Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати эслатма билан чиқди.
Таъкидланишича, БФҚлар дори воситаси ҳисобланмайди ва улар касалликларни даволаш, олдини олиш ёки ташхис қўйиш учун мўлжалланмаган. Шу боис, уларни шифокор тавсия этган даволаш усули ўрнида қабул қилиш саломатлик учун хавф туғдириши мумкин.
Мутахассислар биологик фаол қўшимчалар организмдаги айрим озуқавий моддалар етишмовчилигини тўлдиришга ёрдам беришини, бироқ дори воситасининг ўрнини босмаслигини таъкидламоқда.
Шунингдек, аҳолига маҳсулот харид қилишда унинг таркиби, сертификати ва яроқлилик муддатига алоҳида эътибор қаратиш тавсия этилди. Соғлиқ билан боғлиқ муаммоларда эса ўзбошимчалик билан даволанмасдан, мутахассисга мурожаат қилиш муҳимлиги қайд этилди.
Соғлом овқатланиш, фаол турмуш тарзи, етарли дам олиш ва мунтазам тиббий кўрикдан ўтиш саломатликни сақлашнинг асосий омиллари экани таъкидланди.