Фармонга кўра, маданият, санъат ва адабиёт соҳаларида ижодий бирлашмалар (ижодий бирлашмалар) ташкил этилади.
Ижодий бирлашмаларнинг ижодий раҳбарлари ва уларга ташкилий масалаларни ҳал этишда кўмаклашувчи ҳамраҳбарлар Вазирлар Маҳкамаси томонидан тайинланади.
Ижодий раҳбар ўз йўналишида янги иқтидорларни юзага чиқаришга масъул ҳисобланади.
2027 йилдан ижодий бирлашмаларнинг йиллик ижодий ҳисоботи шаклида Миллий ижодкорлар қурултойи ўтказилади ҳамда унда ижодий бирлашмаларнинг йил давомида энг яхши натижа кўрсатган ижодкорлари Давлат бюджети ҳисобидан қуйидаги тартибда рағбатлантирилади:
- ижодкорларнинг бадиий кечаси, маҳорат мактаби ва ижод уйлари ташкил этилади;
- 1 йил давомида ҳар ойда 5 млн сўм миқдорида гонорар тўланади;
- 3 йил давомида Ўзбекистон бўйлаб самолёт, поезд ва жамоат транспортидан бепул фойдаланади, бунда ташиш харажатлари бўйича олинмай қолган даромадлар кейинчалик ҳар ойда қоплаб берилади;
- давлат тиббиёт муассасаларида даволаниш харажати тўлиқ қопланади.
Фармонга кўра, Маданият вазирлиги ҳузурида “Ижодга инвестиция” давлат мақсадли жамғармаси (Жамғарма) ташкил этилади.
2026 йил 1 июлдан Жамғарма ҳисобидан энг истиқболли лойиҳаларни молиялаштириш тизими йўлга қўйилади.
2027 йилдан ҳар йили театр, чолғу, хор ва рақс йўналишида умумий ўрта таълим муассасалари ўртасида туман – вилоят – республика даражасида танловларни ўтказиб бориш йўлга қуйилади. Бунда:
- ҳар бир йўналиш бўйича республика даражасидаги танловда ғолиб деб топилган умумий ўрта таълим муассасасига Жамғарма ҳисобидан 500 млн сўмдан грант берилади;
- республика танлови ғолиблари маданият ва санъат йўналишлари бўйича давлат таълим ташкилотларига киришда ижодий имтиҳондан озод этилади ва уларга максимал балл берилади.
2026 йил 1 июлдан Ўзбекистон фуқароларига миллий чолғу асбобларини сотиб олиш харажатларининг 30 фоиз қисми Давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилади.