“Маҳалла еттилиги”нинг ҳамжиҳатликда ҳар бир хонадон имконияти ва муаммосини ўрганиши ютуқларга замин ҳозирламоқда. Хусусан, аҳолига кредит олиш, бизнес бошлаш, иссиқхона қуриш, томорқадан самарали фойдаланиш бўйича ҳар томонлама кўмак бериляпти. Натижада одамлар барқарор даромадга эга бўлиб, маҳалла ишсизликдан холи ҳудудга айланди.

Ҳозир маҳаллада 300 дан зиёд иссиқ­хона бор. Улардан 170 таси шу йилда қурилди. Шунинг ўзиёқ йил сайин аҳолининг ишбилармонлик руҳи кучайиб бораётганидан далолат. Маҳаллада “Бир контур — бир маҳсулот” тамойили асосида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириляпти.

Жумладан, Шуҳрат Каримов 10 сотихли иссиқхонасидан бир йилда тўрт мартагача ҳосил олмоқда. Эътиборлиси, у ва аёли давлат ташкилотларида ишлайди. Шунга қарамай, оила бўш вақтида томорқадан унумли фойдаланиб, мўмай даромад топмоқда.

— 2024 йилда иссиқхонамиз йўқ эди. Ўшанда рўзғор учун оз-оздан турли қишлоқ хўжалиги экинлари экардик, — дейди Шуҳрат Каримов. — Ўтган йили маҳалла масъул­лари иссиқхона қуришни таклиф қилди. Бунинг учун 33 миллион сўм кредит олиб иш бошладик. Иссиқхона ўтган йилнинг ўзидаёқ даромад келтиришни бошлади. Мутахассислар тавсияси билан 4 мартагача ҳосил олдик. Бу йил помидор экдик ва томчилатиб суғориш тизимини йўлга қўйдик. Турмуш ўртоғим билан иккимиз давлат ташкилотида ишлаганимиз боис, иссиқхонанинг кундалик юмушини тонгда ва тушдан кейин бир соатдан вақт ажратиб бажарамиз. Ўтган йили 150 миллион сўм даромад олдик. Жорий йил янада кўпроқ фойда топишни ният қилиб, ишлаяпмиз.

Оиланинг томорқадан юқори ҳосил олишида ер билан тиллашган миришкорларнинг тажрибаси ва маслаҳати муҳим ўрин тутмоқда. Бу маҳаллада томорқачилик маданиятини ­оммалаштиришга хизмат қиляпти. Ушбу жараёнда маҳалла раиси бошчилигидаги фаоллар ташаббускорлик кўрсатмоқда.

— Маҳалламизда 1300 та хонадон бор. Уларда 6000 дан зиёд одам яшайди, — дейди Шибзон маҳалласи раиси Абдулла Эргашев. — Фаолларимиз ташаббуси билан ҳар бир хонадонда иссиқхона ташкил этиш бўйича тарғибот ўтказдик. Аҳолига бу борада ҳар томонлама кўмак берилди, кредит ажратилди. Натижада маҳалладошларимиз томорқадан самарали фойдаланиб, барқарор даромад манбаига эга бўляпти. Ҳозир маҳалламизда ишсиз одам йўқ. Бу яратилган имкониятлар ва ислоҳотларнинг амалий натижасидир. Шу билан бирга, маҳалламиздаги 40 га яқин хонадонда қуввати 50 киловаттдан зиёд қуёш панеллари ўрнатилган. Бу орқали электр энергияси тежалиши ­баробарида маҳалладошларимиз қўшимча даромад ҳам оляпти.

Айни вақтда Шибзонда томорқачиликда фақат анъанавий усуллар эмас, балки замонавий технологиялар ҳам қўлланмоқда. Жумладан, Аваз Очилов ёмғир сувидан унумли фойдаланиб, томчилатиб суғориш тизимини йўлга қўйган. Бу, ўз навбатида, сувни тежаш, харажатни камайтириш ва ҳосилдорликни оширишга хизмат қиляпти. Шунингдек, хонадонда биогумус тайёрланиб, экинлар табиий озиқлантирилади. Меҳнаткаш деҳқон ушбу меҳнати туфайли намунали томорқачи дея эътироф этилган. Айни вақтда Аваз Очилов ёмғир сувини тўплаб боришни йўлга қўйган. Шу орқали келгусида балиқчилик билан ҳам шуғулланмоқчи.

Маҳаллада янги соҳа ва йўналишлар ҳам ривожланяпти. Айниқса, балиқчиликни йўлга қўйишни истайдиганлар сони кундан кунга кўпаймоқда.

— Дарё яқинидаги бу ерлар аввал қаровсиз эди, — дейди тадбиркор Шавкат Шарипов.
— Ундан унумли фойдаланиш чораларини излаб, банкдан кредит олдик. Бунинг эвазига
8 гектарда балиқ учун ҳовузлар ташкил этдик. Уларга 600 мингдан ортиқ чавақ ташланган эди. Олти ойда қарийб 100 тоннага яқин балиқ етиштирилди. Ушбу ташаббус ортидан ўн киши иш билан таъминланган. Балиқларимизни маҳаллий бозорда сота бошладик. Келгусида ушбу кўл атрофини ободонлаштириб, аҳоли учун балиқ овлайдиган шароит қилиб, замонавий дам олиш жойига айлантирмоқчимиз.

Маҳалладаги қайси хонадонга кирсангиз ҳам ердан самарали фойдаланишдаги ўзига хос тажрибани кўрасиз. Маҳалла масъуллари ва фаоллари аҳолига бу борада яқин кўмакчи бўлмоқда.

— Ютуқларимиз сири оддий. Яхши ташаб­бус ва лойиҳаларни одамлар ижобий қабул қилиб, ўзаро маслаҳатлашиб, ҳаётга татбиқ этяпти, — дейди Шибзон маҳалласидаги ҳоким ёрдамчиси Жасур Шакаров. — 2025 йилда 1,5 миллиард сўмлик кредит эвазига аҳоли томорқасига иссиқхона қуриб берилди. Бунинг учун аввал томорқасида очиқ майдонда экин экаётган хонадонлар танлаб олинди. Жараёнда кўп йиллик тажрибага эга деҳқонлар ва мутахассисларнинг тавсияси ҳам қўл келмоқда. Дастлаб иссиқхоналарда фақат помидор ва бодринг экиларди. Ҳозир маҳалладошлар қулупнайдан ҳам яхши ҳосил оляпти. Бундан ташқари, асаларичилик ҳам ривожланмоқда. Интенсив усулда Эрон, Хитой ва Жанубий Корея тажрибаси асосида балиқчилик йўлга ­қўйилмоқда.

Бу борада давлатимиз томонидан яратилган имкониятлар, кредит ва субсидиялар, маҳаллабай ишлаш тизими катта аҳамият касб этаётир. Ушбу маҳалланинг тажрибаси бошқа ҳудудлар учун ҳам намунага айланмоқда.

Ғолиб АБДУСАЛОМОВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири