7 август куни Миллий матбуот марказида Микрокредитбанк томонидан «Банк тизими ислоҳотларини жадаллаштириш ҳамда хизматлар бозори ҳажмини ошириш» мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.
Тадбирда банк бошқаруви раиси ўринбосари Икрам Джуманиязов, тегишли департамент директорлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналистлар ва блогерлар иштирок этди.
Маълум қилинишича, 2025 йил якунларига кўра банкнинг активлари 30,6 фоизга ўсиб 30,7 трлн сўмни ташкил этган. Кредит портфели 16,7 фоизга кўпайиб 20,3 трлн сўмга, капитал 60,6 фоизга ошиб 5,7 трлн сўмга, депозитлар эса 24,4 фоизга ўсиб 9,7 трлн сўмга етган. Шунингдек, 263 млн АҚШ доллари миқдорида хорижий кредит линиялари жалб қилинган.
2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида банк томонидан жами 6,8 трлн сўмлик кредитлар ажратилди. Унинг 5,3 трлн сўми кичик ва ўрта бизнес субъектларини қўллаб-қувватлашга йўналтирилди.
Жумладан:
- кичик бизнес учун — 303 млрд сўм;
- оилавий тадбиркорлик дастури бўйича — 1,1 трлн сўм;
- «Бизнесга биринчи қадам» дастури доирасида — 321,1 млрд сўм;
- «Менинг маҳаллам» дастури бўйича — 902,6 млрд сўм;
- инвестиция дастури доирасида — 2,8 трлн сўм;
- айланмаси 100 млрд сўмдан юқори бўлган йирик лойиҳалар учун — 338,7 млрд сўм маблағ ажратилган.
Ушбу маблағлар ҳисобидан ярим йил давомида 51 дан ортиқ лойиҳа ишга туширилди. Натижада қарийб 100 минг янги иш ўрни яратилди. Шундан 14 минг нафар фуқаро доимий иш билан таъминланган бўлса, 86 минг нафарга яқини тадбиркорлик фаолиятига жалб қилинди.
Маҳаллаларда фаолият юритаётган маҳалла банкирлари ва ёрдамчи агентлар томонидан январь–июнь ойларида 6,8 мингта пластик карта расмийлаштирилди, 333 нафар аҳолидан 37,2 млрд сўм омонат жалб қилинди ҳамда 7 133 нафар фуқарога 335,4 млрд сўм кредит ажратилишига кўмаклашилди.
Матбуот анжуманида банк трансформацияси натижасида АҚШнинг BNY Mellon, Туркиянинг Aktif Bank, Германиянинг ODDO BHF, Хитойнинг Xinjiang Bank ва Bank of China каби йирик молия институтларида вакиллик ҳисобрақамлари очилгани маълум қилинди.
Халқаро рейтинг агентликлари ҳам банкнинг молиявий барқарорлигига ижобий баҳо бермоқда. Хусусан, Fitch Ratings банк рейтингини BB- («Ижобий») даражасидан BB («Ижобий») даражасига кўтарди. Moody's агентлиги эса банкнинг Ba3 («Ижобий») рейтингини сақлаб қолди.
Матбуот анжуманида рақамли трансформация доирасида амалга оширилаётган янги лойиҳалар ҳам тақдим этилди. Жумладан, туман ва маҳаллаларнинг иқтисодий салоҳиятини таҳлил қилиб, автоматик бизнес-режа тайёрлайдиган сунъий интеллект платформаси ишлаб чиқилгани маълум қилинди. Шунингдек, кредит бериш жараёнларида сунъий интеллектга асосланган AI Scoring тизимини жорий этиш режалаштирилгани айтилди.
Банкда жисмоний шахсларга хизмат кўрсатиш учун CRM тизими янада такомиллаштирилган. Натижада 2025 йилда 60 098 нафар мижозга автоматлаштирилган тизим орқали 2,137 трлн сўм кредит ажратилди.
Чакана хизматлар доирасида ҳам янги маҳсулотлар тақдим этилди. Энди иккиламчи бозордан уй-жой харид қилиш учун ипотека кредитлари йиллик 21,55 фоиздан, бирламчи бозор учун эса 17 фоизгача бўлган ставкаларда ажратилади.
Шунингдек, «Premium автокредит» маҳсулоти доирасида Mercedes-Benz, BMW, Toyota, Nissan, Porsche ва бошқа премиум русумдаги автомобилларни харид қилиш учун 2 млрд 60 млн сўмгача кредит ажратиш йўлга қўйилди. KIA, Chery, Haval, Changan ҳамда қатор UzAuto Motors автомобиллари учун эса 0 фоиздан бошланувчи автокредитлар таклиф этилмоқда.
Матбуот анжуманида таъкидланишича, Микрокредитбанкнинг 2026–2028 йилларга мўлжалланган стратегияси анъанавий банкдан тўлиқ рақамли ва мижозга йўналтирилган экотизимга айланишни назарда тутади. Бу мақсадга эришиш учун 38 та йирик трансформация лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Улар орасида 2027 йилга қадар босқичма-босқич жорий этиладиган исломий молиялаштириш хизматлари, болалар ва ўсмирлар учун мўлжалланган Junior Banking рақамли банки, AI Scoring кредит баҳолаш тизими ҳамда банк мижозларини тезкор идентификация қилишга хизмат қилувчи Face ID технологиясини жорий этиш каби йўналишлар мавжуд.
Матбуот анжумани якунида банк раҳбарияти оммавий ахборот воситалари вакиллари томонидан берилган саволларга жавоб қайтарди.
Реклама