Айниқса, умумий тарихий илдизлар ва муштарак маданий меросга эга бўлган Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги алоқаларда халқ дипломатияси муҳим ўрин тутади. Бу борада умуминсоний қадриятларни ўзида мужассам этган Наврўз байрамини халқаро миқёсда кенг нишонлаш давлатлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашнинг самарали механизми сифатида хизмат қилмоқда.
Наврўз — Шарқ халқларининг кўп асрлик тарихи ва маданиятини ўзида акс эттирувчи, табиат уйғониши, янгиланиш ва эзгулик рамзи ҳисобланган улуғ байрамдир. У нафақат миллий анъана, балки халқлар ўртасидаги ўзаро ҳурмат, бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик ғояларини илгари суришда муҳим маънавий омил сифатида алоҳида аҳамиятга эга. Бугунги кунда Наврўз халқаро даражада эътироф этилган байрам сифатида турли мамлакатларда кенг нишонланиб, маданий мулоқотни ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Мазкур жараённинг институционал асослари халқаро ташкилотлар доирасида ҳам мустаҳкамланган. Хусусан, 2010 йил 23 феврал куни БМТ Бош Ассамблеяси томонидан “Наврўз халқаро куни” деб номланган резолюция қабул қилиниб, ҳар йили 21 мартни халқаро миқёсда нишонлаш белгиланди. Резолюцияда Наврўзнинг 3000 йилдан ортиқ тарихга эга экани, Туркий давлатлар, Марказий Осиё, Яқин Шарқ ва бошқа ҳудудларда кенг тарқалгани алоҳида қайд этилган.
Шу билан бирга, Наврўзнинг инсоният маданий меросидаги ўрни ЮНЕСКО томонидан ҳам эътироф этилган бўлиб, 2009 йилда у “Инсониятнинг номоддий маданий мероси” рўйхатига киритилди. Бу эса Наврўзнинг нафақат миллий, балки глобал аҳамиятга эга маданий дипломатия воситаси сифатидаги ўрнини янада мустаҳкамлади.
Миллий даражада эса ушбу байрамга давлат сиёсати доирасида алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йилдаги “Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги ПҚ-82-сонли қарори мазкур байрамни “Наврўзни улуғлаш — инсонни улуғлашдир!” деган ғоя асосида кенг нишонлашни назарда тутади. Ушбу қарорда Наврўз тадбирларини юқори савияда ташкил этиш, миллий қадриятларни тарғиб қилиш, ёш авлодни ватанпарварлик ва маънавий баркамоллик руҳида тарбиялаш, шунингдек, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган комплекс чора-тадбирлар белгиланган. Бу эса Наврўз байрамини нафақат маданий, балки ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга бўлган муҳим институт сифатида қараш имконини беради.
Шу билан бирга, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорликнинг ривожланиши, аввало, икки давлат раҳбарлари даражасида олиб борилаётган изчил сиёсат билан чамбарчас боғлиқдир. Жумладан, жорий йил январь ойида ўтказилган Ўзбекистон–Туркия Олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгашининг тўртинчи йиғилишида маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорликни кенгайтириш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланди. Унда маданият кунлари, театр фестиваллари, туризм ва ижодий алмашинув дастурларини ривожлантириш бўйича қатор муҳим ташаббуслар илгари сурилди.
Ушбу муштарак ташаббуслар ва Президент қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, Ўзбекистон ва Туркия халқларини бирлаштириб турувчи умумий тарихий ва маданий қадриятларни кенг тарғиб қилиш мақсадида, жорий йилнинг 21–22 март кунлари Туркиянинг Истанбул ва Бурса шаҳарларида ўтказилган Наврўз тадбирлари давлат сиёсати ва концептуал ёндашувнинг амалий ифодаси бўлди. Ушбу тадбирлар Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Халқ дипломатияси маркази, Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси, Туркиядаги Ўзбекистон маданияти, бирдамлиги ва ҳамкорлик жамияти, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ҳамда Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти ҳамкорлигида юқори савияда ташкил этилди.
Шунингдек, мазкур тадбирлар доирасида расмийлар Бурса вилоятининг Гурсу тумани ҳокими Mustafa Işık жаноблари билан учрашув ўтказдилар. Мазкур учрашув ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш нуқтаи назаридан алоҳида аҳамиятга эга бўлди. Унда маданий алоқаларни кенгайтириш, шаҳарлар ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. Бу эса замонавий халқаро муносабатларда “шаҳарлар дипломатияси” ва “ҳудудлараро ҳамкорлик” тушунчаларининг аҳамияти ортиб бораётганини кўрсатади.
Бурса шаҳридаги байрам тадбирларининг очилиш қисмида сўзга чиққан расмийлар ҳам маданий-гуманитар ҳамкорликнинг стратегик аҳамиятини алоҳида таъкидладилар. Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консули Шерзод Абдуназаров икки давлат ўртасидаги алоқалар изчил ривожланаётганини қайд этган бўлса, Ўзбекистонда ШҲТ Халқ дипломатияси маркази директори Қобилжон Собиров бундай тадбирлар халқ дипломатиясининг энг самарали шаклларидан бири эканлигини таъкидлади. Унинг фикрича, Наврўз байрами орқали тинчлик, ҳамжиҳатлик ва умуминсоний қадриятлар кенг тарғиб этилади.
Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти ректори Элдор Шерманов эса маданият ва санъатнинг чегара билмас куч эканлигини таъкидлаб, бундай тадбирлар ёш авлодни миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этишини қайд этди.
Шу билан бирга, тадбир давомида илмий-маданий муҳит ҳам шакллантирилиб, Тошкент давлат шарқшунослик университети ҳузуридаги Туркшунослик тадқиқотлар маркази директори, доцент Жумали Шабанов томонидан ўзбек мумтоз ва замонавий шоирларининг асарларидан парчалар ўқиб эшиттирилди. Ушбу чиқишлар нафақат адабий меросни тарғиб қилиш, балки ўзбек миллий тафаккури ва бадиий анъаналарини халқаро жамоатчиликка етказишда муҳим аҳамият касб этди. Бу эса маданий дипломатия доирасида адабиётнинг ҳам муҳим ўрин тутишини яна бир бор намоён қилди.
Тадбирлар доирасида икки давлат жамоатчилиги вакиллари, маданият ва санъат намояндалари, шунингдек, Туркияда истиқомат қилаётган ўзбекистонлик ватандошлар иштирокида ташкил этилган маданий кечалар, концерт дастурлари, миллий санъат кўргазмалари ва анъанавий таомлар тақдимоти ўзбек ва турк халқларининг бой маданий меросини кенг намоён қилди. Бу жараёнда маданият ва санъатнинг бирлаштирувчи куч сифатидаги аҳамияти яққол намоён бўлди. Мусиқа, рақс ва ижодий чиқишлар орқали икки халқнинг тарихий яқинлиги, маданий уйғунлиги ва маънавий қадриятлари ёрқин ифода этилди.
Бу каби юқори даражадаги келишувлар амалий жиҳатдан ҳаётга татбиқ этилаётгани Туркияда ташкил этилган Наврўз тадбирлари мисолида яққол кўзга ташланади. Яъни, давлат раҳбарлари томонидан белгиланган стратегик вазифалар халқ дипломатияси институтлари ва маданий муассасалар фаолияти орқали амалий мазмун касб этмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорлик замонавий халқаро муносабатлар тизимида муҳим ўрин тутади. Президент қарорлари ва икки давлат раҳбарлари даражасидаги стратегик келишувлар мазкур ҳамкорлик учун мустаҳкам институционал асос яратмоқда.
Наврўз байрами эса ўзининг чуқур тарихий илдизлари, инсонийлик, бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик ғояларини мужассам этгани билан халқлар ўртасида ўзаро ишонч ва ҳурматни мустаҳкамлашда беқиёс аҳамият касб этади. У нафақат маданий мерос, балки давлатлар ва жамиятлар ўртасида мулоқотни ривожлантирувчи, турли миллат ва элатларни яқинлаштирувчи кучли маънавий кўприк вазифасини бажаради. Шу маънода, Наврўзни халқаро миқёсда кенг нишонлаш халқ дипломатиясини ривожлантириш, маданий алмашинувни чуқурлаштириш ва барқарор тинчлик ҳамда ҳамкорлик муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилувчи муҳим омил ҳисобланади. Келгусида бундай ташаббусларни изчил давом эттириш ва уларни янги мазмун билан бойитиш орқали давлатлар ўртасидаги дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлаш имкони мавжуд.
Бурхониддин Акрамов,
Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг
Халқ дипломатияси маркази Бош мутахассиси