Айниқса, талаба-ёшларнинг нафақат таълим олиши, балки уларнинг яшаши, бўш вақтини мазмунли ўтказиши, маънавий ва жисмоний камол топиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Ана шу эзгу ишларнинг мантиқий давоми сифатида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллик байрами арафасида олий таълим тизимида яна бир муҳим янгилик амалга оширилди.
13 та талабалар турар жойи фойдаланишга топширилди
2026 йил 24 август куни мамлакатимиз ҳудудларида янгидан барпо этилган ва капитал таъмирдан чиқарилган 13 та талабалар турар жойи, жами 6 200 ўрин, шунингдек, 4 000 ўринли ўқув биноларини фойдаланишга топшириш жараёнига старт берилди.
Ушбу тадбирлар мамлакатимиз ёшлари учун замонавий таълим ва яшаш инфратузилмасини яратиш, олий таълим ташкилотларида таълим олаётган талабалар учун қулай шарт-шароитларни янада кенгайтиришга қаратилган.
Тадбирнинг асосий марказларидан бири Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг Тўрткўл факультетида барча замонавий талабларга жавоб берадиган янги талабалар турар жойининг тантанали очилиши бўлди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев, Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов, Тўрткўл тумани ҳокими Илҳомбой Худайбергенов, Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори Тўлқин Тешабоев, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшлар, уларнинг ота-оналари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Янги иншоотлар — ёшлар учун янги имкониятлар
Тадбир доирасида телемост орқали мамлакатимизнинг турли ҳудудларидаги олий таълим ташкилотлари билан тўғридан-тўғри алоқа ўрнатилиб, янги талабалар турар жойлари ва таълим инфратузилмаси объектларининг фойдаланишга топширилишига старт берилди.
Жумладан, қуйидаги олий таълим ташкилотларида талабалар турар жойлари очилди:
Қорақалпоғистон давлат университети;
Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти;
Самарқанд ветеринария медицинаси институтининг Нукус филиали;
Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг Тўрткўл факультети;
Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети;
Наманган давлат университети;
Самарқанд давлат тиббиёт университети;
Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институти;
Гулистон давлат педагогика институти;
Қўқон давлат университети;
Урганч давлат университети;
Урганч давлат тиббиёт институти;
Тошкент давлат иқтисодиёт университети.
Янги ва капитал таъмирдан чиқарилган талабалар турар жойлари замонавий талаблар асосида жиҳозланиб, талаба-ёшларнинг қулай ва хавфсиз яшаши учун зарур шароитларни яратишга хизмат қилади.
Таълим инфратузилмасини ривожлантириш — муҳим устувор вазифа
Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда ёшларга қаратилаётган юксак эътибор, олий таълим ташкилотларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, замонавий таълим инфратузилмасини яратиш борасида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотларни таъкидладилар.
Қайд этилганидек, замонавий талабалар турар жойлари ва янги ўқув биноларининг барпо этилиши талаба-ёшлар учун муносиб яшаш ва таълим олиш шароитларини таъминлаш билан бир қаторда, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, илмий-ижодий салоҳиятини ривожлантириш ва жамоат ҳаётида фаол иштирок этиши учун ҳам кенг имкониятлар яратади.
Энг муҳими, бундай инфратузилма лойиҳалари олий таълим ташкилотларида таълим сифатини ошириш, рақобатбардош ва замонавий билимларга эга кадрлар тайёрлаш учун зарур муҳитни шакллантиришга хизмат қилади.
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида фойдаланишга топширилаётган мазкур иншоотлар мамлакатимизда ёшларга яратилаётган кенг имкониятларнинг яна бир амалий ифодаси бўлиб, улар талаба-ёшларнинг сифатли таълим олиши ва муносиб шароитларда таҳсил олишига хизмат қилади.