Аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш йўналишида Давлат хавфсизлик хизмати, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамда Божхона қўмитаси ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилди.

Тадбир давомида Наманган шаҳридаги хонадонлардан бири холислар иштирокида кўздан кечирилганда, 1996 йилда туғилган фуқаро томонидан кейинчалик сотиш мақсадида санитария қоидаларига зид равишда сақлаб келинаётган дори воситалари борлиги аниқланган.

Хусусан, тегишли ҳужжатлари бўлмаган ҳамда сифати кафолатланмаган 56 турдаги жами 13 184 дона дори воситаси ашёвий далил сифатида олинган. Улар орасида «Сефотаксим», «Бифидумбактерин», «Атропин», «Тидомет форте» ва бошқа препаратлар бор.

Маълум бўлишича, ушбу «яширин омбор»да сақланган дори воситалари қўшни республика ҳудудидан айланма йўллар орқали олиб кирилган.

Баҳолаш хулосасига кўра, мусодара қилинган дори воситаларининг умумий қиймати 577 млн 381 минг сўмни ташкил этган.

Ҳолат юзасидан мазкур шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 186-3-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.