Янги Ўзбекистоннинг икки дурдонаси
Муборак Рамазон кунлари бир қанча эзгу ишлар амалга оширилди. Улар орасида икки тадбир алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, наинки мамлакатимиз, минтақамиз, айни пайтда бутун мусулмон олами ҳаётида тарихий воқеа бўлди. Булар — пойтахтимизда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Самарқанд заминида қад ростлаган Имом Бухорий мажмуаси.
Бундай ноёб иншоотлар тинчлик ва осойишталик барқарор юртда барпо этилиши мумкин. Шукрки, мамлакатимиз тинч, буни алоҳида таъкидламоқдаман — осмонимиз мусаффо бўлгани учун ҳам Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази, Самарқанд вилоятининг Пайариқ туманида Имом Бухорий мажмуаси бутунлай янгидан қад ростлади. Бу икки иншоот янги Ўзбекистоннинг дурдоналари. Уларнинг ташқи кўринишининг ўзиёқ ҳар қандай инсонни ҳайратга солади, ҳавасини келтиради. Миллий меъморлик анъаналари билан замонавий архитектура услублари уйғунлаштирилган. Ҳар иккала мажмуа ҳам халқимиз тарихи ниҳоятда қадимий ва бой эканини, табаррук заминимиздан не-не буюк алломалар чиққанини, улар жаҳон тамаддунига салмоқли ҳисса қўшганини намоён этади.
Президентимиз ташаббуси ва бевосита раҳбарлигида бунёд этилган Ислом цивилизацияси марказида юртимиз тарихининг исломгача бўлган даврини, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврини акс эттирувчи экспозициялар мавжуд. Уларни кўрган юртдошларимиз шундай қадим ва бой тарихга эга халқ фарзанди эканидан ғурурланади, фахрланади, улар қалбида ватанпарварлик туйғуси кучаяди. Айниқса, ёшлар учун унинг аҳамияти беқиёс. Хорижликлар эса миллатимизнинг уч минг йилдан зиёд тарихи борлигига, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс айнан бизнинг юртимизда кечганига, заминимизда туғилиб вояга етган ва жаҳон илм-фанига, хусусан, фалакиёт, тиббиёт, математика, фалсафа, адабиёт, тарих, геодезия ва бошқа соҳаларга улкан ҳисса қўшган қомусий олимлар ҳақида маълумотларга эга бўлади. Марказда бир неча улуғ олимларимизнинг образи сунъий интеллект ёрдамида жонлантирилган. Улар турли тилларда ўзи ҳақида сўзлаб беради. Булар шўро замонида айтилган “ўзбек халқининг атиги уч фоизи саводли бўлган” деган даъволар оддий бир чўпчакдан бошқа нарса эмаслигини тасдиқлайди.
“Янги Ўзбекистон — Учинчи Ренессанс пойдевори” залидаги экспозициялар сўнгги йиллардаги беқиёс ўзгаришлар, кенг кўламли ислоҳотлар самаралари ҳақида сўзлайди. Тарихан ғоят қисқа даврда, атиги саккиз-тўққиз йилда қилинган ишларни кузатган ҳар бир инсон — хоҳ юртдошимиз, хоҳ хорижлик бўлсин, ҳайратдан ёқа ушлаши шубҳасиз. Зотан, бунёдкор халқимиз ишлаб чиқариш, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, транспорт, фан-техника, маънавият-маърифат, адабиёт- санъат, маданият, спорт ва бошқа соҳаларда эришаётган ютуқларни жаҳон аҳли кўриб турибди.
Буюк муҳаддис бобомиз Имом Бухорий ҳазратларининг мақбараси бутун ислом уммати учун муқаддас масканлардан бири ҳисобланади. Бинобарин, ул улуғ зот тўплаган муборак ҳадислар китоби — “Саҳиҳи Бухорий” Қуръони каримдан кейинги энг мўътабар манбадир. Ана шу буюк бобомиз мақбараси жойлашган мажмуа давлатимиз раҳбари ташаббуси ва бевосита раҳбарлигида қайтадан бунёд этилди. Мазкур мажмуада муҳташам масжид, бир неча замонавий меҳмонхона ва бошқа иншоотлар қад ростлади. Зиёратга келувчилар учун энг замонавий талабларга жавоб берувчи шароитлар яратилди.
Президентимиз 19 март куни ушбу мажмуага ташриф буюрди. Мажмуа марказида — Имом Бухорийнинг табаррук мақбараси. “Эл-юртимизнинг фидокорона меҳнати билан бугун орзу-ниятларимиз рўёбга чиқди. Бу бетакрор зиёратгоҳни Имом Бухорий бобомизнинг оламшумул мавқеига, юксак мақомига муносиб даражада бунёд этишга муяссар бўлдик”, деди Шавкат Мирзиёев.
Мажмуада бунёд этилган янги муҳташам масжидда 20 март тонгида илк намоз — Рамазон ҳайити намози ўқилди.
Ислом цивилизацияси маркази ҳам, Имом Бухорий мажмуаси ҳам қадим ва бой тарихимиз кўзгуси. Тарихимизни қанча теран ўргансак, ўзлигимизни шунча чуқурроқ англаймиз, қалбимизда ўтмишимиз, буюк аждодларимиз билан фахрланиш, ғурурланиш, энг муҳими, уларга муносиб бўлиш туйғулари жўш уради. Давлатимиз раҳбари Ислом цивилизацияси марказининг расмий очилиш маросимидаги нутқида таъкидлаганидек, “Тарих тилга кирган, тарихдан сабоқ олинган жойда, албатта, билим ва маърифат, тараққиёт ва адолат бўлади. Ҳеч қачон тўғри йўлдан адашилмайди!”.
“Жалолиддин” поезди бўлиб...
Ҳаётимизнинг истисносиз барча соҳаларидаги изчил ислоҳотларнинг ҳаммаси бир мақсадга йўналтирилган: халқимизнинг турмуш фаровонлигини бундан-да яхшилаш, давлатимиз нуфузини янада ошириш.
Транспорт соҳасини ривожлантириш бўйича ҳам улкан ишлар қилинмоқда. Жумладан, янги темир йўл линиялари қуриш, метро ва темир йўл транспорти учун янги поездлар олиб келиш борасидаги ишлар юртдошларимизни қувонтирмоқда. “Hyundai Rotem” компаниясидан олтита поезд мамлакатимизга етказиб берилиши режалаштирилган эди. Уларнинг биринчиси келтирилди. Президентимиз 18 март куни ана шу янги поездда жамоатчилик вакиллари билан бирга Самарқанд шаҳридан Нарпай туманига борди. Мазкур поезд буюк ватандошимиз, жасоратли саркарда Жалолиддин Мангуберди номи билан аталган. Унда еттита вагон бор, поезднинг узунлиги 175 метр, 390 ўринли, соатига 260 километргача тезликда ҳаракатланади. Поезднинг ёнидаги “Жалолиддин Мангуберди” ёзувини кўрган ҳар бир юртдошимизнинг қалби қувонч ва ғурурга тўлади. У Ўзбекистон иқлим шароитини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқарилган, жуда иссиқ ва совуқ ҳароратга ҳам чидамли тизимлар билан жиҳозланган. Мутасаддиларнинг айтишича, поезд яқин кунларда Тошкент — Хива йўналишида қатнай бошлайди. Тошкентдан Хивагача 7 соатда боради.
Поезднинг салонини кўздан кечираман. Ғоят ҳашаматли, замонавий, йўловчилар учун барча қулайликлар яратилган. Ўриндиқлар ҳавас қилгулик даражада, энг замонавий самолётларнинг ўриндиқлари каби. Ўриндиқлар ораси ҳам, ўртадаги йўлак ҳам кенг, тепаси анча баланд. Безаклар давр талабига мос, ортиқча жимжима йўқ.
Буларга ҳавас ва ички суюниш ила термулар эканман, талабалик йилларим ёдимга тушди. Тошкент — Самарқанд орасида поездда не азобларда бориб-келганларимни эслаб, энди бир кулгим, бир йиғлагим келади. Уч юз километрли ана шу масофага саккиз соат юрарди поезд. Шу нисбатан қисқа масофада тахминан ўнга яқин жойда тўхтарди. Вагонларнинг бадбўйини ва кўнгилни айнитадиган бошқа ҳолатларни айтмай қўя қолай. Бугунги поезд — “Жалолиддин Мангуберди” бир минг икки юз километр масофани етти соатда босиб ўтади! Мана, янги Ўзбекистонда барча саъй-ҳаракатлар инсон манфаатларига қаратилаётганининг амалий исботи!
Режалаштирилган поездларнинг қолган бештаси ҳам келтирилса, мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларига ҳам юқори тезликда ҳаракатланувчи поездлар қатнови йўлга қўйилиши табиий. Тасаввур қилиб кўрайлик, бир томонга “Афросиёб”, бошқа томонга “Жалолиддин Мангуберди” поездлари юрса, халқимиз учун қандай улкан имконият ва имтиёзлар яратилган бўлади. Бу қулайликлардан, ғамхўрликлардан суюнмаслик, ғурурланмаслик, шукр қилмаслик, миннатдор бўлмаслик мумкинми?!
Бир пайтлар улуғ шоиримиз Абдулла Орипов “Ўзбекистон” шеърида халқимизнинг юртпарварлиги ҳақида ёзар экан, “Жалолиддин самани бўлиб сакраб ўтдинг Амударёдан” деган эди. Бугун “Жалолиддин Мангуберди” поезди жонажон Ўзбекистонимиз халқига хизмат қилмоқда.
Ўзимиздан чиққанига нима етсин
Дунё денгиздай чайқалиб турибди бугун. Унинг аёвсиз тўлқинлари қайси томонга хавф солади — ҳеч ким билмайди. Бу тўлқинлар биздан узоқда деб бўлмайди. Бинобарин, кўплаб давлатлар турли жиҳатлар бўйича ўзаро узвий боғланган. Муайян мамлакатда рўй берган яхши ишлар ҳам, кўнгилсиз воқеалар ҳам бошқаларига қайсидир даражада таъсир ўтказади.
Бундай шароитда қийинчилик ва машаққат, аввало, оддий халқ бошига тушади. Сабаби — ўша аёвсиз тўлқинлар оқибатида ишлаб чиқариш, турли маҳсулотлар, жумладан, озиқ-овқат етиштириш ва тайёрлаш камаяди. Бу, ўз навбатида, нарх-наво кўтарилишига олиб келади. Шундай бўлгач, оддий меҳнаткаш халқнинг турмуш шароити оғир аҳволга тушиб қолади. Бунга тарихдан исталганча мисоллар келтириш мумкин. Тарихни қўйиб турайлик, шу кунларда Яқин Шарқда кечаётган воқеаларга теран кўз билан қарайлик, таҳлил қилайлик. Одамнинг эти увишиб, юраклар зирқираб кетади. Қанча бегуноҳ одамлар — болалар, аёллар, кексалар ҳалок бўлди. Уларнинг айби нима эди?
Бу воқеаларни турли телеканаллар, ижтимоий тармоқлар, оммавий ахборот воситалари орқали кўриб, ўқиб, тинчлик нақадар улуғ, бебаҳо неъмат эканига қайта-қайта имон келтиради ҳар бир инсон. Зеро, тинчлик бўлмаган жойда тараққиёт ҳам, ривожланиш ҳам, ҳаловат ҳам йўқ! Байраму тўй-томошаларни- ку, тасаввур ҳам қилиш мумкин эмас!
Шундай экан, юртимиздаги тинч ва осуда ҳаётнинг қадрига етиш зарур. Яратганга беадад шукрлар бўлсинки, халқимиз тинч- хотиржам ишлаяпти, дам оляпти, бехавотир тонг оттиряпти. Турли байрамларни нишонлаяпмиз, тўй-томошалар қиляпмиз. Бири биридан гўзал, муҳташам, замонавий иншоотлар бунёд этмоқдамиз.
Аммо хотиржамликка берилиш мумкин эмас. Чунки ўша нотинчлик, беқарорлик оқибатида турли муаммолар вужудга келмоқда. Жумладан, логистикада узилишлар пайдо бўлиб, нефть нархи, транспорт харажати ошаётгани кузатилмоқда. Булар юртимизга олиб келинадиган барча турдаги маҳсулотлар нархи кўтарилишига сабаб бўлади. Демак, маҳаллий ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун шу турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва етиштиришни кўпайтириш ҳар қачонгидан кўра муҳим ҳамда долзарб аҳамиятга эга. Аслини олганда, ҳамма нарса ўзингдан чиққанига нима етсин.
Самарқанд вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича Нарпай туманида 18 март куни ўтган йиғилишда давлатимиз раҳбари ана шу масалаларга алоҳида эътибор қаратди. Ҳар бир ишга янгича ёндашиш, изланиш зарурлиги — давр талаби. Туманларнинг ўзига хос имконият ва шароитидан келиб чиққан ҳолда ривожланиш моделини яратиш кераклиги таъкидланди. Бунинг учун туманларнинг саноат, қишлоқ хўжалиги, туризм, хизмат кўрсатиш кўрсаткичлари, ер ости ва ер усти захиралари, меҳнат ресурслари, аҳолининг бизнес ва касб кўникмаларини сунъий интеллект ёрдамида таҳлил қилиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Самарқанд вилоятига барча манбалар ҳисобидан 11 триллион сўм, тадбиркорларга кредит ресурслари учун яна 18 триллион сўм йўналтирилаётгани айтилди. Рақамларга эътибор беринг: триллион! Айтишга осон. Аммо унинг замирида қанча меҳнат, қанча машаққат бор! Зотан, бир сўм ҳам осмондан тушмайди. Демак, бу маблағнинг ҳар бир сўмидан самарали, оқилона, энг муҳими, тўғри ва ҳалол фойдаланиш керак. Катта-кичик раҳбар бўладими, тадбиркор бўладими, фермер ёки ижтимоий соҳа вакили бўладими, давлат ажратган ресурсни халқимиз фаровонлигини янада ошириш, жонажон Ватанимизни обод қилиш, халқаро нуфузини кўтариш, алал- оқибат юртимиз аҳолисини рози қилишдек эзгу ва хайрли ишларга сарфламоғи даркор. Акс ҳолда, яъни бюджет пули (бу халқнинг пули) талон-тарож қилинса, шахсий манфаатни элу юрт манфаатидан устун кўриб, порахўрликка, манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилса, одамларда норозилик кучаяди. Энг ёмони, аҳолида улуғ ниятлар билан кечаётган ислоҳотларга, давлат сиёсатига ишонч сусаяди. Президентимиз таъбири билан айтганда, коррупцияга йўл қўйиш ислоҳотларга хиёнатдир.
Йиғилишда вилоятни иқтисодий-ижтимоий ривожлантиришнинг барча соҳалари бўйича масалалар батафсил кўриб чиқилди. Саноат, қишлоқ хўжалиги, туризм, хизмат кўрсатиш, паррандачилик, балиқчилик, лимон, қулупнай, картошка етиштириш ва ҳоказо соҳаларда қилиниши зарур бўлган ишлар аниқ белгилаб берилди. Уларнинг ҳар биридан кўзланган мақсад, одамларга фойдаси, пировард натижа — барча-барчаси аниқ мисоллар билан таҳлил қилинди. Масалан, паррандачилик, балиқчилик ривожланса, аҳоли дастурхони тўкин бўлади. Яйловларни ижарага бериш муддати узайтирилса, чорвачилик ривожланади, чорва моллари кўпайса, гўшт сероб бўлади. Қайсики маҳсулот кўпайса, ўшанинг нархи арзонлашади. Буларнинг бари бир-бири билан чамбарчас боғлиқ. Туманлар инфратузилмаси, яъни йўлларни, кўприкларни таъмирлаш, янгиларини қуриш масалалари ҳам эътибордан четда қолмади. Ушбу ишлар учун зарур маблағ (миллиардлаб сўм) ажратиладиган бўлди.
Мен бир ҳолатга эътибор қаратдим. Салкам уч соат давом этган йиғилишда бирор марта пахта ҳақида, пахта етиштиришнинг аҳволи, бу йилги режалар тўғрисида гап бўлмади. Илгари бунақа йиғилишлар асосан пахта билан бошланиб, пахта билан тугар эди. Мева, сабзавот маҳсулотлари етиштириш хусусида деярли гапирилмасди. Бўлар экан-ку! Пахтасиз ҳам кун кўриш мумкин экан-ку! Кўрганда ҳам пахта давридан кўра яхшироқ яшаш мумкин экан! Буни бугун ҳаётимизда кўриб турибмиз.
Кўрилаётган масаланинг “ичига кирган”, яъни атрофлича ўрганган одам ишонч билан, қатъий, қоғозга қарамай гапиради. Бундай раҳбар ҳисобот бериш билан чекланмайди, мавжуд муаммоларни яширмайди ва уларни ҳал қилиш учун нималар қилиш лозимлигини, бунинг учун қанча маблағ кераклигини ҳам айтади.
Нарпайдаги йиғилишда ҳам шундай бўлди. Сўзга чиққанлар — вазирлик ва идоралар раҳбарлари ёки вакили бўладими, туманлар ҳокимлари ёки муайян соҳа мутахассисими — аксариятининг сўзларида янгича фикрлаш, масалага замонавий ёндашиш сезилиб турарди. Чунки йиғилиш бошиданоқ эркин фикр билдириш, фақат ютуқларни санамай, муаммоларни очиқ- ойдин айтиш муҳити яратилди. Давлатимиз раҳбари маъруза эмас, очиқ, самимий мулоқот қилди йиғилганлар билан, уларнинг таклифларини эшитди. Аксарият масалалар ўша ернинг ўзидаёқ ҳал этилди. Президентимиз томонидан илгари сурилган ва қатъий амал қилиб келинаётган очиқлик сиёсатининг амалдаги исботи эди бу.
...Рамазон ойи, баҳорнинг бошланиши элу юртимиз учун хайрли, барокатли келди, унутилмас тарихий воқеаларга бой бўлди. Бу қувончли онларнинг шавқу завқи, таассуротлари юртдошларимиз қалбида ўчмас из қолдиргани шубҳасиз. Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йилининг ҳар бир ойида, ҳар кунида шоду хуррамликлар, нурли воқеалар кўп бўлсин.
Маматқул ҲАЗРАТҚУЛОВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист