Маҳаллада жами 630 та хонадон мавжуд бўлиб, уларда 950 та оила истиқомат қилади. Умумий аҳоли сони 3345 нафар. Нисбатан катта ҳудудда яшовчи инсонларнинг муаммоси, қувончи ва ташвиши бевосита маҳалла фаоллари, хусусан, ижтимоий ходимларнинг доимий эътиборида.
Маҳалла ижтимоий ходими Дониёр
Жумамуродов зиммасига айнан шундай улкан ва масъулиятли вазифа юклатилган. У
аҳолининг 12 та турли тоифадаги қатлами билан тизимли равишда ишлаб, муҳтож
инсонларга давлатнинг ғамхўрлигини етказишда муҳим кўприк вазифасини ўтамоқда.
— Ижтимоий
ҳимоя тизимининг энг асосий вазифаларидан бири — ўзгалар парваришига муҳтож,
ёлғиз яшовчи инсонларни қўллаб-қувватлаш. Тошқалъа маҳалласида бундай тоифага
кирувчи бир киши яшайди. Унга мунтазам равишда зарур маиший ва тиббий хизмат
кўрсатиб келинмоқда, — дейди Дониёр Жумамуродов. — Шунингдек, 2-тоифа, яъни
ногиронлиги бўлган шахслар билан ишлаш ҳам доимо диққат марказимизда туради.
Маҳалламизда ногиронлиги бўлган 109 шахс рўйхатга олинган. Улар ҳолати ва
эҳтиёжидан келиб чиқиб, тегишли гуруҳларга ажратилган. Бундан ташқари,
ҳудудимизда ногиронлиги бўлган 17 та бола ҳам яшайди. Уларнинг барчасига
индивидуал ёндашилиб, тиббий, психологик ва моддий ёрдам кўрсатилмоқда.
Аҳоли
фаровонлигини ошириш ва камбағалликни қисқартириш йўналишида кам таъминланган
оилалар билан ишлаш тизими ҳам шаффоф ва адолатли асосда ташкил этилган.
Ҳозирги кунда маҳалла бўйича жами 70 та оила махсус ижтимоий реестрга
киритилган бўлиб, уларнинг турмуш шароитини яхшилаш чоралари кўрилмоқда. Бу
оилаларнинг 23 таси тўғридан тўғри давлат таъминотига олинган. Шунингдек, 34 та
камбағал оила ва камбағаллик чегарасидаги 13 та оила рўйхати шакллантирилган.
Уларни муҳтожликдан олиб чиқиш, бандлигини таъминлаш ва қўшимча даромад
манбаларини яратиш бўйича мақсадли дастурлар ҳаётга татбиқ этилмоқда.
— Эртанги кунимиз эгалари бўлган
болаларнинг тақдири, айниқса, ота-онаси хорижга меҳнат миграциясига кетган
вояга етмаганлар ҳам ижтимоий жиҳатдан ҳимояга олинган. Маҳалламизда жами 9 та
шундай бола яшайди. Қаровсиз қолишига йўл қўймаслик мақсадида уларга қонуний
вакил, яъни васий ёки ҳомий тайинланган. Ҳар чоракда яшаш шароитлари, таълим
олиши ва руҳий ҳолати чуқур мониторинг қилинмоқда. Болаларнинг меҳр-эътибор
оғушида, хавфсиз муҳитда вояга етиши учун барча зарур чоралар кўрилмоқда, —
дейди Дониёр Жумамуродов.
Амударё
туманидаги Тошқалъа маҳалласидаги бундай кенг кўламли ижтимоий ишлар давлат
халқчил сиёсатининг амалдаги ёрқин ифодасидир.
Манзилли ва ҳаётий ижтимоий ҳимоянинг
самараси
Ҳар бир жамиятнинг ижтимоий қиёфаси, аввало, аҳолининг
эҳтиёжманд қатламларига кўрсатилаётган эътибор, меҳр ва ғамхўрлик билан
ўлчанади. Бугунги кунда юртимиз бўйлаб маҳаллабай ишлаш тизими орқали ҳар бир
оила, ҳар бир фуқаро давлатнинг доимий эътибори ва ижтимоий ҳимояси қамровига
олинмоқда.
Амударё
туманидаги Юқориқишлоқ маҳалласида ҳам бу борада кенг кўламли, тизимли ва
самарали ишлар қилинмоқда. Ҳудудга бириктирилган ижтимоий ходим Дилдора
Кенжаева ўз касбига фидойилик билан ёндашаётир.
—
Юқориқишлоқ маҳалласидаги жами 624
та хонадонда 763 та оила ва 2438 аҳоли истиқомат қилади. Бу рақамлар ортида
шунча инсон тақдири, орзу-умидлари ва албатта, турли ижтимоий эҳтиёжлари
ётибди, — дейди Дилдора Кенжаева. — Маҳалламизда ногиронлиги бўлган жами 77
шахс яшайди. Ҳозирги кунда ижтимоий реестрга ҳудуддаги 59 та оила киритилган.
Уларнинг 10 таси тўлиқ давлат таъминотида, 39 таси камбағал, 10 таси эса
камбағаллик чегарасидаги оила. Берилаётган мақсадли кўмаклар уларнинг турмуш
тарзини яхшилашга ва қийинчиликларни енгиб ўтишига хизмат қилмоқда.
Бугунги
кунда ота-онаси хорижда меҳнат миграциясида юрган 22 болага васийлик ёки
ҳомийлик тайинланган. Меҳр ва эътиборга муҳтож бу болалар қаровсиз ва
назоратсиз қолмаслиги учун уларнинг яшаш ҳолати мунтазам равишда, ҳар чоракда
мониторинг қилинмоқда.
Амударё
туманидаги бундай манзилли ва ҳаётий ижтимоий ҳимоя тадбирлари инсон қадрини
улуғлашдек эзгу мақсадга хизмат қилмоқда. Ижтимоий ходимларнинг масъулиятли ва
сермаҳсул фаолияти туфайли ҳар бир оила давлат эътиборида.
Эҳтиёжманд оила болаларига даволаниш учун
ваучер
Давлатимиз томонидан юритилаётган кучли ижтимоий сиёсатнинг
энг устувор йўналишларидан бири, шубҳасиз, инсон саломатлигини асраш,
келажагимиз эгалари бўлган болаларнинг соғлом ва баркамол бўлиб вояга етишини
таъминлашдир. Президентимиз қарорига мувофиқ, республикамиз бўйлаб амалга
оширилаётган меҳр-саховат тадбирлари доирасида тиббий-ижтимоий ҳимояга муҳтож
қатламга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, оғир касалликка чалинган, аммо
вақтида зарур чоралар кўрилса, ногиронликнинг олдини олиш мумкин бўлган
касалликларни тезкор даволаш масаласи кун тартибидаги долзарб вазифалардан
бири сифатида белгиланди. Бу орқали кўплаб болажонларнинг соғлиғини тиклаш ва
келгусида тўлақонли ҳаёт кечириши учун мустаҳкам замин яратиш мақсад қилинган.
Ушбу
эзгу ташаббуснинг жойлардаги ижроси қатъий назоратга олинган бўлиб,
ҳудудлардаги тиббиёт муассасалари орқали манзилли ишлар қилинмоқда. Хусусан,
Амударё туманида ҳам ушбу қарор ижроси доирасида кенг кўламли амалий ишлар
бошлаб юборилган. Оператив йўл билан даволаниш орқали ногиронликнинг олдини
олиш мақсадида Амударё туманига жами 58 та махсус ваучер ажратилган. Бу
ваучерлар нафақат беғараз молиявий кўмак, балки ота-оналар учун фарзандларининг
соғлом келажагига бўлган умид тимсолидир. Бугунги кунга қадар туманда мазкур
йўналишдаги ўрганишлар ва тиббий хулосалар асосида жами 27 болага ваучерлар
топширилди ва тезкор даволаниши учун зарур шароитлар яратилди.
Юқоридаги
қарорга мувофиқ, мамлакатимизда оғир ва ногиронликни келтириб чиқарувчи
касалликларга чалинган 10 минг болада жарроҳлик амалиёти ўтказиш, онкологик,
гемотологик ва онкогематологик ташхис қўйилган 2,3 минг беморни тиббий
текшириш, уларни даволаш ва жарроҳлик амалиётини, камида 350 беморда жигар ва
буйрак трансплантацияси амалиёти ўтказиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларнинг
омонат ҳисобварақларига 200 доллар миқдорида пул қўйиш харажатларини қоплаш,
қолаверса, 500 та масжидда замонавий таҳоратхоналар қуриш, реконструкция қилиш
ёки таъмирлаш кўзда тутилган.
Қарор
ижросини таъминлаш мақсадида мутасадди ташкилотлар ва малакали тиббиёт
ходимлари томонидан навбатдаги чуқурлаштирилган тиббий кўрик жараёнлари
изчиллик билан давом эттирилмоқда. Ушбу кўриклар натижасига кўра, шифокорлар
томонидан тавсия берилган ва жарроҳлик амалиётига муҳтож деб топилган болалар
ваучерлар билан таъминланади.
Инсон
қадри улуғланган юртда соғлом авлодни вояга етказиш йўлидаги бундай
саъй-ҳаракатлар, шубҳасиз, миллат генофондини асраш ва порлоқ келажакни барпо
этишда беқиёс самарасини бериши шубҳасиз.
Минажатдин ҚУТЛИМУРАТОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири