Уламоларимиз моддий ва маънавий неъмат-яхшиликларнинг зиёда бўлиши, униб-ўсиши, барқарор ва давомли бўлишини барака дейди. Барака танага тушса, уни қувватли қилиб, кўп нарсага имконияти етишига сабаб бўлади. Барака фарзандларга тушса, уларнинг солиҳ, ахлоқли бўлишига кўмак беради. Барака вақтга тушса, уни кенгайтиради, инсон ўша вақт ичида кўп ишларни қилишга улгуради. Бир одам 60-70 йиллик умри давомида юз йилда ҳам қилишга улгуролмайдиган ишларни бажариши унинг вақтига барака берилганидир.
Абдулла Орипов 75 йил умр кўрди. Аммо ўзидан сон-саноқсиз шеърлар, кўплаб китоблар, таржималар, суҳбатлар, қайдлар, хотиралар қолдирди. У зотнинг ёзиб қўйган асарлари ҳозир ҳам нашр этилишда давом этмоқда. Бу бир инсоннинг умрига барака берилганининг ёрқин кўриниши.
“Дўрмон” ижод уйи ҳудудида, шоир истиқомат этган хонадонда муқаддас Рамазон ҳайити ҳамда Наврўз айёми, қолаверса, 21 март — шоирнинг таваллуд санаси арафасида Абдулла Орипов уй-музейининг очилишида ҳам ўзига хос рамзий маъно мужассам. Тадбир давомида шоир Эшқобил Шукур топиб айтди: “Шоир ўзи улуғ кунда туғилди, уй-музейининг очилиши ҳам шу муборак санага тўғри келди. Баракали одам дегани шу бўлса керак-да!”.
Ўзбек адабиётини Абдулла Орипов ижодисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бетакрор, фалсафий, табиий кечинмаларга йўғрилган, қалб призмасидан ўтган, теран образли, мушоҳадаларга бой, оҳанги, ифода усули, ҳаёт ҳодисаларининг янгича талқини билан ўз адабий мактабини яратди. Шоир Усмон Азим айтмоқчи, адабиётга ёлғон аралашмаган сўзлар билан кириб келди. Шеърият дарғасининг ёрқин шахсиятини бир фаолият кесимида қамраб олиш мумкин эмас. Шу маънода, мазкур музей адабиётимиз, Абдулла Орипов шеъриятининг қутлуғ қадамжоси бўлиши шубҳасиз.
Чиндан ҳам музей Абдулла Орипов яшаган муҳит руҳини сақлаб қолгани билан аҳамиятга молик. Шоир асарларининг асл қўлёзмалари мавжуд ижодхона, деворлардаги тарихий суратлар, юзлаб китобларни бағрида сақлаётган маҳобатли кутубхона, ижодкор зиёлилар билан дилдан суҳбат учун мажлислар хонаси, яқин йилларга тегишли экспонатлар, мўъжаз фойе ғоят файзли ва шинам. Давлатимиз мадҳияси яратилган алоҳида ижодхона уй-музейга янада кўрк, салобат бағишлайди. Юртимиз мадҳияси айнан шу хонада дунёга келгани қалбларни ҳаяжонга солади.
Муаззам ва дилбар
— Отам Дўрмонни яхши кўрарди, бирор жойга кетса, “Дўрмон ҳавосини соғиндим”, деб тез қайтиб келарди. Бундан олдин Кибриё Қаҳҳоровадан сотиб олинган ҳовлида яшаганмиз. Кейинчалик, отам Ёзувчилар уюшмаси раиси бўлгач, олдингизга кўп одамлар ташриф буюради, каттароқ жойга кўчиб ўтишингиз керак деб шу уйни беришган. Шундан сўнг бу ҳовли халқ ҳовлисига айланди: остона ҳатлаб исталган киши кириб келар, шоирона қилиб айтганда, отамнинг тафаккур булоғидан чўмичига тўлдириб кетарди. Қорақалпоқлик мухлислар отамни бошқача яхши кўрарди, элликқалъаликлар тез-тез ташриф буюрар, Некўз — Нукус-да деб ҳазиллашиб, ўзларини шоирга яқин оларди. Бу ҳовлида отамнинг учта ўтови бор эди, ҳар йили икки марта қорақалпоқ мухлислар келиб, янгилаб кетарди. Уй-музейдаги кўплаб жиҳозлар, стол-стуллар ёки шоир сурати солинган гиламлар ҳунарманд мухлислари томонидан тақдим этилган, — дея эслайди Абдулла Ориповнинг қизи Шоира Орипова.
Икки қаватли уйни томоша қилар экансиз, шоир ҳамма қатори оддий ва айни пайтда нақадар улуғвор ҳаёт кечирганига яна бир бор иқрор бўласиз. Бу ерда сақланаётган ҳар бир ашёга ўз вақтида шоирнинг қўли теккан, унинг нигоҳи тушган. Буни билишингиз ҳамоно экспонатлардаги моҳият теранроқ мазмун касб эта бошлайди, ижодкорга доир илиқ хотиралар сари етаклайди.
“Абдулла ака оилада адабий тилга, ўзбек тилига жуда эътиборли эди. Фарзандларимиз Тошкентнинг қоқ марказида туғилиб ўсган бўлса-да, “ада” эмас, балки “ота” деб чақирарди. Тўнғич набирамиз Шоҳрух бобосини “бува” деб тили чиқди. Қарасаки, ҳамма “ота” дейди. Кейинчалик у бобосига “ота-бува” деб мурожаат қила бошлади. Абдулла ака ҳазиллашиб, “Неварам, ўзингни қийнаб нима қиласан, “аждод” деб қўяқол”, деганди, — дея хотирлайди шоирнинг рафиқаси Ҳанифа Мустафоева. — Мадҳиянинг дунёга келишида икки буюк композитор ва шоирнинг тонг отгунча тер тўкиб, қилган меҳнатларига гувоҳ бўлганман. Мутал ака менга “Келинжон! Агар мана шу мусиқам танловдан ўтса, ўлсам ҳам армоним йўқ эди. Биласизми, менга нимаси нашъа қилади? Ҳатто душманим ҳам қўлини кўксига қўйиб, ўрнидан туради-да!” деб мириқиб кулгани ҳамон қулоғим остида жаранглаб туради.
Мадҳия учун эълон қилинган танловга Абдулла ака “Қўнғиртовлиқ” тахаллуси билан қатнашган. Саралов уч босқичдан иборат бўлган ва у деярли икки йил давом этди. Ҳар бир босқичда Абдулла аканинг шеърлари юқори ўринларни эгаллади. Тинимсиз меҳнат натижасида мадҳия учун икки шеър ёзилди ва охири “Серқуёш, ҳур ўлкам, элга бахт нажот” деган сатрлар билан бошланадигани танловга тақдим этилди. Мутал Бурҳонов ҳар куни уйимизга келиб, пианинода мусиқани чалиб кўрар ва мадҳияни фарзандларим билан куйлаб, ҳар бир сўзи мусиқага мос тушаётган ёки йўқлигини текширарди. Мадҳиянинг матни ҳам жуда кўп ўзгартирилган, шу вақтгача бир неча вариантини музейларга берганман, уйда яна 50-60 нусхаси сақланиб қолган. Иккинчи қаватдаги пианинони кўрдингизми? Ёнида эски ёзув машинкаси ҳам бор. Ўша пианинода мадҳия мусиқаси яратилган, ёзув машинкасида эса мен Абдулла аканинг шеърларини териб чиқардим”.
“Маҳаллада дув-дув гап”
“Опаларимнинг айтишича, ҳар янги йилда мадҳиянинг янграшини отам интизорлик билан кутган. Отамга қўштирноқ ичидаги “дўстлари ва шогирдлари” келиб, “Эшитдингизми, янги йилдан мадҳияни ўзгартиришмоқчи экан”, деб гапириб, кўнглини беҳузур қилиб кетар экан. Йил ярмидан бошлаб, 6 ой давомида янги йил келишини диққати ошиб кутар, байрамда мадҳия янграб, унинг матни ўзгармаганини билганидан кейин “Хайрият, қолдиришибди”, деб йиғлаб юборар экан, — дейди шоирнинг кенжа қизи Рухсора Орипова. — Аям 17 ёшида турмушга чиққан бўлса, отамга умрини, ҳаётини бағишлади. 50 йил бирга, елкама-елка яшаб, турмуш ташвишларини, ҳаётнинг аччиқ ва ширин туҳфаларини опичлаб ўтган. Бир суҳбатда отамдан аям ҳақида сўрашганида: “Энди мен бу ерда келинойингизни мақтаб ўтирсам, рўзғорнинг эгасига тўғри келмайди. Лекин бор гапни азбаройи холис айтишим лозим. Холислик шу маънодаки, ўзимга, ўзимнинг ҳаётимга баҳо беришим керак. Мен осон феъллик ёки жуда силлиқ ҳаёт йўлидан ўтган эмасман-да. Кўп етишмовчиликларни, жуда кўп ғамгин вақтларни кўрдим. Ҳатто яшашдан тўйдим деган хулосаларга келган дақиқаларим бўлди. Осмон йироқ, ер қаттиқ. Мени ҳимоя қиладиганларнинг ҳаммаси қочиб кетган вақтлар бўлди. Шунда мени биттагина янгангиз ҳимоя қилди, доимо бирга бўлди ва мени ҳалиги энг қайғули ва оғир хулосалардан қайтарди. Балким жонимга қасд қилишим мумкин эди. Ҳозир ҳам шундай дақиқалар бўлади. Буни мен ақл билан енгаман, ҳаракат қиламан. Шунинг учун менга қанча оғир бўлган бўлса, янгангизга ундан ҳам оғир бўлди. Мана шу хулосамни ўзиёқ кўп нарсани билдирса керак”, деб жавоб берган эди.
Энг кичик фарзанд бўлганим учун ота- онам меҳрининг қаймоғини татиганман, десам муболаға бўлмайди. Учрашув ва тадбирларда кўпинча отам билан бирга иштирок этардим. Отам бутун борлиғи билан халқники эди. Учрашувларда, сафарларда уни одамлар ўраб оларди. Мен четда қолиб кетаверардим. Эсимда, Наманган вилояти Поп туманига борганимизда одамлар ўраб олиб, дастхатлар олди. Шоирнинг қизи эканимни билиб қолиб, мендан ҳам дастхат сўрашган. Роса хижолат бўлганман. Уйимиз доим меҳмонлар билан гавжум бўлар эди. Оилавий байрамларда, янги йил кечаси ҳам дастурхон тузаб, бутун оила жам бўлиб ўтирганимизда шогирдлари, мухлислари кириб келарди. Тонготар шеърхонлик, адабий гурунг бўлар ва буни биз табиий ҳол деб қабул қилардик. Абдулла Орипов бизнинг отамиз ва халқнинг шоири эди. Шунинг учун отам билан одамлар исталган пайт гаплаша олади деб ўйлар эдим. У шу қадар таниқли эдики, кейинчалик эл орасида унга доир турли кулгили миш-мишлар, тўқиб чиқарилган воқеалар тарқалиб кетди.
Бир куни уюшмага бир момо келди. Суҳбат орасида тўсатдан:
— Абдулла Ориповнинг “Юзма-юз” китобини ўқиганмисизлар? — деб сўраб қолди. Ҳамкасбларим ҳазил-чин аралаш:
— Мана, шоиримизнинг қизи бўлади, — деди.
Момо менга синчиклаб қараб турди-да, “Ростдан ҳам қизимисиз?” деб ҳайратланди. Тасдиқлаш маъносида бошимни силкитдим. Шунда у аёл худди ҳамма нарсани аниқ билгандек гап бошлаб юборди:
— Отангиз бир арман қизини қаттиқ севган. Отаси бермаган. Шунинг учун “Нечун тим қорадур арман кўзлари”, деб армонли шеърлар ёзган. “Биринчи муҳаббатим”ни шу қизга бағишлаган. Кейин бир ўзбек қизини топиб, бахтли бўлиб кетган…
У шунчалик ишонч билан гапирардики, гўё ўша воқеалар тепасида ўзи тургандай. Мен эса шунчаки жилмайиб қўйдим. Аслида, айтган шеърлари “Биринчи муҳаббатим” шеъридан анча кейин ёзилган. Арманистонга сафар ҳам турмуш қурганларидан сўнг бўлган. Одамлар отам ҳақида турли “хотира”лар тўқийди. Шундай пайтлар отамнинг сатрлари ёдимга тушади: “Инсон болалари барибир содда”. Баъзилар шоирни турли афсоналар орқали севишни истайди. Ким билади, балки бу ҳам муҳаббатнинг бир кўринишидир”.
Руҳият ранглари инкишофи
Абдулла Орипов шоир сифатида шеърият ихлосмандларининг кўз ўнгида шаклланди. 1965 йилда ёш шоирнинг биринчи шеърий тўплами — “Митти юлдуз” чоп этилганда филология фанлари доктори Салоҳиддин Мамажонов қуйидагиларни қайд этган: “Шоир воқеликни бутун мураккаблиги, ички зиддиятлари орқали кўради, ундаги гўзаллик ва хунук томонлар, қийинчиликлар ва мушкулотларни идрок этиб, олдинга сураётган ғоясини ана шу мушкулотлар ичидан олиб ўтиб ифодалайди ва унинг ишонарли чиқишига эришади”.
Иброҳим Ғафуров шоирнинг иккинчи тўплами — “Кўзларим йўлингда” ҳақидаги тақризида ёш шоир шеърларининг фалсафийлиги, лирик қаҳрамоннинг дард ва интилишлари, замон ҳақида, келажак ҳақидаги ўйларининг акс этиши тўғрисида сўз юритади.
Таниқли адиб Дониёр Бегимқулов айтадики, “Шоирнинг бутун ижоди инсон закоси, унинг сир-синоати, англаб бўлмас сеҳру жодуси, юксаклиги ва тубанлиги қаршисида лол бўлган қалбнинг ҳайратидек таассурот қолдиради”.
“Отамда ишдан келдим, дам оламан деган гап йўқ эди. Меҳмонлар, шогирдлар, қариндошлар келиб-кетса ҳам ҳар биримизга алоҳида вақт топарди. Нимага қизиқамиз, нега кайфиятимиз йўқ, нимадан қийналяпмиз, ўқишимиз қандай? Отам биз билан бир бутунлигини англатиб турарди. Жуда меҳрибон эди. Ўз ўрнида қаттиққўллиги ҳам бор эди, албатта. Жаҳли чиққанда ёки кайфияти бўлмаганида олдида аямдан бошқа ҳеч ким қолмас, ҳаммамиз хонамизга кириб, жим ўтирар эдик. Отамдан бирор нима сўраш учун аямга мурожаат қилардик. Аям ўзи хайрихоҳ бўлган масалада рухсат берар ва отамни огоҳлантирарди. “Отанг билади, отангдан ўзинг сўра”, деса, бормайсан ёки қилмайсан дегани эди. Отам ўзи эшитиб қолса, рухсат бериб юборишини билсак-да, барибир ўзига тўғридан тўғри мурожаат қилишга ҳайиқардик, — дейди Рухсора Орипова. — Ўзига яраша инжиқликлари ҳам бор эди. Ҳазилкаш, жуда болажон эди. Болалар билан уйга келсак, невараларини ўйнатиб, чарчаб, “Келсаларинг бир хурсанд бўламан, кетсаларинг яна бир хурсанд бўламан”, деб ҳазиллашарди. Аммо уйга етмасимиздан қўнғироқ қилиб, “Энди қачон келасизлар?”, деб сўрарди. “Ота, ҳозир келдим-ку уйга”, дердим кулиб.
Филология фанлари доктори Бегали Қосимовга келин бўлганман. Турмуш ўртоғим домланинг кенжа ўғли. Кўзининг олдида катта бўлган. “Бу иккаласи ўзи ёш бола-ю, иккита боласи бор-а. Қачон қараса, истироҳат боғларида айланиб юради, болалари қолиб, ўзлари ўйнаб кетади”, деб биз, икки кенжанинг устидан ҳазиллашарди. Иккинчи ўғлим Ойбек ўша пайтлар кичкина невара эди. “Ойбек домла, устоз”, деб алоҳида яхши кўрарди.
Отам гўё узоқ сафарга кетган-у, ҳали замон келиб қоладигандек. Ётоқхонаси иккинчи қаватда жойлашган. У ердаги кийимлари, ўзингиз кўришингиз мумкин, қандай турган бўлса, шу ҳолатда сақланган. Онам қаторларини ҳам ўзгартирмаган. Худди бир нарсанинг жойини алмаштириб қўйсак, отам кейин қидириб қоладигандек туюлаверади. Тут шинниси ва асални яхши кўрарди, шунинг учун мана бу шинниларга ҳам тегмаганмиз, салкам ўн йилдан буён турибди.
Ҳар бир гапдан, вазиятдан отамнинг ўгити чиқиб келаверади, шеърларидан жавоб оламиз, ўзимизча хулоса чиқарамиз. Отамсиз кунимиз йўқ ҳозир ҳам. Онгимизда, қалбимизда биз билан доимо бирга. Соғинганда исталган шеърларини ўқийман, уларда отамнинг тафти, ҳислари мужассам. Катта-катта шеърларининг юкини, залворини юракдан ўтказаман, “Мана бу жойида нима демоқчи бўлгансиз?” деб нега вақтида сўраб олмаган эканман-а деб қўяман баъзида”.
— Отамнинг ижод қилмаган вақти кам бўлган. Доим ижод билан машғул бўларди. Лекин бошқа ижодкорлар каби бизга сен кирма, ё бўлмаса, онамга, болаларни ол, мен ижод қиляпман демас эди. Аксинча, биз, қизлар отамнинг котибаси эдик. Баъзан айтиб туриб ёздирарди. Аммо шеърларни қайта ишлаш жараёнида ёлғиз қолишни маъқул кўрарди. Таҳрир жараёнида биз ёзиб олган шеърлар баъзан бутунлай ўзгариб кетарди, — дейди Абдулла Ориповнинг қизи Юлдуз Орипова. — Отам жуда таъсирчан, нозиктаъб киши эди. Уларга бирор муаммони гапиришга ийманардик. Шу боис, уйдаги маиший муаммоларни аямга айтардик. Агар каттароқ масала бўлса, охири отамга айтиларди. Шундаям аям орқали айттирганмиз. Отамнинг кўнглини авайлаганмиз, уни безовта қилавермаганмиз. Аммо ҳар қандай масалада отамнинг олдига борсак, ижобий жавоб олишимиз аниқ эди. Отам охирги илинжимиз эди. Унга шахсий фикримиз доимо қизиқ ва муҳим бўлган.
Етаклашиб қатор ва қатор, йўлдан ўтди етмиш беш баҳор…
Шоирнинг АҚШда истиқомат қилувчи қизи Мавлуда Орипова ўз хотираларида шоирнинг сўнгги кунларини бундай эслайди: “Отам уйимизга келганида жуда хурсанд бўлди. Турмушимни, тинч ва осуда яшаётганимни кўриб, кўнгли хотиржам тортди. Ҳаммамиз хурсанд эдик. Улар келиши билан хонадонимиз файзга тўлди. Отамнинг аҳволи яхши, ҳар куни шеърлар ёзади, болаларим билан ўйнайди, ширин-ширин суҳбатлар қурамиз. Америкадаги ўзбеклар билан йиғилиб, сайил уюштирдик. Ота-онам бирга қатнашди, отам шеър ўқиди. Меҳмонлар ҳам хурсанд бўлди… Отамнинг охирги кунлари хотираси қалбимни ҳануз тилкалайди. Ҳаммаси тўсатдан бўлди. Профилактика учун шифокорлар текширувидан ўтаётганимизда: “Илгаридан эшитганим бор, ҳар бир одамнинг юрагида жон қуши бўлади. Агар одам шу қушнинг овозини эшитса, хайрли эмасдир. Менинг ҳам жон қушим чирқираб ётибди, қизим”, деди. Отамнинг томирини топиш қийин эди. Унинг шу гапларини эшитар эканман, маҳкам бағримга босдим, бошларидан силаб қучоқладим. Отамни ҳеч кимга бергим келмасди. Умрининг охирида ёзилган шеърларида ҳам ўз ўлимини башорат қилгандай эди:
Етаклашиб қатор ва қатор,
Йўлдан ўтди етмиш беш баҳор.
У баҳорлар меники эди,
Болам, бари сеники энди…
Бугун ушбу мунаввар гўшаларни миллий ўзликни асраб қолувчи тирик маънавият қўрғонлари сифатида эъзозлаш, уларни келажак авлодга ҳеч бир ўзгаришсиз, бор салобати билан етказиш ҳар биримизнинг масъулиятимизга айланиши лозим.
Уй-музейга ташриф буюриш ўтмиш билан юзма-юз мулоқот қилиш, миллат фидойилари қолдирган меросдан руҳий қувват олиш демак. Шу боис, бу каби масканлар ҳар бир юртдошимиз учун тафаккур қилиш, аждодлар изтироби ва қувончини ҳис қилиш учун айни муддао ва бебаҳо имкониятдир.
Азизбек ЮСУПОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири