9–10 октябрь кунлари республика ҳудудида ҳаво ҳарорати кечалари 10–15 даража, кундуз кунлари 25–27 даража бўлади. Жанубий ҳудудлар ва чўл зоналарининг айрим жойларида ҳарорат 29–32 даражагача кўтарилади.
10 октябрь куни кечқурун республиканинг ғарбий ҳудудларига нам ҳаво массалари кириб кела бошлайди. Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятининг айрим жойларида ёмғир ёғиши мумкин.
11 октябрь, якшанба куни нам ҳаво массалари мамлакатнинг қолган ҳудудларига ҳам тарқала бошлайди. Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида, куннинг иккинчи ярмида чўл ҳудудлари ҳамда республиканинг жанубида, кечқурун эса марказий ҳудудларнинг айрим жойларида ёмғир ёғиши кутилмоқда.
Тошкент вилояти ва Фарғона водийсида ёғингарчиликсиз об-ҳаво сақланиб туради. Кўпчилик ҳудудларда илиқ об-ҳаво давом этади. Фақат республиканинг шимоли-ғарбий ҳудудларида ҳаво ҳарорати 18–23 даражагача пасайиши кутилмоқда.
Шамол шарқдан ўз йўналишини ўзгартириб, ғарбдан 7–12 м/с тезликда эсади.
9–11 октябрь кунлари тоғли ҳудудларнинг айрим жойларида ёмғир ёғади. 11 октябрь куни тоғолди ва тоғли ҳудудларда сел-сув тошқини ҳодисалари юзага келиши мумкин.
Пойтахтда бугун ва дам олиш кунлари ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан 3–8 м/с тезликда эсади.
Ҳаво ҳарорати кечалари 13–15 даража, кундуз кунлари 25–27 даража бўлиши кутилмоқда.