эди. Энди котибият мудирининг мақоми кенгаш раиси ўринбосари мақомига ошаётгани сабабли уни лавозимга қўйиш ва озод қилиш масаласи аввалги “тайинлаш” тартибидан демократик тартибга — сайлаш тартибига ўтказилмоқда.

Бунда кенгаш раиси қандай сайланса, раис ўринбосари ҳам айнан шундай сайланиши кўзда тутилди, яъни депутатлар орасидан халқ депутатлари кенгашига сайловда иштирок этган ҳар бир сиёсий партия депутатларидан иборат сиёсий партиялар вакиллари гуруҳи ташкил этилиб, номзодни айнан ушбу гуруҳ тавсияси асосида депутатларнинг кўпчилик овози билан сайлайди.

Сиёсий ва маъмурий вазифалар ажратилиши ҳам муҳим институционал ютуқдир. Кенгаш раиси ўринбосари институти жорий этилиши ва бу вазифа котибият мудирига юклатилиши кенгаш раисини маъмурий-техник юкдан озод қилади. Аввал кенгаш раиси ҳам сиёсий, ҳам кенгашнинг жорий иши, котибият фаолиятини ташкил қилишга оид маъмурий-техник масалалар билан шуғулланишига тўғри келган бўлса, энди бу вазифалар кенгаш раиси ўринбосарига юклатилиб, унга котибият ходимларини лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод қилиш ваколати берилмоқда. Бу кенгаш раиси ўз фаолиятини кўпроқ ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурлари устидан кенгаш назоратини ташкил қилишдек стратегик масалаларга қаратишига, халқ депутатлари кенгаши доимий комиссиялари ишини мувофиқлаштиришига, кенгаш ва комиссиялар иш режалари ўз вақтида ва сифатли бажарилишига, фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқишга кўпроқ ­эътибор қаратишига имкон яратади.

Кенгаш раиси йўқлигида унинг вазифаларини кенгаш раиси ўринбосари бажариши белгиланди. Кенгаш раиси ўринбосари институти жорий этилиши амалиётда кўп ҳолларда учраб турган — кенгаш раислари у ёки бу сабаблар туфайли сессияга кела олмайдиган ҳолларда сессияни бошқаришни профессионал асосда фаолият юритувчи масъулиятли мансабдор шахсга берилиши имкониятини яратади.

Қонун билан котибият мудири бир вақтнинг ўзида кенгаш раиси ўринбосари бўлаётгани сабабли унинг сиёсий жиҳатдан бетарафлигини таъминлаш мақсадида сиёсий партияга аъзоликни тўхтатиб туриши белгиланди.

Умуман олганда, қонун кенгашлар фаолияти самарадорлигини ошириш, вакиллик назоратининг янги шаклларини жорий этиш, ҳокимиятлар бўлиниши принципини тўлақонли рўёбга чиқаришга хизмат қилади.

Фармонга тўхталадиган бўлсак, ҳужжатнинг асосий мақсадлари маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг халқ депутатлари маҳаллий кенгашларида ҳисобот (ахборот)ларини эшитиш тизимини такомиллаштириш, маҳаллий кенгашлар депутатлари мақоми ва фаолиятининг асосий кафолатларини янада кенгайтириш, маҳаллий кенгаш қарорларини қабул қилиш жараёнларида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш ҳисобланади.

Ахборотларни эшитишда такрорланиш бўлмайди

Фармонда шу вақтгача қонунчилик ҳужжатларида белгиланган, маҳаллий кенгашлар сессияларида эшитиладиган ҳисобот (ахборот)лар аҳамияти, долзарблиги нуқтаи назаридан такомиллаштирилиб, 24 турдаги ҳисоботни 13 турдагиси сессияларда, 11 турдагиси эса доимий комиссиялар даражасидагина эшитилиши белгилаб қўйилди.

Яъни энди барча ҳисоботлар ҳам сессияда эшитилавермайди. Лекин агар депутатлар зарур деб топса, доимий комиссия даражасида эшитиладиган масалалар ҳам сессияга олиб чиқилиши мумкин.

Қонунчиликда маҳаллий кенгашлар эшитадиган жуда кўплаб ҳисоботлар белгиланган бўлса-да, уларнинг йилнинг айнан қайси даврида эшитилиши қайд қилинмаган. Шунинг учун ҳисоботлар у ёки бу ойда устма-уст кўпайиб кетаётган ҳолатлар мавжуд эди. Эндиликда фармон билан ушбу бўшлиқ тўлдирилмоқда.

Қонунчиликда айни бир мансабдор шахслар томонидан бериладиган ўхшаш 20 та ҳисобот тизимлаштирилиб, 6 тага туширилмоқда. Масалан, сув хўжалиги бўйича 4 та ҳужжат ижроси бўйича ҳисобот тизимлаштирилиб, битта ҳисоботга ўтказилмоқда. Бу бюрократик юкни камайтириш ва ҳақиқий назоратга эътиборни кучайтиришга имкон беради.

Шунингдек, фармон билан ўз аҳамиятини йўқотгани муносабати билан маҳаллий кенгашларнинг 20 дан ортиқ ваколати тугатилмоқда.

Вилоят ва туман даражасида аниқлаштирилаётган ваколатлар

Маҳаллий кенгашларнинг 15 турдаги ваколати табақалаштириляпти. Яъни шу вақтга қадар умумий тарзда маҳаллий кенгашларники деб белгиланган ваколатлар ҳудудий миқёсда аниқлаштирилиб, уларнинг 4 таси туман миқёсига номарказлаштирилмоқда.

Ваколатларнинг вилоят ва туман даражасида аниқлаштирилиши, айрим ваколатлар туман миқёсига номарказлаштирилиши субсидиярлик принципига мос келади: қарорлар аҳолига энг яқин даражада қабул қилиниши лозим.

Маҳаллий раҳбарларнинг кенгашга шахсан ҳисобот бериши, сессияда шахсан иштирок этиши шартлиги ҳам мустаҳкамланмоқда.

Ўрганишлар кўрсатмоқдаки, айрим ҳолларда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият раҳбарлари ҳисоботларига шахсан ўзи келмасдан, ўринбосарлари ёки мутахассис даражасидаги шахсларни юбораётган ҳолатлар учрамоқда.

Бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари ўз ҳисоботи (ахбороти)ни белгиланган муддатда маҳаллий кенгашга шахсан тақдим этиши ва ўз фаолиятига тааллуқли масалалар кўриб чиқилаётганда маҳаллий кенгаш сессияларида шахсан иштирок этиши шартлиги белгилаб қўйилмоқда. Бу масъулият ва ҳурмат принципларининг амалий ифодасидир.

Яна бир муҳим янгилик — ҳар чоракда сессияда сайловчилар муаммолари бўйича саволларга ҳудудий раҳбарларнинг жавоб бериш вақти белгиланаётгани билан боғлиқ.

Депутатлар қонунчилик бўйича ҳар ойда бир марта сайловчилар билан учрашиб, уларнинг муаммоларини ҳудуд раҳбарларига шу вақтгача фақатгина депутат сўрови орқалигина етказиш имкониятига эга бўлар, сўровларнинг аксариятига жавоб эса “келгуси режаларда кўриб чиқамиз” қабилида келаётган эди.

Энди жаҳон тажрибасидан келиб чиқиб, ҳар чоракда бир марта маҳаллий кенгашлар сессияларида кун тартибидаги биринчи масала сифатида, қоида тариқасида, ҳоким ва унинг ўринбосарлари, тегишли ҳудуддаги бошқа мансабдор шахслар билан маҳаллий кенгаш депутатлари томонидан аҳоли эҳтиёжларидан келиб чиқиб, сайлов округларидаги муаммолар юзасидан муҳокама ўтказилиши белгиланмоқда.

Сайловчилар муаммолари ҳар чоракда сессиянинг биринчи масаласи сифатида муҳокама этилиши депутатларнинг “ҳужжатлар ва ижро”дан “аҳоли муаммолари ва тезкор жавоб”га ўтишини таъминлайди.

Кафолатлар кўлами

Жойларда аҳоли муаммоларининг аксарияти маблағ талаб қиладиган масалалардир. Мана шундай бир шароитда депутатлар ўз округидаги муаммони ҳал қилишнинг молиявий-иқтисодий ресурсларига эга эмасди. Натижада айрим депутатларда округига чиқишга нисбатан совуққонлик ҳисси шакллангани ҳам бор гап.

Энди бунга ечим топилмоқда. Маҳаллий бюджет лойиҳасини шакллантиришда ҳудудлар тоифасидан келиб чиққан ҳолда, маҳаллий бюджет харажатларининг уч фоизидан беш фоизигача қисмини бевосита маҳаллий кенгашлар депутатлари ташаббуси асосида йўналтириш тартиби жорий этилмоқда. Бу эса депутатнинг округидаги муаммоларни ҳал қилишдаги реал имкониятини оширади.

Депутатлик вазифаларини бажаришга иш берувчилар томонидан тўсқинлик қилиш ҳолатларига жавобгарлик кучайтирилмоқда.

Депутатлар ўртасида ўтказилган ижтимоий сўровномада айрим депутатлар сессияга келиши, округга бориши каби масалаларда ўзлари ишлаётган ташкилот раҳбарлари томонидан тўсқинликка учраётганини қайд этган. Бунга чек қўйиш мақсадида фармонда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги доимий равишда мулкчилик шакли ва идоравий мансублигидан қатъи назар, барча ташкилотларга ўз ходими бўлган ва белгиланган тартибда сайланган маҳаллий кенгаш депутатларининг депутатлик вазифаларини бажаришига, шу жумладан, маҳаллий кенгаш сессияси, унинг доимий комиссиялари, партия гуруҳлари мажлисларида иштирок этиши, сайловчилар билан учрашувлар, фуқаролар қабулларини ўтказишига тўсқинлик қилишга йўл қўйилмаслиги бўйича кўрсатмалар бериб боришига оид топшириқлар берилмоқда.

Шунингдек, прокуратура органлари ходимнинг депутатлик вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилинган ёки ушбу вазифаларни бажараётганда ходимни унинг иш жойини (лавозими) ва ўртача ойлик иш ҳақини сақлаган ҳолда ишдан озод этилмаган ёки бунга тўсқинлик қилинган ҳолатларни қатъий назоратга олиши ва айбдор мансабдор шахсларни қонунчилик тартибида жавобгарликка тортиш чораларини кўриши белгиланмоқда.

Фармон билан Олий Мажлис Сенати ва Адлия вазирлигининг маҳаллий кенгаш депутатининг тегишли вилоят, туман ва шаҳар ҳудудида жойлашган корхоналар, муассасалар ҳамда ташкилотларга монеликсиз кириш ҳуқуқи унинг даражасидан (вилоят, туман, шаҳар) келиб чиқиб амал қилишини белгилаш, маҳаллий кенгашларга уларнинг қарорларида белгиланган вазифаларни ўз вақтида бажармаган ёки белгиланган тартибда ҳисобот (ахборот) тақдим этмаган мансабдор шахсларнинг эгаллаб турган лавозимига нолойиқлиги ёхуд уларни интизомий жавобгарликка тортиш бўйича юқори турувчи органга кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимнома киритиш ваколатини бериш бўйича таклифларига розилик берилди.

Расмийликдан ҳақиқий вакилликка

Ҳудудларда ҳокимлик юристлари кенгаш ҳужжатлари лойиҳаларини кўрмаётгани, юрист штати фақат вилоятлар ва Тошкент шаҳри кенгашлари котибиятларидагина мавжудлиги боис, ушбу бўшлиқ тўлдирилиб, туманларда ҳам кенгаш ҳужжатларининг ҳуқуқий экспертизаси таъминланмоқда. Фармон билан 2026 йил 1 декабрдан бошлаб халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашлари томонидан қабул қилинадиган ҳужжатлар лойиҳалари юридик хизмат кўрсатиш марказлари томонидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиши белгиланди.

Маҳаллий кенгаш қарорларини қабул қилиш жараёнларининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида 2027 йил 1 январдан бошлаб фуқароларнинг маҳаллий кенгашлар сессиясида кузатувчи сифатида, сессия ишига аралашиш ҳуқуқисиз иштирок этиши мумкин бўлмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, ҳужжатлар маҳаллий кенгашлар ишини ташкил қилишда жамоавийликни кучайтириш, аҳоли муаммоларига тезкор муносабат билдириш, сифатли ҳисобдорликни таъминлаш, депутатларнинг аҳоли муаммоларини ҳал қилишда молиявий имкониятларини яратиш, очиқлик ва қонунийликни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бу маҳаллий кенгашларни “расмий орган”дан “ҳақиқий вакиллик ва назорат институти”га айлантириш йўлидаги муҳим қадамдир. Улар демократик принципларни мустаҳкамлайди, ҳокимиятлар бўлинишини чуқурлаштиради, депутатларнинг аҳоли олдидаги масъулиятини оширади ва фуқароларнинг иштирокини кенгайтиради.

Бу ислоҳотлар янги Ўзбекистоннинг маҳаллий даражадаги демократиясини халқаро стандартларга яқинлаштиради ва халқ ҳокимиятчилигининг ҳақиқий мазмунини тўлдиради. Эндиликда асосий вазифа қабул қилинган нормаларни амалиётга тўлақонли жорий этиш, депутатлар ва ижро органларининг сифатли ҳамкорлигини таъминлаш ҳамда аҳолининг ишончини янада мустаҳкамлашдан иборат.

 Сакинахон САИД ҒОЗИЕВА,

Халқ депутатлари Тошкент

шаҳар кенгаши депутати