Жумладан, Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида жойлашган хонадон кўздан кечирилганда, ушбу манзилда “Достинекс”, “Циклоферон”, “Прогестан” каби 41 турдаги жами 31 454 дона дори воситалари сақланаётганлиги маълум бўлди.Яшнобод туманида яшовчи, 1975 й.т. шахсга тегишли бўлган ушбу маҳсулотларнинг тахминий қиймати 1,1 млрд so‘mdan ортиқни ташкил этади.

Таъкидлаш лозим, хорижда ишлаб чиқарилган мазкур препаратлар республикамизга айланма йўллар орқали олиб келинган бўлиб, уларни пойтахтдаги дорихоналар орқали сотиш режалаштирилган.

ДХХ Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ва вилоят Божхона бошқармаси ходимлари томонидан пойтахтнинг Сергели туманида ўтказилган тезкор тадбирда дори-дармон улгуржи савдосига ихтисослашган МЧЖ омборхонаси кўздан кечирилди. Натижада, унда тахминий қиймати 584 млн сўм бўлган “Ардуан”, “Актовегин”, “Феромакс”, “Сипраксол”, “Сефотаксим” каби 204 турдаги жами 111 613 дона сифат сертификатига эга бўлмаган дори воситалари борлиги маълум бўлди.

Шунингдек, омборхона ертўласида яроқлилик муддати ўтган препаратларни қайта қадоқлашга ихтисослашган яширин цех ва 25 та ускуна мавжудлиги аниқланди.

Ҳар икки ҳолат бўйича дори воситаларидан олинган намуналар экспертизадан ўтказиш учун “Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази” ДМга тақдим этилди.