Мазкур ғор тасвири илк палеолит ва мезолит даврларида одамлар яшаган табиий бошпаналарни ифодалайди. Археологик тадқиқотлардан маълумки, бундай манзилгоҳлар ибтидоий жамоалар учун доимий ёки мавсумий турар жой вазифасини ўтаган. Ғорларда терини ошлаш, тош ва суякдан меҳнат қуроллари ҳамда турли буюмлар тайёрлаш, озиқ-овқатни қайта ишлаш каби хўжалик ишлари бажарилган. Бундай реконструкция экспозиция зиёратчиларига инсоният цивилизациясининг илк босқичлари, яшаш тарзи ва меҳнат маданияти ҳақида яхлит илмий тасаввур ҳосил қилиш имконини беради.

Биз кўпинча минтақамиз тарихини муайян нуқтадан бошлаб ўрганишга одатланганмиз, бироқ бу зал ўша буюк уйғониш даврига қадар ҳам бу заминда кўҳна тамаддун илдиз отганини кўрсатади. Экспозицияни диққат билан айлансангиз, энг аввало, аждодларимизнинг оламни идрок этиш маҳоратига қойил қоласиз.

Қадимги Бақтрия, Суғд, Хоразм тупроғидан топилган осори-атиқалар маънавий меросимизнинг илк қатламлари сифатида ўша даврдаги юксак эстетик диддан далолат беради. Бу артефактларга термилиб, илгари одамларнинг табиат билан уйғунлиги, коинот сирларига интилиши ва юксак ахлоқий мезонларни шакллантириш йўлидаги уринишларини ҳис қилиш мумкин. Шиша витриналар ортидаги ҳар бир объект, у кушонлар даврига мансуб маҳобатли ҳайкаллар бўладими ёки Муғтоғдаги милодий 710 йилга оид илк никоҳ шартномасими — барчаси ягона ҳақиқатни тасдиқлайди: бу замин азалдан маданиятлар чорраҳаси, турли эътиқод ва қарашлар макони бўлган.

Экспозициядаги археологик топилмалар ўзлигимизнинг энг чуқур илдизларига қайтишга ундайди. Залда тасаввур ва илмий аниқлик шундай уйғунлашганки, киши ўзини гўё вақт машинасида юргандек ҳис қилади. Ислом цивилизацияси даврида юз берган улкан интеллектуал сакраш айнан мана шу қадимий ва мустаҳкам пойдевор устига қурилганини англаш эса, табиийки, миллий ғурур туйғусини янада юксалтиради.

Азизбек ЮСУПОВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири